Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:52

Самарқанд ҳокимлиги мажбурий обунага алоқаси борлигини инкор қилди


Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013
Uzbekistan -- Uzbek newspapers, 11May2013

Озодликка бир-биридан мустақил манбаълардан келган маълумотга кўра, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркин Турдимов 27 октябрь куни корхона-ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла оқсоқоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳукумат ва партиялар газеталарига обуна бўлишни ташкиллаштириш бўйича топшириқ берган.

Мажлисда қатнашган ташкилот раҳбарларидан бирининг Озодликка айтишича, ҳоким обуна режасини бажармаган раҳбарларга қаттиқ чора кўришини таъкидлаган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати бу иддаоларни рад этиб, Эркинжон Турдимов томонидан обуна масаласида бирон маротаба йиғилиш, мажлис ёки селектор ўтказилмаганини билдирди.

"27 октябрь санасида вилоят ҳокими в.б. соат 18-00 гача кун давомида Пастдарғом туманида хизмат сафарида бўлган. Вилоят ҳокими в.б. томонидан вилоят ва туман ташкилотларига обуна масаласида ҳеч қандай кўрсатма ёхуд топшириқ хатлари чиқарилмаган ва бу борада ҳаттоки тавсиявий характердаги йиғилиш ҳам ўтказилмаган.​", дейилади вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан Озодликка юборилган раддияда.

Самарқанд ҳокими мажбурий обунага “старт” берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:24 0:00
Бевосита линк

Аммо маълумот бергани учун жазоланишидан чўчиб, исми очиқланмаслигини сўраган ташкилот раҳбарининг айтишича, Самарқанд вилояти ҳокимлигида 27 октябрь куни эрталаб бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими корхона ва ташкилотлар раҳбарларига соат 14гача “обунани тўлиқ ташкил қилиш” ҳақида топшириқ берган ва бир ҳафта олдин уларга берилган рўйхат бўйича тўловларни шанба куни амалга ошириш талаб қилинган:

“Бир ҳафта олдин, 20 октябрда вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Рустам Қобилов, мажлис ўтказиб, ҳамма ташкилотга ҳукумат ва партия газеталари рўйхатини бериб чиқди. Лекин, бу йил ҳокимият протоколи йўқ. Обунани бошланглар, деган буйруқ берилди. Орадан бир ҳафта ўтиб, вилоят ҳокимининг ўзи бу масалани муҳокама қилди”, дейди ташкилот раҳбари.

Унинг гапларини исми сир қолишини сўраган Самарқанд шаҳридаги ташкилотлардан бирининг бош ҳисобчиси ҳам тасдиқлади. Унга кўра, обуна тўловларини қабул қилиш учун банклар шанба куни ҳам дам олмаган:

"Ҳоким бугун барча банклар ишлашини, поручение ва чекларни қабул қилаётганини айтди. Ҳоким қайси ташкилотнинг қандай имконияти бор-йўқлигини ҳисобга олмай, ҳамманг бугундан қолмай обунани пулини тўлаб қўй, деди. Ҳозир ҳамма корхона ва ташкилотларда обуна учун пул йиғиляпти ва матбуот тарқатувчиларга пул ўтказяпти. Бу шанба Самарқандда обуна куни бўлди”, дейди бош ҳисобчи.

Унинг айтишича, асосан ҳукумат ва партия газеталарига обуна қилишга ҳаракат қилинмоқда:

“Неча йилдан бери бу практикани биламиз. Аслида, ҳукумат ва партиялар ҳамда вилоят газеталарини ҳеч ким ўқимайди, чунки бу нашрлар жуда зерикарли. Маддоҳликдан бошқа нарсани билмайдиган нашрлар. Биз “Халқ сўзи”, “Ишонч”, “Жамият”, “Зарафшон”, “Овози тожик”, “Қишлоқ ҳаёти” ва партияларнинг бемаза газеталарига мажбуран обуна бўляпмиз. Гарчи ишхонамизда рус ёки тожиклар бўлмаса ҳам, “Народное слово”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталарига ҳам мажбуран обуна бўлиш рўйхати келган”, дейди ташкилот бош ҳисобчиси.

Жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган вилоят ҳокимлиги мулозимига кўра, ҳоким топшириғини бажармаган раҳбарларга тушунтириш хати ёзиб бериш лозимлиги айтилган:

“Обуна масаласи жуда қаттиқ бўляпти. Ҳоким якшанба кунини ҳам иш куни деб эълон қилди. Банклар ва матбуот тарқатувчи ташкилотлар якшанба куни ҳам ишлаши айтилди”, деди мулозим.

Ушбу мақолани ёзиш жараёнида Озодлик мухбири обуна компаниясига масъул бўлган вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Рустам Қобилов билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ, унинг Фируз исмли ёрдамчиси телфонимизни ёзиб олгач, Рустам Қобиловга масала моҳиятини тушунтиргач, ўзи қўнғироқ қилишини айтди. Аммо ҳокимликдан бошқа қўнғироқ бўлмади.

Мақола нашр бўлгач, Озодлик радиосининг Телеграм рақамига Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан раддия хати келиб тушди.

XS
SM
MD
LG