Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:37

Самарқанд. ЮНЕСКО ҳимоясидаги зонада яна буз-буз. Навбат 100 йиллик почта биносига келди (ВИДЕО)


Самарқанддаги тарихий почта биноси
Самарқанддаги тарихий почта биноси

25 июль куни Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган, 1910 йили қурилган почта биносининг бир қисми бузила бошланди.

Почтага ëндош ЮНЕСКО ҳимоясидаги турар-жойлар эса, бузилиб бўлган. Шу уйлардан бирининг эгаси¸ самарқандлик Мехрож Абдужабборовнинг Озодликка маълум қилишича¸ почта биносининг бир қисми ва унга ëндош ҳудуддаги турар-жойлар “25 июль куни қонунга зид тарзда экскаваторлар билан йиқиб ташланган”.

Маданий меросни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси Самарқанд бўлими вакилининг Озодликка билдиришича, “маданий мерос обидаси сифатида давлат ҳимоясига олинган почта биносининг бир қисми бузиб юборилган”.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мулозими бузиш ишлари Ўзбекистон президентининг ПК-3507 қарорига асосан амалга оширилганлигини билдирди.

ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудда яна бульдозерлар

Озодлик мобил мухбири 25 июль куни Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган биноларнинг бузилаëтганини видео-тасвирга олди. Видеода акс этишича¸ Самарқанднинг Амир Темур ва Почта кўчаларида экскаватор ва бульдозерлар бундан 100 йил олдин, Чор даврида Николай ғиштдан қурилган биноларни бузмоқда.

Маданий мерос объектларини мухофаза қилиш давлат инспекцияси Самарқанд бўлими бошлиғи Майсара Набираеванинг Озодликка айтишича, “ХХ аср маданий мерос обидаси сифатида давлат муҳофазасига олинган Почта кўчаси, 5 уйда жойлашган почта биносининг ëн деворлари бузиб ташланган”.

Самарқанднинг Юнеско ҳимояси қисмида яна бузиш ишлари бошланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:39 0:00

Ҳоким давлат ҳимоясидаги обидани бузиш тўғрисида қарор чиқарган

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бўлими мулозими Озодлик билан 25 июль кунги суҳбатида почта биноси бузилиши "ҳоким қарорига кўра¸ мутлақо қонунга биноан" амалга оширилаëтганини айтди:

- Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов жорий йил 11 майда имзо чеккан 823- қарорга кўра бузилмоқда. Бу қарорнинг иловасида бузилаëтган бинолар аниқ кўрсатилган. Иловада 15 рақами билан белгиланган Самарқанд шаҳар почта алоқа тармоғи биноси бузилмоқда. Ҳозир ярми бузилди¸ қарорда бутун бино бузилсин дейилган. Қарор Ўзбекистон президентининг 2018 йил, 3 февралдаги 3507- қарори асосида қабул қилинди¸- деди мулозим ва бузилишлар тўғрисидаги қарор ва иловаларни Озодлик мухбирига тақдим қилди.

"Турар ва нотурат-жой биноларини бузиш тўғрисида", деб аталадиган шаҳар ҳокими қарорининг иловасида Самарқанд шаҳар Почта кўчаси, 5- уйдаги бино бузилиши аниқ кўрсатилган. Ҳокимлик мулозими тақдим қилган ҳужжатларга кўра¸ бузилган қадимий бино ўрнида Самарқанд Тиббиëт институти учун алюкабонд билан безаладиган замонавий ойнаванд беш қаватли иморат қурилади.

Ҳоким қарори қонунга зид

Маданий мерос объектларини мухофаза қилиш давлат инспекцияси Самарқанд бўлими бошлиғи Майсара Набираеванинг айтишича¸ “Самарқанд тарихий марказидаги ЮНЕСКО рўйхатига киртитилган ҳудудда олиб борилаëтгаан бузиш ишлари Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонуннинг 30-¸ 32- ва 33- моддаларига зиддир.

- Самарқанд шаҳар Почта кўчаси, 5- уйда жойлашган почта биноси 1910 йилда қурилган ва тарихий аҳамиятга эга. Бу тарихий обидани ўраб турган Николай ғиштдан қурилган деворнинг бир қисми жорий йил 30 апрелида йиқитилгани ҳақида далолатнома тузилган. Шундан кейин бино атрофида қурилиш ишлари тўхтаган эди. 25 июль куни почтанинг ëндош биноларини бузиш бошланди. Бу ҳудуд ЮНЕСКО ҳимоясига олинган бўлиб ҳар қандай бузиш-қуриш ишлари олиб борилиши мумкин эмас,- деди Майсара Набираева Озодлик билан суҳбатда.

Маданият вазирлиги ҳавотир билдирди

25 июль куни Ўзбекистон Маданият вазирлиги маданий обидаларни асраш борасида матбуот анжумани ўтказди. Вазирлик вакили Мавлуда Асқархўжаева анжуманда иштирок этган Озодлик мухбири саволига жавобан “Самарқанддаги давлат мухофазасига олинган обидаларни қурилиш ширкатлари ва совуққон мулозимлар ўзбошимчалиигидан ҳимоя қилиш учун жиддий ишлар қилинаëтганини” таъкидлаган. Асқархўжаевага кўра ¸ айнан вазирлик саъй-ҳаракати билан кўплаб обидалар, хусусан почта биноси буткул вайрон қилинишдан асраб қолинган.

“Почта биноси нишонда”

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича¸ “Почта биносининг ярми бузилган ва ярми бузиш учун нишонга олинган”

- Вазирлик мулозими почта биноси қисман сақланиб қолинди, дебди. Раҳмат дейликми шунга? Мендаги ҳужжатга кўра¸ почта биносининг сақланиб турган фасади атрофида Тиббиëт институти факультети қурилар экан. Почта идораси бинодан кўчиб кетар экан. Яъни почта биноси қаровсиз қолади. Кейин уни қаровсиз қолиб яроқсиз холга келди дея бузиб ташлашади. Бунга мисол кўп. Масалан Николай даврида қурилган Жўрабек масжидига ўт қўйиб ëқиб юбориб “яроқсиз холга” келтириб¸ охирида бузиб ташлашган эди. Менга битта нарса тушунарсиз. Очкўз чиновниклар ëки ўзбилармон мулозимлар нега гапни айлантиришмоқда? Кимни алдашмоқчи? Мана ҳоким қарори қўлимда турибди. "Почта биноси бузилсин", деб аниқ ëзилган. Бунга чек қўя олмаган ëки панжа орасидан қараëтган Маданият вазирлиги мулозимларини ҳам обида вайрон бўлишига шерик деб биламан,- деди меъмор Турдиев.

Почта биноси бузилаëтгани Бош прокуратура назоратида

Ўзбекистон Бош прокуратураси Самарқанддаги обидалар бузилиш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Озодликкка билдирган прокуратура мулозимига кўра¸ 1910 йилда қурилган ва ЮНЕСКО ҳимоясидаги ҳудудда жойлашган почта биноси билан боғлиқ масалани ҳам Бош прокуратура ўз назоратига олган.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармаси мулозимининг Озодликка билдиришича, Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида ЮНЕСКОнинг талабларига зид равишда қурилиш ишлари олиб борган ва бунга билатуриб рухсат берган ўндан ортиқ собиқ мулозим ҳам ҳибсга олиниб, сўроқ қилинмоқда:

- Бу амалдорлар ўзбошимчалиги боис тарихий-маданий объектлар бузилган. Самарқанд туристлар учун ўз жозибасини йўқотиш ҳавфи остида қолган. Туристлар Самарқандга янги биноларни эмас, асосан тарихий обидаларни томоша қилиш мақсадида келишини ҳозир ҳибсда бўлган вилоят ҳокими инобатга олмаган¸ - деди Ўзбекистон Маданият вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармаси мулозими.

XS
SM
MD
LG