Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:52

RSF “матбуот эркинлиги душманлари" рўйхатини эълон қилди. Мирзиёев ҳозирча рўйхатда йўқ


Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти жаҳондаги “матбуот эркинлиги душманлари” рўйхатини эълон қилди. Мазкур рўйхатга ўз мамлакатида цензура ўрнатган ва журналистларга қарши зўравонликларга кўз юмаётган 37 нафар давлат ва ҳукумат раҳбарлари киритилган.

Рўйхатда собиқ совет ҳудудидан Россия президенти Владимир Путин, Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов исмларига дуч келиш мумкин.

Бу йилги “матбуот душманлари” рўйхатидан Европа Иттифоқига кирувчи мамлакатлардан бирининг ҳукумати раҳбари ҳам ўрин олган. Бу ерда гап Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳақида бормоқда.

Ҳужжат муаллифларига кўра, мазкур лидерлардан ҳар бирининг ўз бошқарув услуби ва журналистларга босим ўтказиш бўйича ўз йўли бор. Дейлик, Владимир Путиннинг услуби , “Чегара билмас мухбирлар”га кўра, миллий авторитаризмдир. Бу мамлакатда ҳукумат 2012 йилдан бери оғишмай интернет устидан назоратни кучайтириб, контентнинг муайян турларини тақиқлаб, фуқаролар устидан назорат ўрнатиб келмоқда.

Александр Лукашенконинг методини эса, ҳисобот муаллифлари “давлат террори” ўлароқ таърифлаганлар. Унинг устувор вазифаларидан бири кўча намойишларининг ОАВда ёритилишига йўл қўймасликдир. Бунинг учун Лукашенко, ҳисобот муаллифлари иддаосича, журналистларни ёппасига ҳибсга олишни буюради, уларга таҳдид қилади ва ҳатто қамоқхоналарда қийноққа дучор қилади.

“Чегара билмас мухбирлар” фикрича, Лукашенко журналистларнинг овозини ўчириш учун ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Бу йилги рўйхатга икки аёл лидер – Пекиннинг қўғирчоғи ўлароқ кўрилган Ҳонконг маъмурий ҳудуди раҳбари Кэрри Лам ҳамда Бангладеш бош вазири Шайх Ҳасина ҳам киритилган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти “матбуот эркинлиги душманлари рўйхати”ни эълон қилишни бошлаганидан буён унда энг узоқ қолган раҳбарларидан бири Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов бўлган.

2016 йилда ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёевнинг номи ҳали бирор марта мазкур рўйхатга киритилгани йўқ. Аксинча, Мирзиёев ҳукмронлигининг дастлабки йилларида “Чегара билмас мухбирлар” дохил қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги борасида, аста-секин бўлса-да, ижобий қадамлар ташлана бошланганини эътироф этганлар. Аммо халқаро матбуот ташкилотларига кўра, шу йил октябрида қайта сайланиши кутилаётган президент Мирзиёев ҳукумати сайловлар йилида матбуот, хусусан, интернет нашрлари устидан назоратни кучайтирганини айтишмоқда.

“Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари мавжуд ва ҳукумат ҳануз матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди. Блогерлар ҳануз таҳдидга учрамоқда, ҳибс қилинмоқда. Ҳукумат хорижий ва қувғиндаги журналистларга эшигини очди, аммо айрим ахборот воситалари, жумладан АҚШ молиялайдиган Озод Европа/Озодлик радиоси учун аккредитация олиш мушкуллигича қолмоқда”, дейилади “Чегара билмас мухбирлар”нинг олдинроқ эълон қилган баёнотида.

Шу йилнинг 31 мартида Ўзбекистонда Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларидаги ўзгартиришлар кучга кирди.

Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган янги қонунга кўра, президентни телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда ҳақоратлаш, уни туҳмат қилишда айбланганлар 5 йилгача қамалиши мумкин.

Бундан ташқари, Жиноят Кодексига, ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали оммавий норозиликка даъват учун ҳам жавобгарлик киритилди.

Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси аввалроқ бу ўзгаришларни кескин қоралаб чиққан:

“Октябрга белгиланган президент сайлови яқинлашаркан, ҳукумат, қонунчиликка тузатишлар киритиш воситасида сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтиришга бел боғлаган кўринади. Агар ўзбек расмийлари либерал ислоҳотларга чин дилдан ҳаракат қилаётганига дунёни ишонтиришни истаса, матбуот эркинлигини чекловчи ва ўз танқидчиларига жарима ҳамда қамоқ хавфини туғдирувчи қонунларни бекор қилиши керак”, дейилган қўмита баёнотида.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда TikTok, Twitter ва ВКонтакте каби ижтимоий тармоқ платформалари фаолиятининг чеклана бошлагани ҳам яна бир хавотирли тенденция ўлароқ кўрилмоқда.

Президент Мирзиёев Амир Темур ва Алишер Навоийга қўйилган тарихий обидаларни ҳақорат қилгани айтилган айрим ТiкТок фойдаланувчиларини танқид қилиши ортидан “Ўзкомназорат” давлат инспекцияси "шахсий маълумотларни қайта ишлашдаги қонунбузарликлар" сабабли баъзи ижтимоий тармоқларнинг ишини чеклаб қўйганини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG