Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:42

Америкалик инвесторлар Тошкент шаҳар ҳокимини "рейдерлик босқини"да айбламоқда


10 август кунги бузиш ишларига 30 дан ошиқ одам жалб қилинган
10 август кунги бузиш ишларига 30 дан ошиқ одам жалб қилинган

10 август куни Altromark хорижий ширкатининг Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган ишлаб чиқариш цехларига бульдозерлар ташланди.

1991 йилдан то 2018 йилга қадар ногиронлар аравачасидан тортиб метал уйчаларга қадар турли-туман конструкциялар ишлаб чиқарган Altromark цехлари жойлашган 3 гектарлик ер майдонининг тақдири уч йилдан буён суд маҳкамаларида кўрилади.

Жорий йил 3 март куни Туманлараро Тошкент маъмурий суди ширкатнинг Оҳанграбо кўчаси 12А манзилида жойлашган цехларини бузишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарган.

Айни пайтда Ўзбекистон Олий суди шу йил апрелида Altromark ходимларини ҳудуддан чиқариш ҳақида қарор чиқарган.

Ходимларни ҳудуддан чиқариш эмас¸ балки ширкат мулкини бузиб ташлаш¸ Altromarkнинг Олий суд қарори устидан берган апелляцияси ҳали кўриб чиқилаëтган бир пайтда амалга оширилди.

Воқеани “мисли кўрилмаган бедодлик ва рейдерлик босқини” деб баҳолаган ширкат мулкдорлари унинг ортида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев турганини иддао қилмоқда.

10 август кунги “босқин”

10 август куни Америкалик инвесторлар 1991 йилда асос солган Altromark ширкатининг Тошкент шаҳар Яшнобод туман Оҳанграбо кўчасида жойлашган икки қаватли ишлаб чиқариш цехларини бузиш бошланди.

3 август куни айни муддао билан келган МИБ ходимлари бузиш ҳақидаги суд қарорини тақдим қила олмагани ортидан цехларни бузишга ботинмай, ортга қайтган эди.

Altromark масъулияти чекланган жамият -хорижий корхона (МЧЖ ХК) директори Сергей Александровга кўра¸ 10 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ МИБ ва ИИВ ходимлари иштирокида тадбиркор мулкига очиқ тажовуз бошланган.

11 август куни Озодлик билан суҳбатда Александров бу воқеани “мисли кўрилмаган бедодлик ва рейдерлик босқини” деб атади.

- Ҳокимият билан орамизда қонунда кўзда тутилган бирор-бир ëзма келишув йўқ! Бундай келишув мулкимизни бузиш эвазига унга тенг қийматдаги ер ажратиш¸ бузишдан ва ишлаб чиқариш тўхтатилганидан кейин етказилган молиявий зарарни тўлиқ қоплаш¸ кўчиш харажатлари каби жиҳатларни ўз ичига олиши ва нотариал идора тасдиғидан ўтиши шарт. Ана шундан сўнг кимдир ўз зиммасига олган шартни бажармаса¸ шу асосда судлашиш мумкин. Бундай ҳужжат эса¸ мутлақо йўқ!

Сергей Александров Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев¸ шунингдек Яшнобод туман ҳокими қарийб уч йилдан бери муаммони ҳал қилиш ҳақида қуруқ гапдан нарига ўтмай келганини айтади.

- Бизнинг ширкат 3 гектар ерда жойлашган. Ундан фақат 1.2 гектаринигина метро қурилиши учун олиб қўйиш ҳақида суд қарори бор. Булар қолганини ҳам қўшиб¸ тортиб олмоқчи. Ҳозир Яшнобод ҳудудидаги 3 гектар ер баҳосининг ўзигина 6 миллион доллардан ошиқ туради. Шунча қиммат ер ўрнига Тошкент ҳокимлиги вилоят чеккасидан узуқ-юлуқ ер беришни таклиф қилди. Табиийки¸ биз бунга кўнмадик¸- дейди Александров.

Мазкур ҳудудда бизнес қилаëтган тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилган таниқли адвокат Сергей Майоров Олий суд ва бошқа инстанция судларни ҳокимият босими остида ноқонуний қарор чиқарганликда айблади.

Агар давлат ва жамият эҳтиëжи учун зарур бўлса¸ Altromark ўз ҳудудини давлатга бериши керак. Аммо ер участкаларини олиб қўйиш тартибига оид 911-қарор бор. Ўз ҳудудидан кўчириладиган бизнес тизимларга рисоладагидай компенсация тўланиши лозим. Аммо Altromarkка бундай компенсация берилгани йўқ”¸ деди Майоров Новости Узбекистана нашрига.

Altromark МЧЖ ХК 2018 йилда ишлаб чиқариш цехлари жойлашган ҳудуд бузилишга берилганидан бери ҳокимият билан судлашиб келмоқда.

2020 йил августида Озодлик америкалик инвесторларнинг бу жараëндан кўзлаëтган ягона мақсади қонунда кўрсатилган тартибда компенсация тўланишига эришиш экани ҳақида ëзган эди.

Орадан бир йил ўтиб¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги муаммога ҳуқуқий ечим топиш ўрнига¸ адвокат Майоров ва тадбиркор таъкидича¸ ноқонуний¸ агрессия йўлига ўтди.

Ўзбекистондаги Акфа/Артел бизнес корпорациялари эгаси бўлган Тошкент шаҳар ҳокими ўзини тадбиркорлар ҳимоячиси сифатида тақдим этиб келади.

Айни пайтда Озодлик ва бошқа мустақил тадқиқотчилар ўтказган суриштирувлар Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт Тошкент ва унинг атрофидаги ерларни турли баҳоналар билан ўзига алоқадор компанияларга олиб бераëтганини кўрсатмоқда.

Ортиқхўжаевнинг ҳоким сифатида амалга ошираëтган манфаатлар тўқнашувига Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашга ваколатли тизимлар бирор муносабат билдирмай келаëтир.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент Шавкат Мирзиëев ва унинг оиласига энг яқин ҳокимлардан бири экани айтилади.

Ўзбекистондаги йирик бизнес империя эгасини Ўзбекистон пойтахтига ҳоким қилиб тайинлаш ғояси шахсан Мирзиëевдан чиққан. 2018 йил майида президент Мирзиёев Ортиқхўжаевни "тадбиркордан чиққан ва Тошкентни йирик бизнес марказига айлантиришга лаёқатли" раҳбар сифатида тақдим қилган эди.

XS
SM
MD
LG