Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:36

Беписанд, бирёқлама, ҳақоратомуз. Рус матбуоти Мирзиёев сафарини қандай ёритди?


Путин қайта президентликка сайланган Мирзиёевни "мураккаб ва оғир юмушлар" кутаётганини айтган.
Путин қайта президентликка сайланган Мирзиёевни "мураккаб ва оғир юмушлар" кутаётганини айтган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19 ноябрь куни Россияга амалга оширган ташрифи унинг ўтган ой қайта президентликка сайланганидан буён иккинчи хорижий сафари бўлди.

Ўзбекистон раҳбари 12 ноябрь куни Туркий кенгаш саммитида иштирок этиш учун Истанбулга сафар қилган эди.

Аммо Россия ОАВларининг аксари Ўзбекистон раҳбарининг ташрифини президент сайловидан кейинги илк хорижий ташриф дея баҳолади.

Мирзиёев Путин билан сўнгги марта 2020 йил ёзида, Москвада – коронавирус пандемияси сабаб кечиктирилган Ғалаба байрамида кўришган эди.

“Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни қадрдон дўсти каби қаршилади – меҳмонни аввал бағрига босди, сўнг қўлини сиқди. Кремлда ҳамма ҳам бундай хушҳол қарши олинмайди. Ижтимоий масофа ҳам бир муддат четга сурилди”, – деб ёзди “Комсомольская правда” газетаси.

Мирзиёевни сайловдаги ғалаба билан табриклаган Путин уни мураккаб ва оғир юмушлар кутаётганини таъкидлаган, Ўзбекистон шунчаки яқин қўшни эмас, балки иттифоқчи эканини урғулаган.

“Коммерсантъ” нашри ташрифга доир мақолада икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2021 йил якунида 7 миллиард долларга етишини “мисли кўрилмаган” ўсиш дея баҳолади. Қайд этилишича, Ўзбекистон ялпи савдо айланмасининг 18 фоизи Россия улушига тўғри келмоқда.

“Ura.ru” ахборот агентлиги эса президентлар учрашуви ҳақидаги мақолани “Путин постсовет маконида муҳим иттифоқчи ёллади” (“Путин завербовал ключевого союзника на постсоветском пространстве”) деган тагдор маъноли сарлавҳа билан чоп этди.

Мақолада айтилишича, ушбу учрашув ортидан Россия постсовет маконида иккинчи йирик бозорга кириш имконини қўлга киритаётир.

Марказий Осиё бўйича мутахассис Аркадий Дубнов Путин Мирзиёев билан видеоалоқа орқали эмас, юзма-юз мулоқот қилганини хайрихоҳларча муносабат ифодаси деб атаган. Айни чоқда, Кремлни норози қилаётган жиҳатлар ҳам борлигини тан олган.

“Ҳамкорликнинг ҳозирги даражасидан кўнгли тўлмаётган Москва (Ўзбекистондан) Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлишни талаб қилмоқда. Тошкент фурсат пойлаётир”, – дейди А.Дубнов.

“Новости” ахборот агентлиги ташриф доирасида 18 та икки томонлама ҳужжат имзолангани ҳақида мухтасар хабар чоп этиш билан чекланди.

"Хўжайин" ва "хизматчи"

Актёр ва телебошловчи Тигран Кеосаяннинг “НТВ” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Международная пилорама” кўрсатувида Путин–Мирзиёев муносабати "хўжайин" ва "хизматчи" муносабати ўлароқ талқин этилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистон раҳбарига нисбатан телеэкран орқали беписанд ва ҳақоратомуз лавҳа берилишини Москванинг огоҳлантириши, деб атайди. Унинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, Кеосаян каби улкан пропаганда машинасининг мурватлари Кремлнинг маъқулловисиз Ўзбекистон етакчиси шаънига қарши бир оғиз ҳам номақбул гап айтмаслиги кундек равшан.

“Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бу каби ҳаддан ошиш, провокацион чиқишлар бўйича норозилик билдириши шарт”, – дейди А.Абдуқодиров.

“Россия-1” давлат телеканалида намойиш этилган “Москва. Кремль. Путин” кўрсатувида ҳам Мирзиёевнинг Москвага ташрифи якуни бўйича лавҳа намойиш қилинди. Репортаж муаллифи Мирзиёевни зўр бериб, “ўзимизнинг одам” деб уқтиришга уринади. Ўзбекистон президентининг БМТ минбарида рус тилида маъруза қилгани ҳам Россияга ҳурмат ўлароқ талқин этилди.

Мақом берилмаган ташриф

“Телеграм”нинг ўзбекзабон платформасида таҳлилий мақолалари билан тилга тушган “Platforma.uz” канали рус матбуоти Ш.Мирзиёевнинг Москва ташрифини бирёқлама ёритди деб ҳисоблайди.

“Россия бизни қандай кўришни истайди: тенг шерик ҳамкор ёки мустабид ўлка?!” деб номланган мақолада ёзилишича, Кремль Ўзбекистон раҳбарияти олдига ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиш шартини қўймоқда.

“Бу галги ташрифга ҳам узоқ тайёргарлик кўрилди. Ташриф олди Москвада бошланган таълим ва медиа форумларни кузататуриб, унинг мақоми давлат ёки камида расмий даражада бўлади деб ўйлаган эдик. Аммо расмий Тошкентнинг аввало ўз манфаатларини устун қўяётганини кўриб турган Путин командаси бу ташрифга ҳеч қандай мақом бермади”, – дейди муаллиф.

Мирзиёевнинг Москвага сафари муҳожирлар умидини пучга чиқарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:45 0:00

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг ЖСТга киришга интилаётгани, АҚШ ва Европа, шунингдек, Туркий тилли давлатлар билан ҳамкорликни кучайтираётгани Кремлга хуш келмаётир.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, Россия ОАВ Мирзиёевнинг Москвадаги музокараларига камтарона ўрин ажратди. Сафарнинг амалий ташриф мақомига туширилгани ҳам Кремлнинг норозилиги белгисидир.

“Учрашув пайтида айтилган расмий оҳанглар – кўтаринки. Лекин ташриф мақоми, протокол, ўзаро сўзлашувлар хажми ва самимийлигида совуққонлик ҳукмрондек. Айни пайтда, икки томон ҳам ички, чуқур вазиятни расмийлаштиришни, сиёсий тус беришни истамайди. Иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик реал ошмоқда, лекин сиёсий ва геосиёсий масофа бироз кенгайгандек”, – деб хулоса қилади К.Раббимов.

XS
SM
MD
LG