Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:54

Россияда меҳнат муҳожирлари болаларини мактабга жойлаштиришга қийналмоқда


Ўзбекистонда ҳам болалар етарли билим олиш имкониятидан маҳрум
Ўзбекистонда ҳам болалар етарли билим олиш имкониятидан маҳрум

Россия шаҳарларида меҳнат муҳожирлари ўз фарзандларини мактабга қўйишда муаммоларга дуч келмоқда.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоллари Россия ҳокимиятини муҳожирлар фарзандларининг билим олишларига имкон яратишга чақирди.

Россия ҳуқуқ фаолларига кўра, мактаб раҳбарлари ўрин йўқлигини баҳона қилиб, меҳнат муҳожирлари фарзандларини мактабга қабул қилмаётир.

Ваҳоланки, 2015 йил августида Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти шикоят аризасини кўриб чиққан Россия Олий суди болаларни мактабга қабул қилишда регистрация, яъни қайддан ўтиш талаби асос бўлмаслигини этироф этганди.

Ўз тушунтириш хатида билан Олий суд қайддан ўтмаган муҳожирлар болаларини мактабда ўқишларига изн берди.

Ўтган йил августига қадар Россияда қайддан ўтмаган муҳожирлар фарзандларини мактабга олиш қонунан тақиқланганди.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти эксперти Константин Троицкийнинг айтишича, суд қарорига қарамасдан Россия шаҳарларида, хусусан Москвада қайддан ўтмаган муҳожирлар болаларини мактабга қабул қилмаслик ҳоллари учраб туради.

- Москвада “госуслуга” интернет портали йўлга қўйилган. Фақат ушбу портал орқали болалар мактабларга қабул қилинади. Ота-оналарнинг ўзлари тўғридан тўғри мактабга ёки маълумот марказларига мурожаат қилсалар ҳам, барибир, улар яна интернет порталига юборилади. Ушбу порталда болани мактабга олиш учун керакли ҳужжатлар рўйхатида талабгорнинг регистрация, яъни қайддан ўтиш ҳужжати талаб қилинади. Шу сабабли регистрацияга эга бўлмаган хорижийлар болалари Москва мактабларида ўқишга қабул қилинмаяпти. Бу - қонунга хилоф. Болани мактабга қабул қилиниши учун регистрация талаб этилмаслиги керак. Лекин Москвада қайддан ўтмаган муҳожирлар болаларининг мактабга олинмаётгани ҳақида бизга маълумотлар бор, деди Константин Троицкий.

Кузатувчилар кўп ҳолларда мигрант болаларни мактабга қабул қилиш ёки қилмаслик мактаб раҳбарияти райига боғлиқ бўлиб қолаётганидан таассуф билдирмоқда.

Москва вилояти Пушкино туманида истиқомат қилувчи икки фарзанднинг отаси Назар болаларини мактабга жойлашда ҳозирча муаммоларга дуч келмаганини гапиради.

У муҳожирлик ҳаёти қийин бўлишига қарамасдан, фарзандларига яхши билим беришга ҳаракат қилаётганини айтади.

- Болаларимнинг мактабга беришда бирон муаммо бўлгани йўқ. Фақат ўзим ва боламнинг ҳужжатларини кўришди, холос. Қўшимча бирор нарса талаб қилишгани йўқ. Қизчам ҳозир 3 синфда ўқийди. Албатта, аввалига рус мактабида ўқиши қийин кечди. Репититор олишга тўғри келди. Ҳафтада икки мартба икки соатдан қўшимча дарс олди. Йил охирига бориб, дарсларни яхши ўзлаштира бошлади. Бу йил, Худо хоҳласа, яна бир қизчам 1 синфга боради. Мактаб учун қўшимча пул тўламаймиз. Ҳозирга қадар мактабда ирқий камситиш ҳолларини учратганимиз йўқ, деди Назар.

Назарни Россияда бахти чопган, омадли муҳожирлар сирасига киритиш мумкин.

Аммо фарзандларини мактабга жойлаштиришда қийинчиликларга дуч келаётган муҳожирлар кам эмас.

Иваново шаҳри ўзбеклар жамияти лидерларидан бири Салимжон Амировнинг Озодликка айтишича, меҳнат муҳожирлари болаларининг мактабда ўқишлари учун қайддан ўтиш ҳужжати талаб қилинади.

- Ўзбекистондан келган болалар учун асосий муаммо – рус тилини яхши билмасликлари. Рус тили билими етарли бўлмаса, бир синф пастга олишади. Мисол учун, 3 синфда ўқиган бўлса 2 синфга қабул қилинади. Ота-онадан фақат вақтинча қайддан ўтиш ҳужжати талаб қилинади, деди Салимжон Амиров.

Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ватандошларидан фарқли ўлароқ, ўзбек ва тожик муҳожирларидан ишлаш рухсатномаси (патент) ҳамда рус тили-тарихидан имтиҳон топширишлари талаб этилади.

Салимжон Амиров ушбу ортиқча харажатлар ҳам ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар, жумладан ўзбекистонлик болаларнинг билим олишларига салбий таъсир қўрсатади, дейди.

Мустақил экспертларга кўра, Марказий Осиё муҳожирлари болаларининг 15 фоизи мактабда дарс ўқиш имконига эга эмас. Балоғатга етмаган мактаб ёшидаги болалар бозорларда ёки қурилиш иншоотларида ишлашади.

Россияда меҳнат қилаётган айрим муҳожир ота-оналар эса эрта тонгдан кечгача иш билан банд бўлиб, болаларининг ўқиш ва тарбиясига деярли вақтлари қолмаслигини айтади.

Россия миграция идораси 2016 йилнинг апрел ойида келтирган рақамларга биноан, мамлакатда 800 мингдан ортиқ 17 ёшгача бўлган хорижий ҳисобда туради.

XS
SM
MD
LG