Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:44

Қашқадарёда тадбиркорлар аукционда сотиб олган ерида қурилиш қилолмаяпти


Тадбиркор қурилиш майдонида 20та уйнинг пойдеворини ташлаб қўйган.
Тадбиркор қурилиш майдонида 20та уйнинг пойдеворини ташлаб қўйган.

Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз вино-ароқ” АЖга тегишли 4,6 гектар ерни аукциондан қарийб 750 миллион сўмга сотиб олиб ишни бошлаган тадбиркорларга 2 миллиард сўмлик "таъсирчан солиқ" солинди.

Шаҳрисабз туман солиқ инспекцияси бу солиқни Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида, аукциондан сотиб олинган ернинг фойдаланилмаётгани учун солган ва туман ҳокимлиги инвестиция бўлими иш бораётгани ҳақида хулоса берган тақдирда, солиқни тўхтатиши мумкин.

Аммо тадбиркорларнинг айтишича, улар ишни бошлашган ва аҳоли учун қуриладиган 100 уйнинг 20тасига пойдевор ҳам ташлаб бўлишган. Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасанов эса қурилишга қаршилик қилмоқда ва инвестиция бўлими хулоса бермаяпти.

Туман ҳокимлиги инвестиция бўлими мулозими ишчи гуруҳ масалани жойига бориб ўрганишини Озодликка билдирди.

“Смарт Инжинирс” МЧЖ иш юритувчиси, тадбиркор Сайфулло Аҳмедовнинг айтишича, у чироқчилик Мустафо Жовлиев ва Эрали Тўраев билан ҳамкорликда 2021 йилнинг июлида “Шаҳрисабз вино-ароқ” АЖга тегишли 4,6 гектар ерни аукциондан қарийб 750 миллион сўмга сотиб олган.

Мулк сотиб олингани ҳақида аукцион баённомаси
Мулк сотиб олингани ҳақида аукцион баённомаси

Тадбиркорлар бу жойда чорвачилик фермаси қуришни режалаштирган эди. Аммо ер аҳоли зич яшайдиган маҳалланинг ўртасида жойлашганлиги сабабли улар бу ҳудудда аҳоли учун арзон турар-жой ва савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари қуришга қарор қилади.

Қашқадарё вилояти қурилиш бошқармаси бошлиғи Расул Шоймарданов ва вилоят бош архитектори Шуҳрат Қурбонов тасдиқлаган қурилиш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди.

“Биз аҳолига 2 сўтихли арзон уй жой қуриш режамиз бор эди. Ишнинг бошладик, 20тача уйнинг фундаментини ташладик. Аммо туман солиқ инспекциясидан хат келяпти. Нима эмиш, ишлатилмай ётган ерга 2 млрд. сўм таъсирчан солиқ қўлланилганмиш. Шундай қилиб туман ҳокими бизнинг қурилишимизни тўхтатиб турибди”, дейди Сайфулло Аҳмедов.

Тадбиркор бу ерда уй-жой қуриш учун барча керакли ҳужжатларни расмийлаштирган. Лойиҳа тузилган, чизмалар тасдиқланган.

Вилоят қурилиш бошқармаси тасдиқлаган хулоса.
Вилоят қурилиш бошқармаси тасдиқлаган хулоса.

Аммо солиқ инспекцияси уни таъсирчан солиқдан озод қилиши учун, Шаҳрисабз туман ҳокимлиги инвестиция бўлимининг хулосаси керак. Ана шу хулосанинг берилишига, тадбиркор иддаосича туман ҳокими Самад Ҳасанов тўсқинлик қилмоқда:

“Беш ойдан буён ишимиз тўхтаб турибди. Ҳоким Самад Ҳасановнинг олдига бир азоб билан кирдик. Ҳоким бизга “сен лойиҳа қилган ер сувлик ер, у ерда қурилиш қилиш мумкин эмас”, деяпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 13 августдаги Фармонида ҳам, ҳокимликларда тузилган ишчи гуруҳлар тадбиркорларга ёрдам бериши кўрсатиб ўтилган:

“Фойдаланилмаётган объект ҳақиқатда хўжалик фаолиятига жалб қилинганлигини жойига борган ҳолда ўрганиш орқали таъсирчан солиқ механизмини тўхтатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига хулоса тақдим этиш”

Аммо, тадбиркор иддаосича, туман ҳокими бу хулосани олти ойдан буён чўзиб келмоқда.

Сайфулла Аҳмедовнинг айтишича, қурилиш тўхтатилиб қўйилганидан сўнг, у иш билан таъминлаган ишчилар ҳам бекор қолган, 15 миллион сўмлик қурилиш материаллари қуёш ва ёмғир тагида қолиб брак бўлган.

Тадбиркорлар давлатдан ёрдам, банкдан бир сўм ҳам кредит олгани йўқ, қурилишни ўз кучлари билан ўртада қилишмоқчи.

Лойиҳа, чизма ва у-бу идоралардан ҳужжатларни тўғрилагунча икки ой вақт кетди. Ишни бошлашганидан яна 3 ой ўтиб, 2 миллиард сўм таъсирчан солиқ тўлайсан деган талаб келиб турибди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, таъсирчан солиқ узоқ вақт фойдаланилмай ётган биноларга нисбатан қўлланилади. Булар эса иш бошлаганидан 5 ой ўтиб, ҳеч бир огоҳлантиришсиз солиққа тортилмоқда.

“Бу ерда тадбиркорни қўллаб қувватлаш бўляптими ёки тадбиркорни синдириш? Биз буни умуман тушунмаяпмиз. Президентимиз “тадбиркорга қарши чиққанинг менинг сиёсатимга қарши чиққанинг”деган. Бизнинг туман ҳокимимиз, инвестиция бўлимлари тадбиркорни қўллаш эмас фақат синдириш билан овора. Сен нима қиляпсан, нимага ишинг тўхтаб қолди, деб бир инсон зоти келиб сўрамайди”, дейди Сайфулло Аҳмедов.

Озодлик 29 июнь куни Шаҳрисабз туман ҳокимлиги инвестиция бўлими бошлиғи ўринбосари Муҳаммадхон Абдухайировга мурожаат қилди:

“Тадбиркор тармоқ жадвалини тузиб, биринчи ишчи гуруҳга тақдим қилган экан. Ҳозир ҳамма мутасаддилар билан келишиб олдик, эрталаб биринчи, иккинчи ишчи гуруҳ, ҳоким ўринбосари, солиқ инспекциясидан вакил, ҳамма бирга бориб, масалани жойида ўрганиб, ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Кейин ҳозиргина менга маълум қилишди, кеча таъсирчан солиқни бекор қилиш ҳақида президент фармони ҳам чиқибди”.

Ўзбекистонда ўтган йилнинг июл ойидан бошлаб давлат мулкларини “1 сўм” қийматда савдога чиқариш, ер участкаларини инвестиция мажбурияти билан сотиш амалиёти бекор қилинган ва улар бозор баҳосида электрон савдоларга чиқарила бошлаган эди.

Онлайн аукционда қатнашиш учун тўловлар бекор қилинган ва тадбиркорларга электрон рўйхатдан ўтиш харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қоплаб берилиши маълум қилинган.

Президент Мирзиёевнинг 28 июндаги фармони билан 2022 йил 1 июлдан бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, тугалланмаган қурилиш объектларига ва ушбу объектлар билан банд ерларга мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби ҳам бекор қилинди.

XS
SM
MD
LG