Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Тожик экспертлари: “Афғонистонда толибларга қаршилик кўрсатиш ҳали-бери тўхтамайди”


Тожикистонда Афғонистоннинг Панжшир дарасида рўй бераётган воқеалар ривожини синчиклаб кузатмоқда. Толибларнинг Панжширга кенг кўламли ҳужумига нисбатан интернетнинг тожик сегментида салбий фикр-мулоҳазалар билдирилди, тожик экспертлари эса Толибонга қарши кураш ҳали бери тугамаслигини башорат қилмоқда.

Кўп йиллар Афғонистонда ишлаган тожик журналисти Илҳом Назриев Панжшир маъмурияти биноси толиблар назоратига ўтганда ҳам бу водий тўлиқ ишғол этилганини билдирмаслигини таъкидлайди.

Илҳом Назриев
Илҳом Назриев

“Панжширда бошқа 20 дан ортиқ даралар бор, яъни водий жўғрофияси шундай тузилганки, халқ лашкари жангчилари сон жиҳатидан ўзларидан бир неча баравар ортиқ қўшинга бемалол қаршилик кўрсатишлари мумкин”, дейди у.

Сиёсатшунос Қосим Бекмуҳаммад Панжшир қулаганда ҳам, Афғонистонда, айнан ушбу дарада ва бошқа вилоятларда қаршилик ҳаракати тўхтамаслигини башорат қилади: “Келгусида Толибон зулмига қарши халқ қўзғолонлари кўтарилишига шубҳам йўқ”.

Қосим Бекмуҳаммад
Қосим Бекмуҳаммад

Панжшир воқеалари бир неча кундан бери ижтимоий тармоқлар тожик сегментида энг муҳим мавзу бўлиб турибди. Покистоннинг Панжширдаги хатти-ҳаракатларига қарши норозилик сифатида айрим фойдаланувчилар ва жамоатчилик фаоллари Тожикистон ҳукуматини Душанбедаги Покистон элчихонасини ёпишга чақирмоқда, элчихона биноси олдида митинг қилишга даъват этаётганлар ҳам бор.

Покистон элчихонаси олдида норозилик чиқишлари ўтказиш ва ҳатто ушбу мамлакат дипмиссиясини ёпиб қўйиш талаблари ОАВда Покистон Панжширга ҳаводан зарба берганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлгани ортидан янграмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчилар Покистон аралашуви толибларнинг катта куч билан ҳужумга ўтишига олиб келди, деб ҳисоблайди.

Тожикистон демократик партияси фаоли Аҳмадшоҳ Комилзода Покистоннинг хатти-ҳаракатларини “Исломободнинг Панжширдаги тожик халқига қарши уруши”, деб атади. Унинг айтишича, “ўтган кеча Покистон ҳарбий дронлари Пажширга қақшатқич зарбалар берган. Покистон Панжширнинг толибларга таслим бўлишини хоҳлайди”.

Ижтимоий тармоқларда Панжшир дарасида, тоғлар узра парвоз қилаётган учувчисиз учар қурилма акс этган видеолар ёйинланган эди. Бироқ ушбу кадрларнинг ишончлилигини текшириш имкони йўқ.

Тожикистон ҳукумати Пнжширдаги сўнгги воқеалар юзасидан расмий изоҳ бермаяпти. Аввалроқ президент Имомали Раҳмон Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашуви чоғида “Тожикистон ҳукумати ушбу мамлакатда зулм ва таъқиблар билан, бутун афғон халқи ва барча миллий озчиликлар манфаатларини ҳисобга олмасдан шакллантирилган ҳеч бир ҳукуматни тан олмайди”, деб айтган эди.

Тожикистон раҳбари толиблар мамлакатдаги барча сиёсий кучлар иштирокида ўтиш даври ҳукуматини тузиш ва уларни ислом амирлигини ташкил қилишга ҳозирлаш хусусида аввал берган ваъдаларидан воз кечганини эслатди.

Имомали Раҳмон қўшни Афғонистонда давлат қурилиши халқ хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб белгиланиши, ҳукумат эса мамлакатдаги барча этник озчиликлар, шу қаторда “Афғонистон нуфусининг 46 фоизини ташкил этувчи” тожиклар вакилларидан таркиб топиши лозимлигини урғулади.

Бироқ экспертлар фикрича, айни шароитда тожик ҳукуматидан кўп ҳам умидвор бўлмаган маъқул. “Минтақадаги, хусусан, Тожикистондаги геосиёсий вазият Афғонистон билан муносабатларда журъатлироқ бўлишимизга имкон бермайди”, дейди Қосим Бекмуҳаммад.

Журналист Илҳом Назриевга кўра, Тожикистон Афғонистондаги можароларга аралашмаслиги керак.

Иккала эксперт Афғонистондаги этник тожиклар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг тўғри йўли, агар ҳукумат шуни истаса, даставвал халқаро ҳамжамият ҳамда минтақа мамлакатлари билан маслаҳатлашиб олиш, деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, 6 сентябрь куни эрталаб Толибон Панжшир вилоятини тўлиқ ўз назоратига олганини эълон қилди, аммо миллий қаршилик кучлари ушбу маълумотни рад этди. Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилишича, қаршилик ҳаракати раҳбарларидан бири – Ашраф Ғани ҳукуматидаги биринчи вице-президент Амруллоҳ Солиҳ Тожикистонга қочган. Лекин бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланган эмас.

Панжширдан келаётган хабарларнинг ишончлилигини текшириш имкони ҳозирча мавжуд эмас: Толибон ҳужумга ўтиши олдидан ширкатларни минтақада алоқа ва интернет хизматларини ўчиришга, шунингдек, электр энергияси узатишни тўхтатиб қўйишга мажбур қилган.

XS
SM
MD
LG