Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:40

Толибон таҳдиди: Ўзбекистон яна КХШТга қайтадими?


Жорий ой бошида Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон тожик-афғон чегарасида уч томонлама қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди.
Жорий ой бошида Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон тожик-афғон чегарасида уч томонлама қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди.

23 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг навбатдан ташқари видеосаммитида иштирок этди.

Расмий хабарга кўра, Мирзиëев "яқин ҳамкор давлатлар ва минтақадаги қўшнилар томонидан Афғонистонда туғилган эҳтимолий таҳдидларга жавоб қайтариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан чуқур танишиш" мақсадида КХШТ саммитида “меҳмон” мақомида қатнашган.

Жорий ой Афғонистон аксар ҳудудлари¸ хусусан¸ унинг Ўзбекистон¸ Тожикистон ва Туркманистонга туташ шимолий ҳудудлари бирин-кетин Толибон назоратига ўтиши ортидан зиддиятнинг минтақа давлатларига ёйилиш эҳтимоли пайдо бўлди.

Бу эҳтимолни таъкидлаëтган Россия ҳукумати Марказий Осиëдаги ўз ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда; КХШТни бу таҳликага қарши туришнинг асосий кафолати сифатида тақдим этмоқда. Айни пайтда Москва АҚШ ҳарбийларининг Марказий Осиëни Афғонистондан туғиладиган янги таҳдидларни бартараф этишдаги ҳамкорлик таклифига тиш-тирноғи билан қаршилик қилмоқда.

Бундай вазиятда¸ Озодлик гаплашган таҳлилчилар¸ Ўзбекистоннинг яқин келажакда яна бир бор Россия етовидаги ҳарбий иттифоққа қўшилишини тахмин қилмоқда.

Ҳозирча “меҳмон”...

КХШТга аъзо давлат раҳбарларининг 23 август кунги видеоконференция форматидаги саммити ҳақида ëзган Россия нашрлари¸ мажлис иштирокчиларининг Афғонистондаги жорий вазият ҳарбий иттифоқ аъзолари хавфсизлигига реал таҳдид экани ҳақида гапирганини таъкидлади.

Видеоконференцияда иттифоққа аъзо Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентлари ва унга аъзо бўлмаган Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этди. Толибон назоратига ўтган Афғонистон билан 800 кмдан узунроқ чегарага эга бўлган Туркманистон президенти бу мажлисда бирор бир мақомда қатнашмади.

Айтилишича¸ 23 август кунги йиғинда «радикал исломчиларнинг Афғонистон ҳудудидан КХШТ га аъзо давлатлар ҳудудига кириш ва улар фуқароларини интернет ва ижтимоий тармоқ воситасида экстремистлар сафига қўшилишга даъват қилиши олдини олишнинг муҳимлиги” таъкидланган.

Президентлар шунингдек¸ “Ислом давлати” террор ташкилотининг Афғонистон ҳудудида фаоллигидан хавотир билдирган.

Айни пайтда расмий Тошкент Мирзиëевнинг видеосаммит иштирокчиларини ўзбек-афғон чегарасининг ишончли қўриқланаëтганидан хабардор қилганини билдирди. Айтилишича Ўзбекистон президенти афғон йўналиши бўйича минтақа давлатларининг тегишли тизимлари ўртасида тезкор ахборот алмашинуви яхши йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаган.

Душанба кунги мажлис давомида КХШТ давлатларининг Афғонистондан туғилаëтган таҳликаларга нисбатан биргаликда кўрадиган тезкор чораларини ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берилган.

Россия нашрларига кўра¸ бу чора тадбирлар 16 сентябрь куни Душанбеда ўтказиладиган КХШТ саммитига қадар тайëр бўлади ва президентлар муҳокамасига қўйилади.

Ўзбекистон президентининг Россия етовидаги ҳарбий иттифоқнинг Душанбе саммитида ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

Ўзбекистон яна КХШТга қайтадими?

Мирзиëевнинг КХШТ видеосаммитида қатнашгани Афғонистоннинг Толибон ишғолига ўтишидан туғилaдиган таҳликалар Ўзбекистонни КХШТга қайтишга мажбурлаши ҳақидаги фикрларни кучайтирмай қолмади.

Айрим таҳлилчилар Афғонистондаги жорий вазиятни Ўзбекистон мустақил ташқи сиëсатининг “интиҳоси” сифатида баҳоламоқда.

Путин Мирзиëев бўйнига сиртмоқ солди¸ энди уни тортиш қолди¸ холос. Кейинги ҳафталар давомида Тошкент ваҳима ва қўрқувнинг кучли таъсирида қолган кўринади. Афтидан¸ Ўзбекистон ўз армиясининг ҳимоя қудратига ўз ишончини ўзи йўқотмоқда”¸ деб ëзди Лондондаги таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Бу каби фикрларга эътироз билдираëтган маҳаллий кузатувчилар Ўзбекистоннинг ташқи сиëсат доктринаси ўзгаришсиз қолаëтганини таъкидлаб¸ Мирзиëев ҳукуматининг ҳарбий иттифоқларга қўшилмаслик принципида қатъий эканига ишонч билдирмоқда.

Бундай ишончга эса¸ Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолият концепциясидан олинган мана бу банд асос қилиб келтирилмоқда:

Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”¸ дейилади жумладан.

Ўзбекистон¸ агар айрим таҳлилчилар тахмин қилаëтган каби КХШТ аъзолигига қайтса¸ бу унинг айни иттифоққа учинчи бор янгидан қўшилиши бўлади.

Ўзаро ҳарбий ҳамкорликни сақлаб қолиш учун 1992 йил 15 май куни Тошкентда постсовет давлатларидан олтитаси - Россия¸ Арманистон¸ Ўзбекистон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Тожикистон коллектив хавфсизлик тўғрисида битим имзолаган эди. Кейинроқ Грузия¸ Озарбайжон ва Беларусь қўшилган бу келишув 1994 йилдан кучга кирган.

Беш йилга тузилган биринчи келишув муддати тугаган 1999 йили Ўзбекистон¸ Озарбайжон ва Грузия ундан чиқишга қарор қилган эди.

Аммо 2005 йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган қонли воқеалар ортидан Россиядан хавфсизлик кафолати истаган Ўзбекистон 2006 йил ëзида КХШТга қайта аъзо бўлди¸ 2012 йил ëзида уни яна тарк этди.

Ислом Каримовнинг КХШТга билан бундай мураккаб муносабати сабаби¸ таҳлилчиларга кўра¸ унда аъзо давлатлар кутадиган даражада хавфсизликка кафил бўла олиш салоҳиятининг йўқлигига бориб тақалади.

Озодлик билан суҳбатда россиялик ҳарбий эксперт Павел Фельгенгауэр КХШТнинг унга аъзо давлатлар хавфсизлиги эмас¸ балки Россия сиëсий манфаатларигагина хизмат қиладиган тизим эканини таъкидлади.

Россия у ëки бу давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш иддаоси билан вазиятга фақат ўз сиëсий манфаатларига хизмат қилган тақдирдагина аралашади. Бунга ўтмишда кўп гувоҳ бўлдик. Шу боис КХШТга қайтиш-қайтмаслик Ўзбекистонга бирор хавфсизлик кафолати беришига ишониш қийин”¸ дейди таҳлилчи.

Айрим Россия нашрларининг КХШТ Бош котибига таяниб ëзишича¸ 23 август кунги видеосаммитда Ўзбекистоннинг аъзоликка қайтиш масаласи муҳокама қилинмаган.

"Ўзбекистон КХШТга аъзоликни қайта тиклаш масаласини кўтармади. Бу масала бўйича ҳозирча мурожаат қилмади. Ҳаммаси¸ биринчи навбатда¸ Ўзбекистон иродасига боғлиқ бўлади"¸ дея иқтибос келтирди РИА Новости агентлиги КХШТ Бош котиби Станислав Засдан.

КХШТ аъзолигидан чиққанига қарамай¸ Ўзбекистон ва Россия ўртасида икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларига оид қатор келишув ва битимлар мавжуд.

Хусусан¸ жорий йил апрелида Ўзбекистон Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан Бухорода 2021−2025 йилларда ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик дастурини имзолаган эди.

Бу келишувлар иттифоқчи саналган Россиянинг Ўзбекистон билан ҳарбий-хавфсизлик соҳасидаги яқин ҳамкорлигига ҳуқуқий замин яратади.

XS
SM
MD
LG