Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:58

Қаттиқ қўниш. Павел Дуровнинг Францияда ушланиши ҳақида нималар маълум?


Шу йил июнида Ўзбекистонга сафар қилган Telegram асосчиси Павел Дуров Тошкентда президент Мирзиëевнинг кенжа куëви хамда президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров билан учрашган. 27 июнь, 2024
Шу йил июнида Ўзбекистонга сафар қилган Telegram асосчиси Павел Дуров Тошкентда президент Мирзиëевнинг кенжа куëви хамда президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров билан учрашган. 27 июнь, 2024

26 август куни Франция суди Telegram асосчиси Павел Дуровнинг ҳибсда қолиш муддатини 48 соатга узайтирди. Бу ҳақда France-Presse агентлиги терговга яқин манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик ҳибс муддати кўпи билан 96 соат давом этиши мумкинлиги, бу муддат ўтганидан кейин эса судья ё Дуровни озод қилиши, ёки тадбиркорга нисбатан айблов эълон қилиши лозим бўлишини қайд этган.

Айни пайтда Москвада Дуров ҳимоясига акциялар бўлмоқда, экспертларга эса ушлаш сабаблари, унинг Дуров ва Telegram учун қандай якун топиши ҳақида фол очиш қоляпти, холос. Чунки ахборот маконида француз ОАВларининг аноним манбалари тахминларидан ўзга ахборот ҳозирча йўқ.

Бокудан – Ле-Буржега

24 август куни Telegram асосчиси Павел Дуров оқшом соат саккизларда Париж остонасидаги Ле-Бурже аэропортида сўроқ қилиниб, ҳибсга олингани маълум бўлди.

Якшанба куни чошгоҳга қадар на француз ҳукумати, на Telegram ширкати расмий изоҳ берди. Аммо ушбу манзарада терговга алоқадор кишилар аноним тарзда ОАВларга бир қанча маълумотларни сиздиришди. Франциянинг TF1/LCI ҳамда BFM телеканаллари (улар Дуров ушланганини биринчи бўлиб хабар қилди) суҳбатдошларига кўра, 39 ёшли тадбиркорни болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш билан шуғулланувчи Вояга етмаганлар ишлари бўйича бошқарма (OFMIN) қидирувга берган. Мазкур ташкилот 2023 йил ноябрда тузилган, бинобарин Дуровни ушлаб сўроқ қилиш учун ордер бундан эрта берилган бўлиши мумкин эмас.

Якшанба куни кечқурун Telegram’нинг Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида Павел Дуров билан боғлиқ вазият ҳақида изоҳ пайдо бўлди. Унда Telegram ЕИ қонунчилигига, жумладан Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга риоя қилиши, мессенжерда модерация эса “соҳавий стандартларга мувофиқ бўлиб, муттасил такомиллаштирилиши” ҳақида сўз боради.

“Telegram бош директори Павел Дуровнинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқ ва у Европа бўйлаб тез-тез саёҳат қилиб туради. Платформа ёки унинг эгаси ушбу платформа суиистеъмол қилингани учун жавоб беради, дейиш ғирт бемаънилик. Бутун дунё бўйича қарийб миллиард киши Telegram’дан мулоқот воситаси ва муҳим ахборот манбаи сифатида фойдаланмоқда. Биз ушбу тушунмовчилик энг қисқа мудатда бартараф этилишини кутамиз”, дейилади баёнотда.

Дуров тансоқчиси ҳамда, кейин аён бўлишича, “ассистент қиз” билан хусусий учоқда Озарбайжондан учиб келган ва Парижда камида бир кеча қолишни режалаган. Негалиги номаълум. TF1 манбаси Дуровнинг Францияда қўниш қароридан ажабланганини яширмайди: “Ахир унга ордер ёзилган эди ва ҳужжат фақат мамлакат ҳудудида амал қилади. У хато қилди, нега бундай бўлганини билмаймиз. Балки учоқни алмаштирмоқчи бўлгандир? Нима бўлганида ҳам у қамоққа тушди”.

Россиянинг RT телеканали Дуровни ушлашга ордер унинг учоғи Ле-Бурже аэропортига қўнишидан бир неча дақиқа олдин ёзилгани ҳақида хабар қилди, бироқ дастлабки манбаларда бунақа маълумот йўқ.

Бу ёғига нима бўлади? Якшанба куни кечқурун Дуров тергов судьяси (Juge d’instruction) қаршисига чиқарилиши керак эди. Франция тергов судьясининг бошқа ҳеч бир мамлакатда аналоги йўқ. У жиноят ишини қўзғатиш ва эҳтиёт чорасини (гаров, уй қамоғи, ҳибсда сақлаш ва ҳкз.) белгилайди.

Франциянинг Telegram’га даъволари

Telegram – дунёдаги энг оммабоп мессенжерлардан бири (Дуровнинг ўзи айтишича, келаси йилда ширкат фойдаланувчилар сонини 1 млрд нафарга етказмоқчи). Le Monde ёзишича, француз ҳукуматининг Дуровга қарши айбловлари Telegram ҳуқуқ-тартибот идораларига шифрланган хабарлар калитини беришга ва жиноятларни координация қилиш учун тармоқда модерацияни жорий этишга рози бўлмаётгани билан боғлиқ. ОАВлар маълумотига кўра, ширкат мулкдорларидан бири сифатида Дуровга нисбатан фирибгарлик ва гиёҳванд моддалар савдосидан тортиб киберхавфсизлик соҳасига оид жиноятлар ва педофилиягача – қатор оғир жиноятлар бўйича дастлабки идоралараро суриштирув бошланган. Дарвоқе, муҳтамал жиноятлар рўйхатида терроризмга кўмаклашиш ҳам бор.

Мессенжер таклиф қилаётган функциялар (модерация йўқлиги, аккаунтни “бир марталик” рақамларда рўйхатдан ўтказиш имконияти, ёпиқ гуруҳлар орқали ахборот алмашиш қулайлиги) авторитар давлатлар, жумладан Россияда сиёсий фаолларнинг жонига оро кирмоқда. Айни чоғда ушбу функциялар конспирология мухлисларини, рухсат этилмаган товар билан савдо қилувчилар ҳамда турли хил ноқонуний хатти-ҳаракатлар ташкилотчиларига ҳам қўл келяпти. Масалан, тергов органлари Москванинг “Крокус Сити” концерт залида содир бўлган теракт Telegram орқали тайёрлангани ва бошқарилганини иддао қилади. Яқинда Буюк Британияда бўлиб ўтган мигрантларга қарши тўполонларнинг ҳам мессенжерга алоқадор жойи бор – иммиграция масалалари билан шуғулланувчи адвокатларнинг исмлари ва манзиллари айнан Telegram орқали тарқалган экан. Бу каби воқеалар, табиийки, ЕИ мамлакатларини ташвишга солади. 2021 йилда Германия Адлия вазирлиги нафрат ва адоват тарқатувчи хабарлар туфайли Telegram’га нисбатан ижтимоий тармоқларда ҳуқуқларнинг бузилиши ҳақидаги қонунга асосан иккита жиноят иши қўзғатган, лекин ҳеч бир натижага эриша олмаган эди. Telegram ижтимоий тармоқ эмас, балки мессенжер сифатида рўйхатдан ўтган, ширкатнинг бош офиси эса Дубайда.

Павел Дуров, 2018 йил.
Павел Дуров, 2018 йил.

Францияда ҳам вазият шунга ўхшаш. Ушбу мессенжер мамлакаатда ҳатто етакчи ўнталикка ҳам кирмайди (ўтган йили унинг улуши 13,5 фоиз бўлган) ва кўпинча ноқонуний контент (масалан, спорт мусобақалари ёйинларини) тарқатиш учун қўлланади. Лекин фақат шугина эмас: жорий йилнинг мартида Париж прокуратураси Telegram орқали болалар порнографияси билан савдо қилган гуруҳни аниқлаган эди. Бундан ташқари, февралда француз махсус хизматлари ушбу мессенжер орқали ҳаракат қилган Россияга тегишли пропагандачилар тармоғини фош этган.

Франциянинг “хос фуқароси” Paul du Rove

Дуров ишидаги яна бир жиҳат унинг Франция фуқароси эканидир. Ушбу мақом, хусусан, уни бошқа мамлакатга экстрадиция қилишга йўл қўймайди, иккинчи ё учинчи мамлакатлар ҳам Дуровга қарши айблов эълон қилиши мумкин, лекин Франция уни бермайди. Француз паспорти ундаги ягона паспорт эмас, миллиардер коллекциясида яна Сент-Китс ва Невис, БАА паспортлари ҳам бор. Дуров француз фуқаролигига киргани 2023 йилда маълум бўлган эди. Ўшанда у француз тилига яқин Paul du Rove (Поль дю Ров) исмини танлаган. Айтганча, Дуровнинг телеграм-канали ҳам шундай аталади.

Le Monde газетасига кўра, Дуров оддий йўл билан Франция фуқаролигини олган бўлиши мумкин эмас, чунки унинг ҳолатида мамлакат ҳудудида беш йил (баъзи манбаларда икки йил, дейилади) яшаш ва “француз маданияти ва тил муҳити”га мансублик каби зарур шартлар бажарилмаган. Шундан келиб чиқиб, нашр унга нисбатан натурализациянинг жуда нодир, ёпиқ ва сиёсийлашган “фахрий чет эллик” тури қўлланганини тахмин қилади. Бу йўл билан, Франциянинг иқтисодий гуллаб-яшнашига ва жаҳон майдонида шуҳрат қозонишига катта ҳисса қўшган французча сўзлашувчи ажнабийларгина фуқароликни олишлари мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, Дуровда Франция паспорти борлиги мазкур иш бўйича вазият ёмон тус олган тақдирда унинг бошқа мамлакатга экстрадиция қилинишини истисно этади.

“Павелдан қўлингни торт”

Дуров қўлга олинганидан бери АҚШда SpaceX асосчиси ҳамда X ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск #FreePavel хэш-теги билан қатор постлар ёзишга улгурди.

Россия расмийлари эса биринчилардан бўлиб Дуров ҳимоясига чиқишди. Давлат Думаси вице-спикери Вячеслав Даванков “қамоққа олиш қарори тагида сиёсий сабаблар бўлиши ва бу Telegram фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини қўлга киритишда қурол бўлиб хизмат қилиши мумкин”лигини айтиб, тадбиркорни “қутқаришга” чақирди. Россиянинг Франциядаги элчиси бунинг учун зарур қадамлар қўйилганини, аммо Франция томони “ҳамкорликдан бош тортаётгани”ни билдирди. ТИВ вакили Мария Захарова эса 2018 йилда Россияда Telegram блокланишини қоралаган халқаро ноҳукумат ташкилотлар рўйхатини эълон қиларкан: “Нима деб ўйлайсиз, бу гал улар Париждан Дуровни озод этишни талаб қилишармикан ёки дамларини ичларига ютишармикан?” дея савол қўйди. Пропагандачилар ҳам қолишаётгани йўқ. Хонанда Shaman “Инстаграм” орқали Дуровга мурожаат қилиб, уни ватанга қайтишга чақирди: “Паша, жигарим! Фақат Россиядагина эркин ва енгил нафас олиш мумкин. Уйга қайт. Бу ерда сени эслашади, яхши кўришади, кутишяпти”.

Миллиардернинг ушланишини оқлаганлар ҳам бор. Суриштирувчи Христо Грозев Дуровнинг “Telegram’дан ёвузлик йўлида фойдаланаётганларни тўхтатмоқчи бўлганлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиши унинг ФСБ билан ҳамкорликдан бош тортганини қадрсизлантиради”, деб ёзди. Грозев сўзларига далил сифатида муҳтамалан гиёҳванд моддалар савдогарларига тегишли телеграм-ботлардан скриншотларни илова қилган.

Украинага босқин: 914-кун | Telegram асосчиси Павел Дуров Париж аэропортида ҳибс этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:56 0:00

Публицист Станислав Кучер ҳам шунга ўхшаш фикр билдирди. Унга кўра, Дуров демократик давлат полициясига ашаддий жиноятчиларни тутишда ёрдам беришни рад қилган.

Россияда президент администрацияси ва ҳукумати ходимлари, шунингдек айрим кучишлатар идоралар ходимларига Telegram’дан иш бўйича ёзишмаларини ўчириб ташлашга кўрсатма берилган. Бу ҳақда Baza телеграм-канали хабар қилмоқда.

“Настояшчее время” ёзишича, Дуров ушланганидан сўнг Россия Z-блогерлари Telegram Украинага қарши урушда Россия ҳарбийлари томонидан кенг қўлланаётганини эслатиб, Франция ҳукумати Дуровга шу масалада ҳамкорлик қилишни таклиф этган бўлиши мумкинлигига шама қилишган. Шу билан бирга, Россияда Telegram ҳадемай блокланади, деган гаплар юрибди: ўтган ҳафта мессенжер ишида носозлик кузатилган эди, мутахассислар буни “блоклаш тизими созлангани” билан изоҳлашмоқда.

Якшанба куни Москвадаги Франция элчихонаси ёнида Дуров ҳимоясига акция ўтказилди. Акция иштирокчилари тадбирга мессенжер рамзи – жажжи оқ қоғоз учоқлар билан келишди – 2018 йили Россияда Telegram’ни дастаклаб ўтказилган ҳукуматга қарши акцияларда ҳам ушбу рамздан фойдаланган эдилар.

Форум

XS
SM
MD
LG