Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:48

Толибон ҳокимиятга қайтди. Бу ёғига нима бўлади?


Афғонистон, Толибон.
Афғонистон, Толибон.

Толибон Кобулга бостириб кириб, президент саройини эгаллаб олди. Шаҳардаги вазият тез суръатда ўзгариб бормоқда. 16 августга ўтар кечаси Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетди, шаҳардаги хавфсизлик кучлари ғойиб бўлди.

Ҳозирча кўп нарса номаълум бўлса-да, қуйида Толибон қўлига ўтган Афғонистон олдида турган муҳим саволларни кўриб чиқамиз.

Демократик йўл билан сайланган Афғонистон ҳукуматига нима бўлди?

Кобулдаги халқаро миқёсда тан олинган ҳукумат деярли қулади.

Президент Ғани 15 август куни Афғонистонни тарк этди. Бу билан президент Кобулни Толибонга топширди. Ғани қўшни Тожикистонга қўнгани ва учинчи давлатга йўл олишни режалаётгани хабар қилинди.

Ғани маъмуриятининг асосий аъзолари, жумладан, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Ҳамдуллоҳ Моҳиб ва президент маъмурий идораси раҳбари Фазил Фазлий ҳам мамлакатни тарк этди.

Ҳукуматнинг баъзи юқори лавозимли амалдорлари, жумладан, вазирлар маҳкамаси вазирлари шаҳарда қолмоқда.

Ҳозир мамлакатни ким бошқаряпти?

15 август куни оқшом Афғонистон хавфсизлик кучлари шаҳарни қисман назорат қилаётгани айтилганди, лекин улар ҳам тезда Толибонга таслим бўлишди.

Кобул атрофида вақти-вақти билан ўқ отилгани ҳақида хабар тарқалди, лекин йирик тўқнашувлар содир бўлмади.

Баъзи афғон аскарлари ва полиция ходимлари постларини ташлаб, формаларини ечаётгани ва қочиб кетаётгани кузатилди.

Толибон жангчилари тез суръатда асосий ҳукумат биноларини қўлга олди. Толибон қўмондонлари Ғани идорасида Афғонистон байроғини олиб ташлаётгани акс этган тасвирлар тарқалди.

Кобул халқаро аэропортини ҳали-ҳануз бир неча минг АҚШ ҳарбийси назорат қилмоқда. Улар чет эллик дипломатлар, хориж фуқаролари ва чет эл ташкилотларида ишлаган афғонларнинг Кобулдан хавфсиз чиқиб кетишини таъминламоқдалар.

Афғонистоннинг Европадаги собиқ дипломатларидан бири Умар Самад «ҳамма жойда хавфсизлик бўлинмалари бор, лекин мамлакат раҳбарлари қочиб кетганидан кейин, уларни бошқарувчи қўмондон йўқ», деди.

15 август куни Афғонистоннинг нуфузли собиқ президенти Ҳамид Карзай «Мувофиқлаштирувчи кенгаш» тузилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу орган ҳокимият тинч йўл билан ўтишини назорат қилади.

Уч кишидан иборат кенгаш таркибига Кобулдаги ҳукуматнинг иккинчи юқори лавозимли расмийси Абдулла Абдулла ва таниқли собиқ дала қўмондони Гулбиддин Ҳикматёр кириши айтилди.

Қандай ҳукумат юзага келиши мумкин?

Афғонистон ички ишлар вазири Абдул Саттор Мирзакавал ҳокимият ўтиш даври маъмуриятига ўтказилишини таъкидлади. Аммо Толибон бу даъволарни бекор қилиб, гуруҳ ҳокимият тўлиқ топширилишини кутаётганини билдирди.

«Мен Толибон тўғридан-тўғри ҳокимиятни ўз қўлига олади ёки толибларнинг ишончли вакилларидан иборат муваққат ҳукумат тузилади, деб қўрқаман», деди Кобулдаги Афғонистон Америка университети профессори Харун Раҳимий.

«Бундай ҳолатда келажакдаги сиёсий тизим инклюзив бўлиши эҳтимолдан йироқ. Бу эса афғон ҳукумати куч билан ўрнатилган ва ноқонуний, деб ҳисобланишига олиб келади».

АҚШ расмийлари агар Толибон ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олса, Вашингтон бундай ҳукуматни тан олмаслигини айтган.

Толибон бундан олдин Ғани истеъфога чиқса, ўтиш даври ҳукуматини тузишни ёқлашини изҳор қилган эди. Аммо улар ўз ваъдаларини бажаришлари номаълум.

«Ғани қочганидан кейин, биз бир-икки кун ичида кенг қамровли тизимга ёки бир партияли тизимга ўтаётганимизни билиб оламиз», деди Самад.

Афғонистон: Кобулда хаос, Толибон Ислом Амирлигини эълон қилишга ҳозирланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:20 0:00

Афғонистон ҳукуматининг собиқ маслаҳатчиси Торек Фарҳодийнинг айтишича, агар вақтинчалик тузилма инклюзив бўлса, Толибон унда асосий ролни эгаллашини кутиш мумкин, лекин бошқа сиёсий кучларга ҳам изн берилиши мумкин. Фарҳодий бундай кучлар Кобулдаги ҳозирги сиёсий элита вакилларидан эмас, балки таниқли бўлмаган шахслар ва манфаатдор томонларни ўз ичига олишини тахмин қилади.

«Толибон, эҳтимол, биз танлаган сиёсий арбоблардан эмас, балки барча вилоятлар ва этник гуруҳлар вакилларидан иборат ҳукуматни тузади», деди Фарҳодий.

Келажак ҳақида нима дейиш мумкин?

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Кобулда Толибон ҳукмрон бўлган ҳукумат пайдо бўлиши эҳтимоли катта.

Толибон 1990‑йилларда ҳокимиятга келганида бошқарув «амир ул-мўминин», яъни мўминлар амири қўлида марказлаштирилганди. Олий раҳбар давлат бошлиғи бўлиб, энг юқори ҳокимиятга эга эди. Бу лавозимни Толибоннинг руҳоний раҳбари ва асосчиси Мулла Умар эгаллаганди.

Толибон демократия ва сайловлар «хорижий импортлар» эканини айтиб, уларни рад этиб келади.

Толибон ўзининг шафқатсиз собиқ режимини тиклайдими ёки йўқ, номаълум. Гуруҳ 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонни бошқарган даврда фундаменталист диндорлар аёлларга зулм ўтказган, этник ва диний озчиликларни қирғин қилган, мусиқа ва телевидениени тақиқлаган.

Дастлабки маълумотлардан толиблар Афғонистоннинг бошқа қўлга олинган шаҳарлари ва қишлоқларида кузатилгани каби, Кобулда ҳам кўплаб репрессив ва эскича қонунларни қайта жорий қилишини хулоса қилиш мумкин.

Толибон аёлларга уйдан ташқарида ишлашни тақиқлади, қизларнинг таълим олишини кескин чеклаб қўйди, аёлларга маҳрамсиз кўчага чиқишни тақиқлади. Ёш қиз-келинлар Толибон жангариларига эрга тегишга мажбурланаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалмоқда.

Лекин толиблар аёлларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишларини ва чет элликларни ҳам, афғонларни ҳам ҳимоя қилишга ваъда бериб, ўзларини мўътадил кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда.

«Биз аҳоли, хусусан, Кобул шаҳридагилар мол-мулки, ҳаёти хавфсиз эканини кафолатлаймиз», деди Толибон матбуот котиби Суҳаил Шаҳин 15 август куни.

Ташқи кучлар таъсири қандай?

Ғарб кучлари 31 августга қадар барча хорижий кучлар мамлакатдан олиб чиқиб кетилганидан кейин ҳам Афғонистонда қолишни ваъда қилишган эди.

«Ваъда қилинганидек, халқаро ҳамжамият 1989–2001 йиллардагидек Афғонистонни тарк этмаслиги жуда муҳим», деди Самад.

«Шунингдек, Толибон халқаро эътибор ва қўлловни сақлаб қоладиган тарзда ўзини тутиши жуда муҳим, айниқса, инсон ҳуқуқлари сиёсати ва сўз эркинлиги каби баъзи асосий эркинликлар бўйича».

Таҳлилчилар фикрича, АҚШ ва бошқа хорижий давлатлар қашшоқ мамлакатга халқаро ёрдам ва гуруҳни расман тан олиш орқали Толибон ҳаракатига таъсир қилиши мумкин. Айримлар Вашингтон Толибон 1990‑йиллардаги каби яккамохов давлатга айланишни истамаслигидан умид қилмоқда.

Толибон бутун мамлакатни қўлга олиш арафасида турганини ҳисобга олсак, халқаро легитимлик толиблар учун қанчалик муҳим ёки муҳим эмаслиги номаълум.

XS
SM
MD
LG