Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:34

Украина байроғи: Тошкентдаги хонадон балконидан юлиб олинган "нейтраллик"


24 май куни Тошкентдаги кўп қаватли уйнинг саккизинчи қаватидаги хонадон балконига илинган Украина байроғи махсус кран орқали олиб ташланди.
24 май куни Тошкентдаги кўп қаватли уйнинг саккизинчи қаватидаги хонадон балконига илинган Украина байроғи махсус кран орқали олиб ташланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни “ЎзЛиДеП” қурултойида давлат байроғидан фақат байрам ва маросимларда ёки спорт мусобақаларида кўтаришда фойдаланилаётгани, эндиликда эса унинг ҳар бир хонадонда ҳилпираб туришига рухсат берувчи ҳужжатни қабул қилиш вақти етганини айтди.

Мирзиёевнинг баёноти Тошкентдаги хонадонлардан бирининг балконига илинган Украина байроғининг олиб ташланиши тармоқда қизғин муҳокама қилинаётган паллада янгради.

24 май куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани, "Новомосковская" турар-жой мажмуасидаги кўп қаватли уйнинг саккизинчи қаватидаги хонадон балконига илинган Украина байроғи махсус кран воситасида олиб ташланди.

Бу вақтда уй эгаси Режеп Латипов оиласи билан Туркияда дам олишда бўлган. Ички ишлар ходимлари хонадон эгасига телефон қилиб, ундан “Украина фуқаросимисиз?” деб сўраган. “Йўқ, Ўзбекистон фуқаросиман” деган жавоб олингач, унинг балконидаги илиниб турган Украина байроғи олиб ташланишини айтишган.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу ҳаракатидан жунбушга келган тармоқ фойдаланувчилари “Бу иш қонунийми?”, “Наҳотки, Россиядан қўрқиш шу даражада бўлса?", "Ички ишлар нега қизил байроқларни олиб ташлашни талаб қилмайди?" деган саволларни беришмоқда.

Ўзбекистон Давлат байроғи тўғрисидаги қонунга кўра, миллий байроқни фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, президент ва бошқа раҳбарлар девонларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, байрам ва тантаналарда, спорт мусобақаларида кўтаришга рухсат берилган.

Аммо ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари ва хусусий уйларда Ўзбекистон байроғини кўтаришга рухсат берилмаган.

Айни пайтда мавжуд қонунчиликка кўра, бирон ўзбекистонликнинг бошқа давлат байроғини ўз уйига илиб қўйиши – ҳуқуқбузарлик эмас.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида 24 май куни юз берган ҳодиса ҳақида тармоқ фаолларидан иборат норасмий "Украинани қўллаб-қувватлаш гуруҳи" асосчиси, мустақил таҳлилчи Анвар Назир биринчилардан бўлиб хабар берди.

У байроқни олиб ташлаш ноқонуний хатти-ҳаракат бўлганига эътибор қаратади.

“Бу шахсий мулк бўлиб, байроқ хусусий шахс томонидан шахсий уйининг балконига осиб қўйилган эди. Уй эгаси уйда бўлмаган, ўт ўчирувчилар ва милиция ходимлари қонунга зид равишда, эгаси йўқлигида бировнинг шахсий мулкига очиқчасига шунақа бостириб кириш мумкинми? Нима, бу байроқни осиш жамоат хавфсизлигига таҳдид соладими? Ўзбекистонда Украина байроғи ҳеч қандай қонун ёки қонуности ҳужжатлари билан тақиқланмаган, демак, Ўзбекистон фуқароларини Украина байроғини намойиш қилгани учун ҳар қандай таъқиб қилиш ноқонуний ҳисобланади. Яъни, бу ҳақиқий ўзбошимчалик”, - дейди Анвар Назир.

ЭКСКЛЮЗИВ: "Зеленский Мирзиёевни таклиф қилган"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:38 0:00

Ўзбекистон ҳукумати Украина–Россия урушида ўзининг нейтрал позицияда эканини таъкидлаб келади. Аммо ўтган йили АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Дэниел Розенблум Ўзбекистон маҳаллий матбуотга берган интервьюсида расмий Тошкент Украинадан кўра Россияга яқинлик кўрсатаётганини айтиб, Ўзбекистоннинг нейтраллигини савол остига олган эди.

Икки ой аввал Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат мажлисида қилган чиқишида “катта давлатлар Ўзбекистондан "сен ким томондасан?" деб сўраётганини айтган.

"Бўлди энди, ёки у томонга ўтгин, ёки бу томонга ўтгин”, деяпти. Саволга жавоб битта: бир томонман! Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимни манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман деб жавоб бераман", - деган Мирзиёев.

Ўзбекистонлик журналист Марина Козлованинг айтишича, ўзбек расмийларининг ҳаракатларида нейтраллик кузатилмайди.

“Бир давлат иккинчи давлатга бостириб кириб, аҳолисини қирғин қилишига қандай қилиб нейтрал қараб туриш мумкин? Лекин, Тошкент нейтрал ҳам бўлаётгани йўқ. Тўлиқ дея олмайман, аммо сезиларли даражада Россия томонида экани кўриниб қоляпти.

Уруш бошланганидан бери Мирзиёев ва Зеленский ўртасида бирон телефон мулоқот бўлганини эслолмайман. Лекин, Мирзиёев Путин билан мунтазам алоқада, Тошкент раҳбари Москвага серқатнов. Сўнгги бор Мирзиёев 9 май куни халқаро суд томонидан ҳарбий жиноятчи сифатида ҳибсга олишга ордер берилган Владимир Путин ёнида турди. Ўзбекистоннинг Россия томонида эканининг белгиси фақат шу эмас. Урушнинг ашаддий қўллаб қувватловчиларига Тошкент қучоқ очмоқда. Путиннинг энг ашаддий тарғиботчиси, режиссёр Никита Михалковга Тошкентдаги “Рус сезони” фестивали доирасида тўн кийгизишди. Бундан олдин Тошкентда ўтказилган гимнастика мусобоқасида Путиннинг завжаси Алина Кабаева Ўзбекистон президенти қизи Саида Мирзиёева билан минбарда ёнма-ён ўтирганини кўрдик. 9 май куни Тошкентда Россия байроқларини, СССР байроқларини кўтариб чиқишди, кўксига георгий ленталарини тақиб чиқишди. Биров уларга байроқни олиб ташла, дедими? ”.

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати, кимнингдир ҳеч кимга кўринмайдиган балконида осилиб турган Украина байроғини олиб ташлаб, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, манфаатлари ва қадриятлари учун ҳуқуқий зиддият ва муаммо яратган.

“Нейтраллик” – бу давлатнинг позицияси. Яъни ҳукуматнинг, ҳокимиятнинг позицияси. Лекин Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига кўра, халқ, жамият эркин бўлиши, ҳокимият мана шу эркинликни таъминлаши керак.

Нейтраллик халққа нисбатан жорий қилиниши мумкин эмас. Оддий одамлардан “урушда ҳеч кимнинг тарафида турманг!” дейиш ғалати бўлади. Буни талаб қилиш ва таъминлаш – давлатнинг ҳуқуқий эмаслигини билдиради, одамлардан эркин фикрлаш ва қадриятларини ифода қилиш ҳуқуқини олиб қўйганини англатади", деб ёзди Раббимов.

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко.
Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко.

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко Озодликка Тошкентдаги байроқ можароси ҳақида изоҳ беришни хоҳламади.

“Сиз яхшиси, бу ҳақда Тошкент ҳокимлиги ёки Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ё-да Ички ишлар вазирлигидан сўранг”, - деди украин элчиси Озодлик сўровига жавобан.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳам Тошкент ҳокимлиги ҳам ҳусусий уй балконига илинган Украина байроғи нега олиб ташланганини изоҳламади.

Форум

XS
SM
MD
LG