Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:48

"Ҳукумат ўзини танқидлардан иҳоталамоқчи" - тармоқлардаги изоҳ учун жавобгарлик белгиланди


Вазирлар Маҳкамасининг 23 декабрдаги қарорига биноан сайтлар ёхуд блогерлар “тақиқланган ахборот”ни олиб ташлаш тўғрисидаги талабни бажармаса, бундай талабни қўйган АОКА судга мурожаат қилиши мумкин.

Ҳукумат қарори тўғрисида хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, веб-сайтлар ҳамда блогерлар фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳлардаги "тақиқланган ахборот" учун ҳам жавобгардир.

Баъзи журналистлар ҳукуматнинг бу қарорини ўзини танқидлардан иҳоталаш йўлидаги яна бир қадам сифатида баҳоламоқда.

Вазирлар Маҳкамаси жорий йил, 23 декабрдаги 807- қарори билан ўзининг 2018 йил, 5 сентябрдаги 707-қарорига қўшимча киритди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга киритилган қўшимчага биноан, эндиликда веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотга фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда тақиқланган ахборотлар аниқланса, веб-сайт, веб-сайт саҳифаси ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек блогерга қонунчилик билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юборилади.

Тақиқланган ахборот нима?

2003 йилининг 11 декабрида қабул қилинган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга 2014 йилнинг 4 сентябрида киритилган қўшимчада “тақиқланган ахборот” нима эканлиги белгилаб қўйилган.

Қонунга биноан, Ўзбекистоннинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этишга, уруш, зўравонлик ва терроризмни тарғиб қилишга қаратилган, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, порнографияни тарғиб қилувчи ва шу каби бошқа маълумотлардир.

Аввал хабарнома, кейин суд

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, тақиқланган ахборотлар аниқлангандан 24 соатдан кечиктирмасдан АОКАнинг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази (Марказ) сайтга ёки блогерга электрон шаклда хабарнома юборади.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, “Ахборот ресурси эгаси, блогер хабарномани олган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан тақиқланган ахборотни олиб ташлаши ҳамда бу тўғрида Марказни унинг расмий ахборот ресурслари орқали электрон шаклда ёки қоғоз шаклида хабардор қилиши лозим”.

Тақиқланган ахборот белгиланган муддатда олиб ташланмагани тақдирда АОКА блогер ёки саҳифа маъмурини судга бериши мумкин:

“Агар тақиқланган ахборот хабарномада кўрсатилган муддатда ахборот ресурси эгаси, шунингдек блогер томонидан олиб ташланмаса, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки Марказ ушбу ахборотни олиб ташлаш бўйича тақиқланган ахборот жойлаштирилган ижтимоий тармоқ ёки мессенжер маъмурига ёки даъво аризаси билан судга мурожаат қилиши мумкин”.

Шарҳлар учун жавобгарлик

Бу масала ўтган йили журналист ва блогерлар эътирозига сабаб бўлган ва кенг муҳокама қилинган эди. Комил Алламжонов 2019 йил, 14 август оқшомида (Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ўша пайтдаги раҳбари) маҳаллий журналист ва блогерлар билан учрашгани ортидан изоҳ ва шарҳлар учун муаллиф ëки блогер жавобгар эмаслигини эътироф қилган эди:

“... амалдаги қонунчиликка кўра,​ Интернет сайтлар, шунингдек, турли платформалар ва ижтимоий тармоқларда пост жойлаштирувчи блогерлар ўз материаллари остида қолдириладиган шарҳ ва изоҳлар учун жавобгар эмаслар”.

Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг 23 декабрдаги қарори билан киритилган қўшимчаларда сайт ёки блогерларнинг фойдаланувчилар қолдирадиган шарҳлар мазмуни учун ҳам жавобгарлиги белгилаб қўйилди. Бу масала юзасидан Озодлик АОКАдан шарҳ ололмади.

Блогер: Гап қонун билан тақиқланган ахборот ҳақида бормоқда

Блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Ходойбердиев ўзининг Xushnudbek.uz Телеграм-каналида “муштарийлар томонидан қолдирилган коммент учун ОАВ ва блогерлар жавобгар бўлади, деган қоида йўқ. Гап фақат Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш ҳақида кетмоқда”, деб ёзди.

Xushnudbek.uz масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратади:

“…хабарнома ОАВ ёки блогерга албатта ўша комментни ўчириш мажбуриятини юкламайди. Бу ўз номи билан хабарнома холос. Яъни хоҳласа ўчиради, агар хоҳласа, аниқроқ айтганда бу коммент қонунга зид эмас, деб ҳисобласа, ўчирмаслиги ҳам мумкин. Унда нима бўлади? Унда АОКА агар лозим топса, судга мурожаат қилиши мумкин”.

I Бошқа блогер: Бу қарор сўз эркинлигини бўғишга қаратилган

"Одам қўлидан келадиган ишни қилса ёки қила оладиган нарсани гапирса тўғри бўларди. Биринчидан, ҳамма нима ёзяпти, кимни ёзяпти, нима деб ёзяпти ~ буни назорат қилиб бўлмайди", блогер Абдуқодир Мўминов ҳукумат қарори юзасидан фикр билдирар экан.

Блогернинг фикрича, ёзилаётган шарҳларни назорат қилиш учун кўплаб қўшимча ходим ёллаш, уларга иш ҳақи тўланиши керак.

"Кейин тролларни кашф қилади бу усул. Анонимликка ўрганган одамлар, бу ёмон натижа беради. Ва сўз эркинлигини бўғишга қаратилган бундай тадбир ортиқча ҳозирги пайтда. Блогерни бирор материали ёки пости тагига билдирилган изоҳ учун жавобгар қилиш нотўғри, чунки давлатнинг ўзи тролл ясаб, шу ишни қилаётган бўлиши ҳам мумкин.. Хуллас, метродагидек огоҳликка чақришни ўзи етарли эди бу пайт, бунақа тадбир эса ўша қонун ишлаб чиққанларнинг ўзига ҳам қарши ишлаши мумкин, мана сенга деб", деди блогер Абдуқодир Мўминов.

Журналист: ОАВ ходимлари ва ўқувчиларига калтак

Ўзбекистонлик халқаро журналист Бердиёр Жумаев 26 декабрь куни Озодлик сўровига жавобан ҳукуматнинг 23 декабрдаги қарорига оид хабарни шарҳлар экан, “бу қарор эрта-бир куни оммавий ахборот воситалари ва уларнинг ходимлари-ю ўқувчиларининг бошларига навбатдаги калтак бўлиб тушмаса эди”, деган хавотир билдирди.

Журналист фикрича, Ўзбекистонда “қонун доираси” ибораси мавҳум тушунчага айланиб қолган.

“Масалан, кўпгина ҳолатларда «Оғзи қийшиқ бўлсаям бойнинг ўғли гапирсин» нақлида айтилганидек, казо-казо амалдорлар ва мансабдорларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган сўкинишлари-ю ҳақоратлари ҳар томонлама хаспўшланади ҳамда «андава»ланади. Аммо оддий журналистлар ҳамда блогерлар, шунингдек, рисоладагидан бошқачароқ фикр билдирган ёхуд шарҳ-изоҳ ёзган кишиларнинг ҳаққоний фикрлариям «қонундан ташқари» – дея баҳоланиши ҳамда уларни ўчириб ташлаш талаб қилиниши мумкин”, - дейди Бердиёр Жумаев.

Журналист ҳукуматнинг сўнгги қарорини ўзини танқидлардан ихоталаш йўлидаги яна бир қадами сифатида баҳолар экан, бундай деди:

“Мазкур қарор АОКА ёки шунга монанд ўзга назорат органлари учун аслида мавжуд, аммо ҳукуматга ёқмайдиган танқидларни йўқотиш учун дастакка айланиб қолмайдими. Бундай вазиятларда, аксарият ҳолларда, судлар кимларнинг ёнини олишларини ҳаётда бекам кўрганмиз”.

АОКА: Ҳозирча огоҳлантириш билан чекланяпмиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 11 ноябрдаги расмий баёнотида “турли фейк ва текширилмаган ёки қонунга хилоф маълумотлар эълон қилгани” учун жорий йилнинг ўтган 9 ойида жами 90 та – шундан телевидение ва радиога 39 та, даврий босма нашрларга 29 та, Интернет нашрларига 22 та тақдимнома киритилганини билдирди.

Агентлик пандемия шароитида, асосан оғзаки огоҳлантириш билан чекланганини таъкидлаб ўтган.

Баёнотда, шунингдек, 2019 йилда жами 150 та – шундан телерадио каналларга 75 та, даврий босма нашрларга 65 та, интернет сайтларга 10 та тақдимнома ва огоҳлантириш юборилгани айтилган.

Агентликка кўра, шу кунда Ўзбекистонда расмий мақомга эга 1 минг 777 та ахборот субъекти бор.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги "ахборот соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул орган"дир.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG