Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Тоқаев: Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Нур-Султон, “дунёнинг аксар мамлакатлари каби” Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади, деб ёзди Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 март куни АҚШнинг National Interest журналида эълон қилинган “Евроосиёдаги беқарорлик Қозоғистон тараққиётини сусайтирмайди” номли мақоласида.

“Қозоғистон ва Россия дунёда энг узун қуруқлик чегараларига эга давлатлар ўлароқ икки томонлама ҳамкорликда хос алоқаларни қўллаб-қувватлайди. Айни чоғда бизда Украина билан ҳам дўстона муносабатларнинг чуқур анъаналари шаклланган. Ва биз, дунёнинг аксар мамлакатлари каби, унинг ҳудудий бутлигини ҳурмат қиламиз”, дейилади мақолада.

Тоқаев мақолада Россиянинг Украинага босқинини “уруш” деб атайди. Россияда ҳукумат “махсус ҳарбий амалиёт” ўтказилаётганини иддао қилиб, Украинада юз бераётган воқеаларга нисбатан “уруш” калимасини қўллашни тақиқлаб қўйган.

Тоқаев, шунингдек, “можаро БМТ Низомига мувофиқ тезда ва одилона бартараф этилиши”дан умидворлигини билдирар экан, Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленский билан тўғридан-тўғри алоқаларни сусайтирмасдан, уларни ўзаро мулоқот ва муросага чақирганини таъкидлайди. “Қозоғистон ўзининг халқаро воситачи ролини давом эттиришга тайёр ва қодир”, дейди Тоқаев.

Икки йил муқаддам Тоқаев Deutsche Welle журналистига берган интервьюсида шундай деган эди: “Биз Қримда рўй берган воқеаларни аннексия демаймиз. Биз бўлган ишни “бўлди” деймиз. “Аннексия” – Қримга нисбатан қўллаш учун ўта оғир сўз”.

Президентнинг бундай позицияси мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам жиддий танқидга учради. Расмий Киев Тоқаевнинг сўзларини “жуда оғир ботадиган сўзлар” деб атаб, улар икки томонлама муносабатлар принципларига терслигини урғулади.

Россия Украинага ҳужум қилган илк кунларда ҳарбий босқинчиликка изоҳ беришдан қочган Қозоғистон раҳбарияти сўнгги пайтларда ўз позициясини лоақал халқаро аудиторияга очиқлашга уринмоқда. Ўтган ҳафтада Тоқаев маъмурияти раҳбарининг биринчи муовини Тимур Сулейменов ҳам, Брюсселга сафари чоғида EURACTIV news нашрига интервью бераркан, “Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши”ни, мамлакат Қрим аннексиясини ҳам, Украина шарқидаги “ДХР” ва “ЛХР” бўлгинчи тузилмалар мустақиллигини ҳам “тан олмагани ва тан олмоқчи эмас”лигини айтган эди.

Шунингдек, Сулейменов Қозоғистон Россия етакчилик қиладиган Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси бўлса-да, Украинага қўшин киритгани муносабати билан Ғарб мамлакатлари томонидан жорий этилган санкцияларга “чап бериш”да Москвага ёрдам бермаслигини маълум қилди.

Москванинг эски иттифоқчиси ва КХШТ аъзоси бўлмиш Нур-Султон қўшнисининг босқинчилигини қоралаб чиқмади. Мамлакат БМТнинг Россия қўшинларини Украинадан олиб чиқиб кетиш талаб қилинган икки резолюциясига овоз беришда бетараф қолди. Қозоғистон ТИВ раҳбари Мухтор Тлеуберди эса 5 апрель куни Озодликнинг қозоқ хизмати саволига жавобан “бетарафлик ҳам позиция”лигини айтди ва буни “миллий манфаатлар тақазоси” билан изоҳлади.

Тоқаевнинг National Interest журналида чоп этилган мақоласининг катта қисми 16 март куни парламентда тақдим этилган ўзгаришлар режасига бағишланган. У Қозоғистонда “тизим, ўтмишда бўлганидек, маълум бир гуруҳга эмас, балки барчага хизмат қилиши лозим”лигини таъкидларкан, салафи Нурсултон Назарбоев даврида давлат бошқарувида камчиликлар бўлгани сабабли мамлакат бойликлари “тор доирадаги одамлар” қўлида тўпланганига шама қилган.

Тоқаев мақоласида мамлакатда энг муҳим органлар – президент маъмурияти, парламент, маҳаллий маъмуриятлар, шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари “пухта ислоҳ қилиниши” дарагини берган, шунингдек, “қийноқларга мутлақо тоқатсиз тизим” яратилишини ваъда қилган.

Тоқаев Қозоғистонда сиёсий ҳокимият “қайта мувозанатга солиниб”, “суперпрезидентлик” бошқарув моделидан “мўътадил президентлик” моделига ўтиш кутилаётганини билдирган. Бундан ташқари, Қозоғистон раҳбари, ўз таъбирича, парламентни кучайтириш мақсадида қабул қилиш кўзда тутилган конституциявий қонунлар ҳақида маълумот берган.

Танқидчиларга кўра, Тоқаев бошлаган ислоҳотлар “юзаки” бўлиб, тизимнинг автократик табиатини ўзгартирмайди.

XS
SM
MD
LG