Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:30

“Саидазиз медгородок” 20 йилга озодликдан маҳрум этилди


“Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев (Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати фотоси)
“Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев (Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати фотоси)

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида 5 август куни жамоатчиликка “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев ва шерикларига оид жиноят иши бўйича ҳукм ўқилди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, суд “Саидазиз медгородок”ка 20 йиллик қамоқ жазоси тайин қилган, жазо муддатини у умумий тартибдаги колонияда ўтайдиган бўлган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 168-моддаси (фирибгарлик), 242-моддаси (жиноий уюшма ташкил этиш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 277-моддасида (безорилик) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган Саидазиз Саидалиевга аввалроқ прокурор ҳам 20 йиллик қамоқ жазосини сўраган эди.

“Саидазиз Медгородок” ва 28 киши иши бўйича маҳкама жараёни 11 июнь куни Юнусобод туман судида бошланган эди.

36 ёшли Саидазиз Саидалиев ҳамда шериклари Ўзбекистонда, хусусан пойтахт Тошкентда ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида қўлга олинган эди.

Мазкур тадбирлар чоғида яна жиноят оламида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев, “Зики эски шаҳар” лақабли Лутфулла Умаров, “Бохо завхоз” лақабли Баҳодир Султонов ҳамда жиноят оламининг бошқа вакиллари ушланганди.

Ўтган етти ой мобайнида юқорида номи зикр этилган шахслардан суд ҳукми билан Салим Абдувалиев 6 йилга, Лутфулла Умаров 6 йилу 2 ойга, Баҳодир Султонов 10 йилга, Бахтиёр Қудратуллаев эса 20 йилга қамалган.

Форум

XS
SM
MD
LG