Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:49

Толибоннинг "юзи" бўлган Мулла Бародар ким?


Толибон сиёсий идораси раҳбари бўлган Бародар уруш ва музокара олиб бориш қобилияти билан танилган.
Толибон сиёсий идораси раҳбари бўлган Бародар уруш ва музокара олиб бориш қобилияти билан танилган.

Мулла Бародар ўлароқ танилган Абдул Ғани Бародар Толибон асосчиларидан бири ва гуруҳнинг юқори мартабали етакчисидир. У Афғонистонни қўлга олган Толибон ҳукуматида юқори лавозимни эгаллаши кутилмоқда.

Бародар, шунингдек, Доҳада АҚШ билан битим имзолашда қатнашган Толибон вакилларининг биридир.

1968 йилда Ўрузғон вилоятида туғилган Бародар попалзай қабиласидан бўлиб, дурроний ёки Қандаҳор пушту тилида сўзлайди. Бародар Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай билан бир қабиладандир.

У Толибон мудофаа вазирининг ўринбосари ҳам бўлган.

АҚШда 2001 йилнинг 11 сентябрь куни амалга оширилган террор ҳужумлари ортидан Бародар Афғонистондан Покистонга қочган.

Бародар 2010 йилда АҚШ ва Покистон разведка агентликлари томонидан Карачида ҳибсга олинган ва Покистонда саккиз йил қамоқда ўтирган. АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Залмай Ҳалилзод таклифи билан озодликка чиқарилганди.

2020 йилда АҚШ ва Толибон имзолаган битим Американинг энг узоққа чўзилган урушига якун ясаган эса-да, АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Толибон бир неча ҳафта ичида мамлакатни қўлга олишига замин яратди.

16 август куни Толибон вакили ва музокарачиси Суҳайл Шоҳин «The Associated Press» агентлигига Толибон яқин кунларда «очиқ, инклюзив исломий ҳукумат» тузиш борасида музокара ўтказишини айтди.

Толибон сиёсий идораси бошлиғи бўлиб хизмат қилаётган Бародар гуруҳ вакиллари орасида уруш ва музокара олиб бориш қобилияти билан ҳурмат қозонган.

Бародар 15 август куни қисқа видеобаёнот эълон қилиб, гуруҳнинг ғалабаси кутилмаган даражада тез бўлганини айтди. У халққа хизмат қилиш, унинг муаммоларини ҳал қилиш ҳақиқий синов экани ва бу синов энди бошланаётганини таъкидлади.

Узоқ йиллар давомида толибларни ёритган ва Бародар билан учрашган журналист Сами Юсуфзай Озодликка берган интервьюсида уни шундай тасвирлади:

«Бародар – жуда сипо одам. Мен у билан уч-тўрт марта учрашганман. Жуда дипломатик, фақат керак гапни айтади. Қўлга олинишидан олдин ҳам у Толибон учун жимгина фикр юритган одам сифатида танилган эди. Толибон ичида уни қаттиқ ҳурмат қилишади».

Маълум бўлишича, 2013 йилда Толибон етакчиси Мулла Умар вафотидан кейин Бародар иккинчи энг юқори лавозимли қўмондон бўлиб етишган. У кўп йиллар жамоатчилик назаридан четда юрган ва Толибон исёни стратегиясини тузиш ва гуруҳнинг ҳарбий қўмондонларини тайинлаш билан шуғулланган.

Покистонда ҳибсда сақланаётган пайтида Бародар Қўшма Штатларга жангари гуруҳнинг ички фаолияти тўғрисида «фойдали» маълумот бергани хабар қилинганди.

Бародар 1980‑йилларда Совет Иттифоқи аскарларига қарши жанг қилган. 1996 йилдан 2001 йилгача чўзилган Толибон ҳукмронлиги даврида бир қанча лавозимларни эгаллаган.

Мулла Бародар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан - Тошкент, 10 апрель, 2021
Мулла Бародар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан - Тошкент, 10 апрель, 2021

2009 йилда «Newsweek» нашрига берган интервьюсида Бародар Толибон АҚШ қўшинлари мамлакатдан чиқариб юборилгунга қадар курашишга қатъий қарор қилганини айтганди.

2020 йилнинг март ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Бародар билан 35 дақиқа давомида телефон орқали суҳбатлашиб, суҳбатни «жуда яхши» деб баҳолаган.

Ноябрь ойида Бародар Доҳада АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан учрашди.

У охирги кунларда Афғонистонни 15 августда тарк этган Ашраф Ғани маъмурияти билан олиб борилган муваффақиятсиз музокараларда ҳам қатнашган.

XS
SM
MD
LG