Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:04

Томчиламаган томчилатиш: Мирзиёев режалари нега иш бермаяпти?


Ўзбекистонлик фермерлар томчилатиб суғоришнинг ўта қиммат нархда эканлигидан ва пудратчи ташкилотларнинг ўз ишини сифатсиз қилганидан шикоят қиладилар.
Ўзбекистонлик фермерлар томчилатиб суғоришнинг ўта қиммат нархда эканлигидан ва пудратчи ташкилотларнинг ўз ишини сифатсиз қилганидан шикоят қиладилар.

Ўзбекистонда сув танқислиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда, минглаб гектар экинзорларга сув етиб бормаяпти, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тобора қийинлашиб, сув қимматлашяпти ва бу ҳали ҳолваси.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари хулосасига кўра 2030 йилга бориб, Ўзбекистон сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиши кутиляпти.

Бу нимани англатади ва бу вазиятдан чиқиш йўллари борми?

Дунёда мавжуд бўлган барча чучук сувларнинг тахминан 70 фоизи қишлоқ хўжалигида суғориш учун ишлатилади. Институт тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 90 фоизни ташкил қилади.

Яъни сувнинг асосий қисми қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун сарфланади.

Қишлоқ хўжалигида суғориш тизимининг эскича усулда қолаётгани, сувни тежаш технологиясини жорий қилиш оқсаётгани сабаб, ҳамон экинзорлар дарёлардан тўғридан тўғри келадиган сув ҳисобига эгат оралаб суғорилмоқда ва бу сувнинг ҳаддан ташқари исроф бўлишига сабаб бўлмоқда.

Global Village Space экспертлари баҳосига кўра, иқлим ўзгаришлари ва қўшни мамлакатларда сув истеъмолининг ортиши Амударё ва Сирдарё каби дарёлардан сув олинишини камайтиради. Афғонистонда Қўштепа каналининг қурилиши эса, унинг қуйи оқимида жойлашган Хоразм вилояти ва Қорқалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалигига жиддий зарба бериши кутилмоқда.

Бу ўз навбатида Ўзбекистонда қурғоқчилик ва чўлланиш жараёни янада кучайиб кетиши ҳамда аҳоли турмуш даражасига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Хўш, қурғоқчиликка қандай тайёрланиш ва сув танқислиги мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш тарзига садбий таъсири факторини камайтириш учун нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон ҳукумати бу борада қатор ишлар режасини тузди ва уларни амалга оширишга киришди.

Энг биринчи эътибор ривожланган мамлакатлар тажрибасига таяниб сувни тежаш технологиясини Ўзбекистонда жорий этишга қаратилди.

Аммо бу технология мураккабликлари ва оғирликларини ўз танасида синаб кўрган аксарият фермерлар бу уни қўллашдан хурсанд эмас.

Сувни тежаш технологиясининг оммалашиб кетмаганига фермерлар асосан учта факторни мисол қилиб келтирадилар. Бу сув тежовчи технологияни жорий этишда танлов йўқлиги, мажбурлов ва ўта қиммат нарх.

Пудратчи шартларни бажармай қочиб кетди

Тошкент вилоят, Бекобод туманидаги “Ҳақиқат кучи” фермер хўжалиги раҳбари Абдураҳмон Мирзаев ҳам томчилатиб суғориш тизимини сотиб олиб, куйиб қолганлардан бири. Унинг даласи оқар сув чиқиши қийин бўлган ҳудудда жойлашган.

Фермер “4-VECTORS” пудратчи ташкилот билан 2023 йил апрель ойида Сув тежовчи технологияни ўрнатиш бўйича 40 гектар ерга 1 миллиард сўмга шартнома тузган.

Бекободлик фермер Абдураҳмон Мирзаев
Бекободлик фермер Абдураҳмон Мирзаев

Пудратчи фермернинг 500 миллион сўмини олиб, бор-йўғи 18,5 гектарга чалама-чатти қилиб томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиб берган. Аммо бир ҳафтадан сўнг, у ишламай қолган:

“Апрелда шартнома қилганмиз, узоғи билан бир ойда ўрнатиб бериши керак эди. Лекин улар чўзиб-чўзиб 1 августда ишга тушириб берди. Хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Аппарат бузилиб қолди, давления бўлмади, сув етиб бормади. Биз уларга бир неча марта қўнғироқ қилиб келиб тузатиб беринглар десак, хўп, хўп деб келишмади. Ваҳоланки шартномага кўра, бир йил техник хизмат кўрсатилиши шарт эди”.

Абдураҳмон Мирзаев айни пайтда банкдан олган кредитини ёпишга мажбур бўляпти. Чала ўрнатиб, ҳатто нормал ишлатиб бермаган пудратчи шу кетганича бошқа қайтиб келмади.

Фермернинг айтишича, “4-векторс” МЧЖ ҳатто қурилмани топшириш ҳақидаги ҳужжатларга ҳам имзо қўймаган.

Абдураҳмон Мирзаев ширкат ўрнатиб кетган томчилатиб суғориш тизими нормал ишламаётганини кўрсатиш учун туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассисларини чақириб ҳам кўрсатган, туман, вилоят ҳокимлигига, прокуратурага бир неча бор шикоят қилган, аммо ҳеч қандай жавоб олмаган.

Фермер Тошкент туманлараро иқтисодий суди ҳам унинг аризасини “жавобгар томон судга келмади” деган важ билан эътиборсиз қолдирганини айтади.

Абдураҳмон Мирзаев томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиш кампаниясида куйиб қолган биргина фермер эмас.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси» Фармонидан сўнг бу оммавий тус олди.

Фермерларда томчилатиб суғориш ускуналарини ўзлари мустақил танлаш имконияти бўлмаган.

Вилоят ва туман ҳокимлари президент қарорини рўкач қилиб, уларни томчилатиб суғориш тизимини ўзлари таклиф қилган фирмалардан сотиб олишга мажбур қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев амакиваччасининг қудасига тегишли экани айтилган “Сангзор текстил МЧЖ” кластер корхонаси 2020 йилда Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги 120 нафар фермерга томчилатиб суғориш тизимларини мажбурлаб соттирган эди.

Томичлатиб суғориш тизимини ишлата олмаган фермерларнинг сув ҳовузлари ҳам шундайлигича қолиб кетди.
Томичлатиб суғориш тизимини ишлата олмаган фермерларнинг сув ҳовузлари ҳам шундайлигича қолиб кетди.

Озодлик суҳбатлашган аксарият фермерлар, ҳокимлик томонидан босим бўлишидан чўчиб исмларини ошкор этмаслигимизни илтимос қилди.

Ўша пайтда исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган фермерлардан бири бу ҳақда шундай деган эди:

“Мисол учун, битта фермерга 20 гектар ерга 500 миллион сўмлик томчилатиб суғориш тизими ўрнатиб берамиз, деди. Ҳар гектарига 25 миллион сўмдан. Кредит олиш учун банкка мен кафил бўламан, хоҳламасанг ўзинг гаровга нарса қўйиб олавер, деди. Биз йўқ десак, бу ёқдан ҳоким президент қарори бор, қиласан деяпти. Мажбур шартнома тузиб, гектарига 25 миллион сўмдан кредит олдик. Ускуналарни олиб келдию, лекин ўрнатиб, ишлатиб бермади. Энди эса, ишламаган нарсанинг кредитини ҳам, унинг фоизини ҳам тўлашга мажбур бўляпмиз”.

Озодлик 23 июль куни яна ўша фермерлар билан боғланиб, томчилатиб суғориш тизимини ишлата олдиларингми, деб сўради:

“Йўқ, ишлата олмадик. Ўша ташлаб кетганича шундай ётибди. 30 гектарга шартнома қилганман. Ўшандан бери тўлаб ётибман. Ҳозир 450 миллион сўми қолган. Банк фоизининг ўзи 100 миллион сўм. Бизнинг ҳудудда 30 фермерга берилган эди. Бирортаси ҳам ишлата олмади. Бир йил ишлатиб кўрганлари ҳам кейинги йил йиғиштириб қўйди. Чунки, ғўзани ўт босиб кетди. Бунга культиватор солиб бўлмайди. Емаган сомсага пул тўлаб ўтирибмиз”, дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган фермер.

Фермернинг белини синдирадиган нарх

Қашқадарё вилоят, Касби туманидан бўлган Баҳодир Турсунов ҳам томчилаб суғориш тизимини биринчи ўрнатган фермерлардан бири. У ва яна ўнлаб фермер “Омад Стар” МЧЖдан бу тизимни сотиб олган, аниқроғи сотиб олишга мажбур қилинган.

Унинг айтишича, ҳар гектар ер 25 миллион сўмдан бу тизимга ўтказилиши фермер учун анча оғирлик қилади.

“Томчилатиб суғоришга ўтиш жуда яхши эффект беради. Сув тежалади, ҳосилдорлик ошади. Фақат гап унинг нархида ва тўғри ишлатишга ўргатишда. 25 миллион сўм гектарига жуда қиммат. 15-16 миллион сўм бўлса, ўшанинг ярмини субсидия қопласа ана ўшанда фермерда қизиқиш бўлади. Бизга жуда қимматга тушган. Ўрнатганда ҳам чала ўрнатиб кетган. Нормал ишлаши учун ўзим ўқиб, ўрганиб, бошқа усталарни чақириб ўзимнинг ҳисобимдан яна 40 миллион сўм сарфлаганман. Пули йўқ фермерлар уни ишлата олмади, қўшолмади”.

Фермернинг айтишича, агар оддий суғоришда бир гектар ерга 1200 литр сув сарфланса, томчилатиб суғоришда бу олти ҳиссага камаяди, яъни бор-йўғи 200 литр сув сарф бўлади.

“Истаймизми ёки йўқ, барибир келажакда томчилатиб суғоришга ўтамиз. Кўриб турибсиз, сув масаласи йилдан йилга оғир бўлиб боряпти. Айниқса ернинг баланд-паст жойларига бу жуда асқотади. Исроил, Туркияга қаранг, қандай ҳосил оляпти, қанча даромад кўряпти. Ҳамма гап унинг нархида, унинг жуда қиммат нархда сотилгани фермернинг белини синдирди”.

Ўзбекистонда томчилатиб суғориш ускуналарини ўнлаб фирма сотади. Қайси фирманинг маҳсулоти сифат даражаси қандайлиги экспертиза қилинмаган ҳолда, гектарига ёппасига бир хил нархда - 25 миллион сўмдан баҳоланиши фермерларни ҳайрон қолдирган.

2021 йилда Бухоро вилоят, Пешкў туманидаги 17 та фермер хўжалиги "Aria Parts Servin Pergas" МЧЖ қўшма корхонаси ўрнатиб берган томчилатиб суғориш ускунаси ишламагани сабабли катта зарар кўрди.

Фермерларнинг айтишича, уларни улкан миқдордаги кредитга қўшма корхона билан шартнома тузишга туман ҳокимлиги мажбурлаган.

Аммо ғўза қатор ораларига тортилган шлангалар сифатсиз бўлгани учун ишламаган ва фермерлар ерларини бузиб, яна анъанавий суғориш тизимига мослаштиришга мажбур бўлишган.

“Президентимиз томчилатиб суғоришга катта аҳамият бериш кераклигини таъкидлаган эдилар. Отнинг калласидай нархдаги бу тизимни ҳар қандай фермер хўжалиги ҳам оқлай олмайди. Ура-урачилик билан ҳоким шу Эрон фирмаси билан шартнома қиласан, деб мажбурлади. Менимча, синалмаган, текширилмаган фирма билан шартнома қилдириш тагида қандайдир манфаат бўлса керак”.

Фермер айтган бу “манфаат”ларнинг бошида ким турибди, буни фермерлар билмайди. Уларнинг айтишларича кластер ва маҳаллий ҳокимлар таклиф қилган фирма билан улар шартнома тузишга мажбур.

Аммо, Туркия, Хитой ва Эрондан олиб келинган томчилатиб суғориш ускуналарини ишлата олмай, бўйнида юз миллионлаб сўм осилиб турган, бунинг устига банк кредитларини тўлаётган юзлаб фермер хўжалиги бор.

"Фермерларни аввал ўқитиш керак!"

Исми сир қолишини сўраган андижонлик фермер фикрича, томдан тараша тушгандай қилиб мажбурлаб берилган, умрида кўрмаган мураккаб жараёнли томчилатиб суғориш тизимини фермерларнинг ишлата олмаслиги кундай равшан эди:

“Бизнинг Бўстон туманида томчилатиб суғориш тизимини сотиб олган фермерларнинг саксон фоизи уни ишлата олмади, уйига йиғиштириб олиб қўйган. Сабаби, биринчидан, бизнинг деҳқонларимизнинг компютерлаштирилган томчилатиб суғориш тизимини ишлатишга ҳали савияси ҳам, малакаси ҳам йўқ. Бизнинг фермерлар бунга ўқитилмаган. Қаранг, бунда албатта ўсимликнинг минерал озуқаси, бегона ўтларни йўқ қиладиган гербицидлар қўшиб берилиши керак. Суғоришнинг ўз меъёри ва вақт-соати бор, буни билиш керак. Лекин, бизда фермер фаолиятига ташқаридан аралашув, ҳокимлар томонидан босим кучли бўлгани учун, деҳқон буни биладими ёки йўқми - фарқи йўқ, сотиб олишга мажбурланяпти”.

Иккинчидан, дейди фермер, электр энергияси таъминоти барқарор бўлмаган жойда бу тизим мукаммал ишлатиш мумкин эмас:

“Бизда ҳар куни 2-3, баъзан 5 соатгача светдан узилиш бор. Бу аҳволда ишлаб бўладими?”

Учинчидан, ўзбекистонлик фермерларнинг бугунги молиявий аҳволи жуда хароб, дейди фермер:

“Фермер илгари давлат билан ишлаб, сотган маҳсулоти пулини ўз вақтида оларди. Ҳозир ҳамма кластерларга мажбурлаб бирлаштирилган. Фермерлар бир неча йилдан буён ғалла ва пахтани пулини ололмаяпти. Уйидаги охирги молигача сотиб ерига ишлатаётган фермер кредит фоизи билан 750 миллион сўмга борадиган томчилатиб суғориш тизимини сотиб олишга қаердан маблағ топсин? Ҳозир ҳаммаси зўрға учма-уч қилиб ёки қарзга ботиб ишлаяпти”.

Озодлик суҳбатлашган, матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган давлат мулозимларидан бирининг айтишича, Ўзбекистон президенти қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича яхши қарорлар чиқаради, аммо унинг ижроси коррупцияга айланиб кетади:

“Битта нарсага эътибор беринг. Республиканинг ижтимоий -иқтисодий сиёсатида сув тежаш технологияларини жорий қилиш масаласи тўғри қўйилган. Бу масалаларнинг ижроси эса монополия ва коррупцияни авж олдирди. Юқори лавозимларда ўтирган амалдорларнинг одамлари дарров биттадан МЧЖ очади, Хитой ёки Туркиядан катта партияда томчилатиб суғориш тизимларини олиб келади ва ҳокимларга шунча фермерга ўтказ деб буйруқ беради. Пули эса банкдан фермер ҳисобига, ундан ўша фирмага ўтказиб берилади. Ҳокимларни ўша технология қандай ўрнатилди, ишлаяптими, бу қизиқтирмайди. У фақат бизда мана бунча фермер томчилатиб суғоришни ўрнатди, деб юқорига ҳисобот беради”.

Ўзбекистонга сув тежаш технологиялари асосан Хитой, Туркия ва Эрондан келтирилди. Томчилатиб суғоришга мослаштирилган бу ускуналар қаерда ишлаб чиқарилганидан, унинг иш сифатидан қатъий назар фермерларга бир хил нархда сотилди. Яъни ҳар гектар ерга 25 миллион сўмдан деб давлат томонидан белгиланди.

Аммо бу қурилмаларни ҳукумат эмас, балки хусусий тадбиркорлик субъектлари олиб келишган. Лекин нега уларнинг ҳаммасига бир хил нарх белгилангани ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.

Қашқадарёлик фермер Баҳодир Турсуновнинг айтишича, ҳозир томчилатиб суғориш тизимини танлашда бироз эркинлик пайдо бўлди:

“Мен яна 20 гектар ерга томчилатиб суғориш қилмоқчиман. Ҳозир битта ширкат билан музокара олиб боряпман. 20 гектарни 16 миллион сўмга қилиб бераман деяпти. Ҳар ҳолда 25 миллион сўмдан анча арзон. Агар шу 16 миллионни ярмини субсидия қопласа, бунга қизиққан фермерлар кўпаярди”.

Сувни тежаш технологиясини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича Жаҳон банки ва бошқа бир қанча халқаро ташкилотлар ҳам турли хил грантлар ажратмоқда.

Ўзбекистонда сувсизлик. Яқинлашаётган фалокатнинг ечими борми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:47:14 0:00

Мутахассис тавсия беради

Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб суғоришнинг автоматлаштирилган тизими» номли лойиҳа раҳбари, техника фанлари номзоди Тоҳир Мажидов ҳам Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ҳам юз тутиши муқаррар бўлган қурғоқчиликка жиддий ҳозирлик кўриш керак деган фикрни айтади:

“Сув тежаш технологияларини мана бу турини Ўзбекистонга жорий қилиш керак деб бўлмайди. Чунки ерига қайси турдаги сув тежаш технологиясини ўрнатишни фермернинг ўзи ҳам аниқ билмайди. Сув тежаш технологияларини кенг кўламда мамалакатмиз бўйлаб жорий қилинмаслигининг асосий сабаби ҳам шунда. Чунки ҳалигача сув тежаш технологияларини ўрнтишнинг илмий асоси йўқ. Мен жуда кўп мамлакатларда бўлдим, қишлоқ хўжалиги билан машғул бўлган ташкилотларнинг бирортаси ҳам ўз ишини илмий асоссиз бошламайди. Илмий асослашни илмий маслаҳат марказлари амалга оширишади. Корхона уларнинг илмий тавсиясига асосан барча ишларни амалга оширади. Биздачи, юқори ташкилотнинг «бўл тез ўрнат» деган кўрсатмаси билан ўрнатаверади, бу технология унинг ерига, экинига яроқлими ёки йўқми қизиғи йўқ. Натижада фалон маблағга ўрнатилган тизим ишламайди, фермер маблағига куйиб қолаверади”.

Олим Тоҳир Мажидов айни пайтда томчилатиб суғориш усулини қўллашдаги асосий муаммолардан ўнтасини санаб ўтди:

1. Томчилатиб суғориш усулида турли тупроқ иқлим шароитлари ва экин турлари, навлари бўйича етарлича илмий тадқиқотлар ўтказилмаганлиги;

2. Томчилатиб суғориш усули шароитида экинларни алмашлаб ва навбатлаб экиш тизимларининг яратилмаганлиги;

3. Шўрланган ерларда томчилатиб суғориш усулининг экин турлари ва иқлим шароитлари бўйича илмий маълумотларнинг етишмаслиги.

4. Шамол эрозияси мавжуд бўлган ерларда томчилатиб суғориш усулини қўллаш бўйича тадқиқот натижаларининг йўқлиги.

5. Оқова – чиқинди, минераллашган сувлар билан экинларни томчилатиб суғоришдаги илмий тадқиқотларнинг етишмаслиги.

6. Энг асосийси-сув тежаш технологиялари жорий этиладиган қишлоқ хўжалик экинлари учун суғориш режимлари (суғориш даври, бир марта суғоришда ҳамда вегетация даврида истеъмол қилинадиган сув ҳажми, суғоришлар орасидаги вақт, суғоришлар сони) аниқлаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари ўтказилмаганлиги.

7. Сув тежаш технологиялари тизимларини эксплуатация қилиш бўйича оддий, содда тилда ёзилган деҳқонбоп тавсияномаларнинг йўқлиги.

8. Сув тежаш технологиялари тизимларига илмий, техник ва сервис хизмат кўрсатадиган ташкилотларнинг (маслаҳат марказларининг) йўқлиги.

9. Сув тежаш технологияларини турлари бўйича районлаштирилмаганлиги.

10. Сув тежаш технологиялари(томчилатиб суғориш усули)ни эксплуатация қилувчи малакали кадрларнинг етишмаслиги.

Олимнинг халқаро тажрибаларга таянган ҳолда кўрсатиб ўтган бу камчиликларни ўнглаш учун, фермерлар фикрича, энг аввало уларга эркинлик керак.

Фермерларнинг айтишича, сувни тежаш технологиясини сотиб олишда улар ўзи хоҳлаган, ўзи танлаган ширкат билан эркин шартнома қила олиши ва бу шартноманинг бажарилмаслиги оқибатлари судларда адолатли кўрилиши лозим.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув танқислиги йилдан-йилга кўпроқ сезилмоқда. Ёз пайтида сувнинг асосий қисми энг биринчи навбатда пахта далаларига йўналтирилмоқда.

Пахтадан ортгани эса бошқа такрорий экинлар учун бериляпти.

Пахта Ўзбекистонда собиқ иттифоқ давридан буён ҳануз моноэкин бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати камбағалликни қисқартириш мақсадида, фермерларнинг буғдойдан бўшаган ерлари ҳисобидан такрорий экин экиш учун кам таъминланган оилаларга, ишсиз ёшларга ер бериш ҳақида қарор чиқарган.

Аммо, аксар ҳудудларда такрорий экин учун сув йўқ.

Жумладан,Сурхондарё вилоят Ангор тумани, Навшаҳар маҳалласида яшайдиган Гулқомат Шопўлатовага берилган ер учун ҳам.

Камбағалликдан чиқариш дастури бўйича 5 гектар ер олган ангорлик Гулқомат Шопўлатова экинини суғоролмаяпти.
Камбағалликдан чиқариш дастури бўйича 5 гектар ер олган ангорлик Гулқомат Шопўлатова экинини суғоролмаяпти.

Гулқоматнинг эри ишсиз, мардикорлик қилиб оила боқади. Ҳокимлик унга фермердан 5 гектар ер олиб берган. Ерга тариқ экишган. Аммо, расмийлар сув энг аввало пахтага деб, аҳоли томорқаси учун сув бермаяпти.

Қизириқ тумани, Бўйрачи қишлоғи аҳолиси ҳам сув пахтадан ортмаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилган:

“Томорқани сувлаш учун аҳолига сув бермаяпти. Экинларимиз қувраб қоляпти”, деб ёзади қишлоқ аҳолиси.

Аҳолининг томорқасига сувни тежаш технологиялари ўрнатиш ҳақида ҳозирча расмий доираларда гап йўқ. Аҳоли ҳозирча фақат оқар сувга ишониб қолган.

Европа Иттифоқининг ASK дастури иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон аграр секторига таъсирини ўтган йил таҳлил қилган эди. Лойиҳа раҳбари Адриан Нилнинг «Газета.uz»га айтишича, мамлакат қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлашган миллий кураш йўқ. Шу боис соҳада қилинаётган ишлар натижаси сезиларли эмас

“Умумий хулосага кўра, иқлим ўзгаришининг экинлардан кўра сувга нисбатан таъсири хавотирлироқ. Чунки сувсизлик оқибатида экин ҳам, хосил ҳам бўлмайди. Мазкур тадқиқот натижасидан кўпчилик ёки айримлар хавотирга тушмаслиги, бунга ишонмаслиги мумкин. Лекин бу тадқиқот далилларга асосланган ва келажакда кутилаётган прогнозлар эканини унутмаслик зарур», дейди Адриан Нил.

Мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бир неча миллиардлаб субсидия ва кредитлар ажратилган томчилатиб суғориш бўйича технологиялар ўлда-жўлда қолиб кетаётганини, ишлатилмаган ускуналар учун маблағлар фермерлар бўйнида қолаётганини айтишади.

Мамлакатда қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва пахта майдонлари интенсивлигини ошириш юзасидан ислоҳотларга Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев масъул қилиб тайинланган.

Томчилатиб суғориш технологиялари учун ажратиладиган субсидия ва маблағлар бевосита Ғаниевнинг кўрсатмаси ва ташаббуси орқали амалга оширилиши айтилади.

Форум

XS
SM
MD
LG