Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:43

Шифокорлар муфтий Усмонхон Алимовнинг коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади


Усмонхон Алимов 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси вазифасида ишлаган.
Усмонхон Алимов 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси вазифасида ишлаган.

Москвада 71 ёшида вафот этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 16 август куни Самарқанд вилоятида дафн этилди. Уни даволаган врачлар муфтий Москвада коронавирусдан даволаниб келганини тасдиқлашди.

Сўнгги ойларда Ўзбекистон мусулмонлари раҳбари вилоятларга сафар қилган, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев сайловолди тарғиботининг бир қисми сифатида кўрилган диний уламоларнинг масжидлар аҳли ва аҳоли вакиллари билан учрашувларига бошчилик қилган эди. Бу учрашувлар ва муфтий иштирокидаги оммавий тадбирлар коронавирус чекловлари амалда бўлган бир вақтда ўтказилган.

Айни дамда жамоатчиликни Ўзбекистон мусулмонларининг кейинги раҳбари ким бўлиши қизиқтирмоқда.

"Муфтий ўлимига коронавирус сабабчи"

Шу йилнинг 15 август куни Москвадаги клиникалардан бирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Усмонхон Алимов вафот этди.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси 71 ёшли муфтий Россия пойтахтидаги врачлар назоратида ўпка ва қон-томир касалликлари, хусусан ўпка пневмонияси бўйича муолажалар олаётганини маълум қилган эди.

Москвалик шифокорларга кўра, нафас олиш касаллиги фонида муфтий юрак ва қон томирлари билан боғлиқ муаммолар туфайли жон таслим қилган.

Озодлик манбаларига кўра, бемор охирги бир ой давомида аввал Тошкентда даволанган, кейин махсус рейсда Москвага олиб келинган. Муфтийнинг "ўпка касаллиги"дан даволангани айтилган, бироқ унинг коронавирус тести натижалари очиқланмасдан келинаётганди.

Озодлик Усмонхон Алимов Москва шаҳар 52-клиник шифохонасининг 7-сонли реанимация бўлимида даволангани, ўлимидан бир неча кун олдин у кома ҳолатида бўлганини аниқлади.

Озодлик билан суҳбатлашган клиника шифокорлари муфтийнинг ўлимига COVID-19 сабаб бўлганини тасдиқлашди.

"Ҳа, кеча вафот этди. Олиб кетишди кеча Ўзбекистонга, хато қилмасам. Ўлимга коронавирус сабаб бўлди", - деди Озодлик билан телефон орқали қисқа мулоқотда муфтийни даволаган россиялик шифокорларидан бири.

Усмонхон Алимовнинг Москва клиникасида даволанаётгани 23 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий хабаридан кейин маълум бўлганди.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтий Усмонхон Алимовнинг саломатлиги тўғрисида интернетда тарқалаётган хабарларга муносабат билдириб, муфтийнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Марҳумнинг жаноза намози 2021 йил 16 август, душанба куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани Орлот қишлоғи “Эшони Темирхон Тўра” (аввалги “Орлот” масжиди) жоме масжидида адо этилди.

16 август куни президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марҳум раиси Усмонхон Алимов уйига ташриф буюришиб, унинг оила аъзоларирига ҳамдардлик билдиришди.

Ўзбекистон диний идораси раҳбари вафоти юзасидан, шунингдек, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин, Москва муфтийси Илдар Aляутдинов, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров, муҳаддис олим шайх Муҳаммад Аввома ва бошқалар ҳамдардлик билдирган.

Расмий таржимаи ҳолида айтилишича, Усмонхон Темирхон ўғли Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштихон шаҳрида туғилган.

1982−1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983−1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989−1990 йилларда эса Марокашнинг «Каравийн» дорилфунунида таҳсил олган. У Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980−1982 йилларда имом-ноиб, 1987−1989 йилларда, сўнгра яна 1990−2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган. 2000−2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиби бўлиб меҳнат қилган.

Усмонхон Алимов 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида ишлаб келаётганди.

У умри давомида йигирмадан зиёд китоб ва юздан ортиқ илмий -оммабоп мақолалар чоп этган. Уммондаги Қироллик стратегик тадқиқотлар маркази муфтий Усмонхон Алимовни "Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмонлари" рўйхатига киритганди.

Навбатдаги муфтий ким бўлади?

Усмонхон Алимов 2006 йилда Ўзбекистон муфтийси бўлгунга қадар Самарқанд вилояти бош имом хатиби бўлган.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистонда мусулмонлар идорасига яқин манбанинг сўзларига кўра, Усмонхон Алимовнинг диний идорага раҳбар этиб тайинланишида бевосита президент Мирзиёевнинг ҳиссаси катта.

"Шавкат Мирзиёев Самарқандда вилоят ҳокими бўлиб ишлаган пайтидан уни таниган. 2006 йилда олдинги муфтий истеъфога кетганида Усмонхон Алимов Самарқандда вилоятида эди. Каримов Мирзиёевдан сўраганида, “ким бор номзод?”, деб, шуни таклиф қилган. Алимов қори ҳам эмас, диний билимларда ундан устунроқ домлалар бор эди. Каримов ўзи суҳбатлашиб, тасдиқлайди. Аммо ҳар эҳтимолга қарши, унинг ёнига иккита-учта ўзини одамини қўяди. Уларни ҳамма танийди", - дейди исми очиқланишини истамаган манба.

Суҳбатдош муфтий лавозимига тайинланган Усмонхон Алимов узоқ йиллар давомида аввал олдинги президент Ислом Каримов, кейин эса Шавкат Мирзиёев режимига сидқидилдан хизмат қилиб келганини айтади.

Муфтий 2016 йил 18 мартда Жўрабек масжидининг биринчи ғиштини қўймоқда
Муфтий 2016 йил 18 мартда Жўрабек масжидининг биринчи ғиштини қўймоқда

Усмонхон Алимов вафот этиши ортидан тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигига ким тайинланиши борасида қизғин муҳокамалар бошланиб кетди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов янги муфтий тайинланишида ҳукумат қайси меъёрларга амал қилиши борасида фикр юритади.

"Муфтийларни тайинлашнинг ёзилган процедураси йўқ. Лекин уни тушуниш жуда осон: номзодга муфтий бўлиш потенциалига, юқори диний билимларга эга бўлган асосий шартлар қўйилади. Қолаверса, бизда олий ҳокимиятга тўлақонли садоқатли бўлган ва сиёсий ўйинларни қилмайдиган одамлар ҳозиргача муфтий бўлиб келган. Муфтийлар орасида фақат биринчи муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сиёсий фигура эди. Уни Горбачёв, СССР ҳокимияти қўйган. Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин уни тезда алмаштиришган. Бизда одатда, муфтийлар ҳукумат билан бевосита боғлиқ бўлиб келган. Янги ўзгарган вазиятда, мумкин, бу амалиёт ҳам бироз ўзгаради", - дейди Камолиддин Раббимов.

Сиёсатшунос Ислом Каримовнинг вафоти ортидан мамлакатда ўзгарган диний-сиёсий муҳитда кўпгина дин пешволари саҳнага чиққанига эътибор қаратади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирга қадар Усмонхон Алимов ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги борасида бирон ишора бермаган.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2043 масжид бор. Шундан энг кўпи Самарқанд вилоятида бўлиб, у ерда 285 та масжид фаолият юритади. Тошкент вилоятида 221 та, Фарғона вилоятида 192 та, Сурхондарё вилоятида 100 та масжид мусулмонларга хизмат кўрсатиб келади.

Уларда жами 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиблари ишламоқда.

XS
SM
MD
LG