Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:52

Россия учун транзит. АҚШнинг Ўзбекистон ҳам киритилган янги рўйхати нимани англатади?


АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё республикаларини санкция қўлланган товарларни Россияга ташишда транзит сифатида қўлланиши мумкин бўлган мамлакатлар сирасига киритди. Мазкур рўйхатни АҚШ Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи ҳамда Саноат ва хавфсизлик бюроси эълон қилди. Иккала идора ҳам молия муассасаларини жисмоний ва юридик шахсларнинг экспорт назоратидан бўйин товлашга уринишига нисбатан сергак бўлишга чақирган.

Ҳам фуқаровий, ҳам ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин бўлган товарларни ўз ҳудуди орқали Россия ва Беларусга ўтказган потенциал санкциябузар мамлакатлар учун қандай хавф-хатар мавжуд? “Настояшчее время” мухбири ушбу саволга экспертлардан жавоб олди.

Марказий Осиё мамлакатлари АҚШ ҳукумати томонидан расман шубҳа остига олинди. Бундан кейин минтақадан Россия ёки Беларусга экспорт қилинажак барча моллар – улар орасида санкция қўлланган маҳсулотлар бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида синчиклаб текширилади. Хусусан, учоқлар учун эҳтиёт қисмлар, гидроакустика тизимлари, антенналар, спектрофотометрлар, синов ускуналари, GPS тизимлари, вакуумли насослар ва нефть қазиб олиш жиҳозларини ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкинлиги важидан Россия ва Беларусга экспорт қилиш тақиқланган.

“Ушбу чора-тадбирлар – Россия ва Беларусга иқтисодий босимни кучайтириш орқали уларнинг Украинага қарши урушда фойдаланаётган ҳарбий салоҳиятини заифлаштиришга қаратилган мувофиқлаштирилган халқаро чора-тадбирларнинг бир қисмидир. Россиянинг мудофаа саноати ҳамда ҳарбий ва разведка хизматларига керак бўладиган товарларни қўлга киритиш имкониятларини чеклаш лозим”, дейилади АҚШ Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи ҳамда Саноат ва хавфсизлик бюроси баёнотида.

Рўйхатда Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан ташқари Бирлашган Араб Амирликлари, Мексика, Тайвань, Хитой, Ҳиндистон ва бошқалар ҳам бор. Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ўз мамлакатининг санкцияларни четлаб ўтишда Россияга муҳтамал ёрдами хусусида фикр билдирган эди. Россия пропагандаси устунларидан бири бўлмиш “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида Тоқаев Қозоғистоннинг ҳолатини қадимги юнон афсоналари қаҳрамони – Одиссей бошига тушган фалокатларга менгзаган.

“Санкциялар ўз номи билан санкциялар. Биз уларни бузмаслигимиз керак. Боз устига, санкцияларни бузган тақдиримизда Ғарб томонидан бизнинг иқтисодиётимизга нисбатан иккиламчи санкциялар қўлланиши тўғрисида хабарномалар оляпмиз. Яъни, ўта мураккаб, қалтис вазиятдамиз – мен буни Сцилла ва Харибда орасидан ўтиш деб атаган бўлардим”, деган эди Қозоғистон президенти.

Иқтисодчи Айдар Алибоевга кўра, АҚШ рўйхатига тушган Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар кўп ташвиш чекмаса ҳам бўлади. Ман қилинган маҳсулотларни олиб ўтишга уриниш хусусий корхона тарафидан содир этилган тақдирда жазо фақат унинг ўзига берилишига экспертнинг ишончи комил. Айни чоғда Алибоев бунақа ҳоллар бўлишига, эҳтимол аллақачон бўлганига шубҳа қилмайди.

“Қандайдир ташкилотлар, қандайдир тадбиркорлар қора рўйхатга тушиши мумкин, албатта. Лекин мен иш бутун Қозоғистонга санкциялар қўллашгача боради, деб ўйламайман. Нега? Чунки хусусий тарзда санкцияларни бузиш ҳолатлари кўп бўлмайди, яъни бутун мамлакатни ёппасига санкцияга тортиш учун кифоя қилмайдиган даражада бўлади. Қолаверса, бир-иккита санкциябузар аниқланиб, жазога йўлиқса, қолганлар бу ишга қўл урмасликка тиришади”, дея мулоҳаза қилади иқтисодчи.

Россияга ёрдам бергани учун санкцияга учраган биринчи ва ҳозирча ягона корхона – Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic фирмаси бўлиб турибди. Америкаликлар уни Россиянинг “Радиавтоматика” ширкатига алоқадор, деб ҳисоблашмоқда. Фирма Россия мудофаа комплекси корхоналарига электрон ускуналар етказиб беради. Қозоғистон ҳукумати молларни Россия ва Беларусга реэкспорт қилишда эҳтиёт бўлишга чақирди. Ҳатто улар учун санкциялар рўйхатига киритилган товарларни қидириб топишга мўлжалланган махсус сервис ҳам яратилган.

АҚШ рўйхатига тушиш – ушбу мамлакатлар Россиянинг агрессив сиёсатини дастаклаётганини билдирмайди. Қозоғистонлик сиёсатшунос Газиз Абишев ҳам шуни таъкидлайди. У АҚШ мазкур рўйхатга Москванинг иттифоқчилари билан бирга, ўзининг эски ҳамкорлари – Тайвань, БАА ва Исроилни ҳам қўшганига эътибор қаратади. Абишевга кўра, Вашингтон Россиянинг урушни давом эттириш учун зарур жиҳозлар ва техникаларни қўлга киритишини мумкин қадар қийинлаштирмоқда, холос.

“АҚШ Россия иқтисодиётига кислород кириши мумкин бўлган тешик-тирқишларни ёпмоқда. Бир нарсани тушуниб олишимиз керак: Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси хўжакўрсинга ишлаётгани йўқ. У ерда ўтирган ақлли одамлар Қозоғистон ҳозирда иқтисодий, ҳарбий-сиёсий ва ахборот жабҳаларида Россиянинг кучли босими остида эканини тушунишади. Улар вазиятга реал кўз билан қарар экан, Россия иқтисодиёти барибир Қозоғистондан маълум даражада ўзига хос “бэкдор” ўлароқ фойдаланишини инкор эта олмайдилар. Муҳими – мамлакатнинг божхона постлари эгасиз қолиб кетмасин, Америка ва Ғарб оламининг Россия иқтисодиётини ҳолдан тойдириш ғоясига жиддий путур етказадиган хатти-ҳаракат бўлмасин. Вассалом. Улар мана шуни кузатиб туришади. Санкцияларга баҳолиқудрат риоя қилинса, Қозоғистонга ҳеч қандай хавф бўлмайди”, дейди у.

Шунга қарамай Габишев Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар иккиламчи санкцияларга йўлиқиши мумкин, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, санкциялар қўлланган маҳсулот ташувларида давлат билан аффилланган ширкат иштирок этгани фош бўлса, муаммо чиқиши аниқ.

“Қозоғистондаги 100 фоиз шахсий ёки таъсисчилари чет элликлар бўлган ширкат тақиқланган маҳсулотларни ташиб АҚШ молия муассасалари томонидан фош этилгудек бўлса, Қозоғистон ҳукумати “бизнинг бунга дахлимиз йўқ. Биз бизнесни таъқиб қилмаймиз. Ширкатлар мустақил фаолият юритади, уларга нисбатан текширувлар ўтказмаймиз”, деб айта олади. Бунақа ҳолатда АҚШ ҳукумати қоидабузар ширкатнинг ўзини жазолайди, Қозоғистонга айбдор қилинмайди. Масалан, Европа “Фейсбук” ширкатини жаримага тортса, бу АҚШ давлатига нисбатан жарима дегани эмас-ку, тўғрими? Шу боис ҳам Америка бошқа мамлакатлардаги хусусий ширкатларни аниқ, манзилли жазолаш амалиётини қўллайди. Аммо бунақа ишларда давлатнинг улуши бор ёки давлат реал таъсир ўтказа оладиган ширкатнинг қўли борлиги аниқланса, ёхуд ширкат Қозоғистон ҳукуматининг бевосита ёрдамидан фойдалангани исбот қилинса, бу бошқа масала. Бунақа ҳолатда АҚШ Қозоғистонга босимни кучайтириш учун ниҳоятда мураккаб бюрократик тартиб-таомилларни жорий этиши мумкин”, дейди Габишев.

XS
SM
MD
LG