Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:39

Тожикистонда Россия армияси учун ҳарбий кийим-бош тикилмоқда


Хўжанд шаҳридаги "БТК Групп" га алоқадор корхона. Тожикистон, сентябрь, 2023 йил.
Хўжанд шаҳридаги "БТК Групп" га алоқадор корхона. Тожикистон, сентябрь, 2023 йил.

Сўнгги икки йилда “БТК Групп” Тожикистонда 5,5 минг гектар ерни ижарага олган, Украинада жанг қилаётган рус аскарлари учун ҳарбий кийим-бош тикувчи икки тўқимачилик фабрикасига сармоя тиккан, деб ёзади Озодлик радиоси тожик хизмати.

“БТК Групп” Владимир Путинга яқин тадбиркорлардан бири бўлмиш Таймураз Боллоев томонидан 2005 йилда ташкил қилинган. 2024 йил июнда эса Евроиттифоқ “Россиядаги қарор қабул қилувчи муҳим шахслар билан қалин алоқалари учун” Боллоевга қарши манзилли санкциялар қўллади.

“Товар МҲА мақсадлари учун етказиб берилади”

Озодликнинг тожик хизмати ҳамда украин хизматининг “Схеми” лойиҳаси журналистлари қўлга киритган статистика ҳужжатларига кўра, “БТК Групп” Тожикистондан Россияга маҳсулот экспорт қилишни 2022 йилнинг иккинчи ярмида бошлаган ва Россия холдингининг ҳамкори даставвал “Жунтай-Данғара Син Силу Текстил” ширкати бўлган. Бу пахта толасини қайта ишловчи энг йирик тожик-хитой корхонаси 2016 йилда Данғарада очилган эди.

2022 йилнинг июлидан декабрига қадар “БТК Групп” тожик ҳамкоридан турли тайёр кийим-кечак, хусусан кўйлаклар, фуфайкалар, футболкалар, комбинезонлар сотиб олиб, Россияга етказган; айни чоғда Россиядан “Жунтай-Данғара Син Силу Текстил” ширкати учун жиҳозлар олиб келган.

Бирламчи капитал ва иккиламчи санкциялар. Россия бизнеси Ўзбекистонда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:57 0:00

Рақамларга қараганда, “БТК Групп” 2023 йилда маҳаллий “Ситораи точ” МЧЖ ҳамда “Ваҳдат” МЧЖ билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, Тожикистондаги фаолият доирасини кенгайтиради. Ўша йили Россия ширкати “Ваҳдат” МЧЖдан 54 партияда кийим-кечак, хусусан қалин пайпоқлар харид қилади. “БТК Групп” юк хатларида бу маҳсулотлар “МҲА мақсадлари учун” дея қайд этилган (Россия Украинадаги урушни “специальная военная операция”, яъни “махсус ҳарбий амалиёт” деб атайди).

2023 йилда “БТК Групп” “Ситораи точ” МЧЖдан эркаклар кийим-кечаги, жумладан ҳарбий уст-бош, ичкийимлар ва пахта футболкалар сотиб олиб, “МҲА мақсадлари учун” Россияга ташиган. Юк хатларига қараганда, “Ситораи точ”МЧЖдан харид қилинган моллар қиймати қарийб 13 млн (12 967 990) долларни ташкил қилади.

2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида Россия ширкати “Ваҳдан” ва “Ситораи точ” МЧЖлардан 379 млн 420 минг рубл (қарийб 4 млн доллар)га кийим-кечак сотиб олиб Россияга жўнатган. Хусусан, “Ваҳдат” корхонасидан 1,5 млн жуфт пайпоқ, “Ситораи точ”дан эса эркаклар уст-боши – 1 492 млн кийим тўплами (курткалар, шимлар/ярим комбинезонлар), 85 мингта футболка ҳамда 55 минг тўплам ичкийим харид қилган.

Янги тўқимачилик фабрикалари

Озодлик суриштируви “БТК Групп” Тожикистонда иккита тўқимачилик корхонасини ишга туширганини кўрсатди: улардан бири Душанбеда, иккинчиси Сўғд вилояти маркази бўлмиш Хўжанд шаҳрида очилган.

“БТК Групп” 2023 йилда ва 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида “Ситораи точ” корхонасига Россиядан юзлаб тикув машиналари ва бошқа ускуналар келтириб берган.

Ушбу корхона 2023 йилда Душанбеда очилган эди, унинг ишга қабул қилиш ҳақидаги эълонларида “БТК Групп” номи қайд қилинган.

Жорий йилнинг сентябрида “БТК Групп” Хўжанд шаҳрида яна бир тўқимачилик корхонасини ишга туширди. Очилиш маросимида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон шахсан қатнашди. Бироқ президентнинг матбуот хизмати ўз хабарида “БТК Групп” номини тилга олмай, “чет эллик инвесторлар” дея умумлаштириб ёзди.

Тантанали очилиш маросимида бир киши Эмомали Раҳмонга ҳамроҳлик қилди ва давлат ОАВларига интервьюлар берди, бироқ ТВ негадир унинг исмини кўрсатмади. Озодлик журналистлари у “Ситораи точ” МЧЖ бош директори, илгари “БТК Групп”нинг ишлаб чиқариш департаментига раҳбарлик қилган Сергей Костогриз эканини аниқладилар.

Тожикистон президенти сайти хабарига кўра, ушбу “тикув фабрикаси йилига 120 мингтагача махсус кийим тўплами ва 1 миллиондан ортиқ трикотаж кийим тўпламларини ишлаб чиқариш қувватига эга”. Корхонада махсус кийим-бош тикилаётгани давлат ТВ лавҳаларида ҳам очиқ кўрсатилди.

Озодлик радиосининг Хўжанд шаҳри маъмуриятидаги манбалари маълум қилишича, “БТК Групп”га қарашли “Ситораи точ” корхонаси асосан ҳарбий кийимлар тикиш билан шуғулланади.

Украинага босқин: 233-кун | Кремль: Ғарбдан тўхтаган импортни Ўзбекистондан олишга тайёрмиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:41 0:00

“Ситораи точ” корхонасида ҳарбий уст-бош, камуфляж фуфайкалар, аскарча комбинезонлар ва ҳарбийларга мўлжалланган бошқа махсус кийимлар тикилади. “БТК Групп” Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ва асосан унинг буюртмаларини бажаради”, дейди исми очиқланишини истамаган хўжандлик мулозим.

“БТК Групп” Тожикистонга қандай келиб қолди?

“БТК Групп” Тожикистон бозорига 2022 йилда, Россия Украинага қарши кенг кўламли босқин бошлаши билан кириб келган. 25 феврал куни Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзода “БТК Групп” холдинги таркибига кирувчи “Балтика Групп” ширкати бош директори Михаил Бочаров билан учрашган.

Тожикистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги ўшанда томонлар “қўшма корхона ва цехлар ташкил қилиш, инвестиция киритиш ва маҳсулотни якуний қайта ишлаш” каби масалаларни муҳокама қилганини маълум қилган эди.

2022 йил сентябрда Душанбеда ўтказилган инвестиция форумида Тожикистон вакиллари “БТК Групп” билан 200 млн долларлик инвестиция битимини имзолаганлар. Тожикистоннинг юқори мартабали мулозимлари, хусусан Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ва Хатлон вилояти раҳбари Давлатали Саид Россияга сафарлари чоғида “БТК Групп” вакиллари билан учрашишган.

“БТК Групп” қанақа ширкат?

“БТК Групп” ширкатлар гуруҳи Россиядаги энг йирик енгил саноат холдингларидан бири бўлиб, унга 2005 йилда Таймураз Боллоев асос солган. Баъзи маълумотларга кўра, Боллоевнинг президент Владимир Путин билан яқин алоқалари бор.

У 2000 ва 2004 йилги президент сайловларида Путиннинг ишончли вакили бўлган. Тўққиз ой олдин The Guardian нашри Таймураз Боллоевни “Россия президентининг дўстларидан бири” деб атади. Инглиз нашрида ёзилишича, Боллоев Украинанинг санкция рўйхатларига ҳам киритилган.

2024 йил июнда Европа Иттифоқи Россия сиёсатчилари билан чамбарчас алоқалари учун Таймураз Боллоевга нисбатан санкциялар жорий этди. Санкциялар қўлланиши Боллоевнинг Carlsberg ширкати розилигисиз, унинг Россиядаги шуъбаси бўлмиш “Балтика” ширкатига президент этиб тайинлангани билан изоҳланади. 2023 йил июл ойида Путин, Россия фуқароларига қарши санкцияларга жавобан, “Балтика” пиво ишлаб чиқариш ширкатининг 98,56 фоиз акцияларини вақтинча Россия мулк агентлигига берган эди. Агентлик эса, ўз навбатида, ширкатга Боллоевни президент қилиб тайинлаган.

Россия Мудофаа вазирлигининг ҳамкорлари

“БТК Групп” фаолиятининг асосий йўналишларидан бири Россия аскарлари учун ҳарбий кийим-бош тикиш ҳисобланади. 2012 йилда Россия ҳукумати “БТК Групп”ни армиянинг ягона кийим-кечак таъминотчиси этиб белгилаган эди.

Бироқ ушбу ҳамкорлик можароларсиз бўлмаган: 2023 йилда Россия ОАВлари Мудофаа вазирлиги “БТК Групп”га нисбатан жами 623 млн рубллик даъво қўзғатгани ҳақида ёзган.

2022 йилда “БТК Групп” Росгвардиянинг ҳам ягона кийим-кечак таъминотчисига айланган.

Кўлоб ва унинг атрофидаги ижара ерлар

“БТК Групп”нинг Тожикистондаги муҳим фаолият йўналишларидан яна бири – ерларни ижарага олиб, пахта экиш. Ширкат Хатлон вилоятининг Кўлоб ва Сўғд вилоятининг Спитамен туманларида минглаб гектар ерни ижарага олган.

Озодлик қўлга киритган маълумотларга қараганда, “БТК Групп” ижарага олинган ерларни бошқариш учун Кўлоб туманида “Пахтаи Кўлоб” ном билан МЧЖ ташкил қилган. Кўлоб шаҳри ҳокимининг 2023 йил 29 декабрдаги 662-сонли қарори билан ширкатга 1894 гектар ер берилган. “БТК Групп”га берилгунича бу ерлар давлатга қарашли Ҳамадоний ва Сабз-Ну уруғчилик хўжаликлари тасарруфида эди.

Кўлоб ҳокими Бахтиёр Назарзода 2024 йил февралдаги матбуот анжуманида ерлар Россия ширкатига 20 йил муддатга ижарага берилганини айтган. Ҳоким муовини Мунаввар Ташрифзода эса “БТК Групп” ижара ерларга ишлов беришга 2024 йилнинг август ойига қадар 2 млн доллардан ортиқ инвестиция киритганини маълум қилган.

Бироқ Россия ширкати 1894 гектар билан чекланиб қолмади. Шу йилнинг августида ҳоким Бахтиёр Назарзода биринчи босқичнинг ўзидаёқ ширкатга камида 11 минг гектар ер берилишини эълон қилди. Мулозимга кўра, бу ерлар Кўлоб шаҳри ҳамда қўшни Восе ва Ҳамадоний туманларига қарашли ҳудудлардан ажратилади.

Иккиламчи санкциялардан қўрқув
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:43 0:00

Маҳаллий фермерлар норозилиги

Бироқ баъзи туманларда экин ерларини “БТК Групп”га олиб бериш қийинчилик туғдирмоқда. Жорий йилнинг августида Ҳамадоний тумани раҳбари Нурулло Мирзозода ҳукумат унга “БТК Групп” учун 1500 гектар ер ажратишга кўрсатма берганини айтган эди. Аммо, мулозимга кўра, тумандаги давлат хўжаликлари ихтиёрида 72 гектар ер бор холос, қолган ерлар эса маҳаллий фермерларга тегишли. Мирзозода фермерларнинг ерларини тортиб олиб “БТК Групп”га беришга ҳаққи йўқлигини урғулади.

“Мен ҳукуматга ер ажратиш тартибини белгилашни таклиф қилдим. Қаранг, фермер хўжалигининг сертификати бор, у ердан 10-20 йилдан бери фойдаланиб келяпти. Мен сертификатни бекор қилиб, ерни “БТК Групп”га олиб беролмайман. Кўп фермерларнинг ўз юристлари бор, улар “Конституция ва Ер кодексини бузяпсан” деб жанжал кўтаришади”, дея қўшимча қилди Нурулло Мирзозода.

“БТК Групп” Шимолий Тожикистонда

“БТК Групп” Кўлоб туманидан ташқари Тожикистон шимолида жойлашган Сўғд вилоятининг Спитамен туманида ҳам юзлаб гектар ерни ижарага олиб, пахта етиштиради. Спитамен тумани мулозимларидан бири ва “БТК Групп”нинг маҳаллий шуъбаси ходими Озодликка исмлари сир қолиши шарти билан, ширкат фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.

Уларнинг сўзларига кўра, “БТК Групп” 3550 гектар ерни ижарага олган ва “Спитамен текстил” номи остида иш олиб боради. “Ўтган йили ширкат 3700 тонна пахта етиштирди. Аммо бу йил ҳашаротлар зарар етказгани сабабли ҳосил чўғи камроқ. Териб олинган пахта Спитамен тумани, Нов қишлоғида жойлашган “Спитамен текстил” заводида калавага айлантирилади ва мато тўқиш учун Хўжанддаги корхонага жўнатилади”, дейишди Озодлик манбалари.

Санкциялар ҳақида огоҳлантирув

Россия 2022 йил февралда Украинага бостириб киргач, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб мамлакатлари Москвага нисбатан қаттиқ санкциялар жорий этди. АҚШ ва Европа мамлакатлари Россиянинг иттифоқчиларини, жумладан Марказий Осиё мамлакатларини санкцияларни четлаб ўтмаслик ҳақида бир неча марта огоҳлантирди.

Бугунги кунга қадар АҚШ, айни сабабларга кўра Марказий Осиёдаги қатор ширкатларга қарши санкциялар киритган. 2023 йил декабрда АҚШ Молия вазирлиги санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россияга маҳсулот экспорт қилгани учун Тожикистоннинг “Кафолати Комил” ширкатини қора рўйхатга тиркаган эди. Бу каби чоралар Қирғизистоннинг бир неча ширкатига нисбатан ҳам татбиқ этилган. Қозоғистоннинг эса камида икки ширкати –CATU TECH LLP ва Defense Engineering LLP – Россияга ёрдам бергани учун АҚШнинг санкциялар рўйхатига тушган.

2023 йилнинг майида Озодлик Тожикистон Россияга товарлар экспортини оширганини тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритди. Бу товарларнинг асосий қисмини компьютерлар, қувватлаш блоклари, аккумуляторлар, диодлар, транзисторлар, микросхемалар ва кабеллар ташкил қилади. Тожикистон илгари Россияга бунақа турдаги маҳсулотларни экспорт қилган эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG