Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:00

Қирғизистон ва Россия биргаликда ҳаводан мудофаа тизимини яратади


Россиянинг Қирғизистондаги Қант ҳарбий ҳаво базаси.
Россиянинг Қирғизистондаги Қант ҳарбий ҳаво базаси.

Россия ҳукумати Қирғизистон билан биргаликда ҳаводан мудофаа тизимини яратиш бўйича келишувни маъқуллади. Ҳужжат икки давлат мудофаа вазирлари томонидан ўтган йили имзоланган эди.

Расмийлар бу анчадан бери режалаштирилаётган лойиҳа эканини айтса-да, мазкур келишувга Украинадаги уруш фонида эришилгани хавотир билан қабул қилинмоқда.


Россия ҳукуматининг Россия ва Қирғизистон ўртасида ҳаво ҳужумларига қарши қўшма мудофаа тизимини яратиш ҳақидаги қарори рус ҳукумати расмий сайтида эълон қилинди. Ҳужжатни Россия Федерацияси бош вазири Михаил Мишустин имзолаган.

Ҳужжатда, “2022 йил 16 августда Москва шаҳрида имзоланган “Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикасининг минтақавий қўшма ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш тўғрисида”ги битим маъқуллансин ва Давлат Думаси томонидан ратификация қилиш учун Президентга тақдим этилсин”, — дейилади.

Қарор эълон қилинган 10 апрель куни Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилгани маълум бўлди. Суҳбатда улар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида гаплашгани айтилади.

Россия президенти Владимир Путиннинг ўзи икки давлат ўртасида ҳаво ҳужумидан ягона мудофаа тизимини яратиш тўғрисидаги буйруқни 2022 йил 8 июлда имзолаган эди.

Шундан сўнг Россия ва Қирғизистон мудофаа ва ташқи ишлар вазирликлари мутахассислари иштирокида учрашувлар бўлиб ўтган. Шунингдек, Қирғизистон мудофаа вазири Бактибек Бекболотов ўтган йилнинг 15-16 август кунлари Москвада бўлиб, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан шартномани имзолаб келган.

Россия ва Қирғизистон мудофаа вазирларининг Москвадаги учрашуви. 2022 йилнинг 16 августи.
Россия ва Қирғизистон мудофаа вазирларининг Москвадаги учрашуви. 2022 йилнинг 16 августи.

Қирғизистон Мудофаа вазирлиги ҳам келишувни Жўғгўрқу Кенеш муҳокамасига тақдим этган. Кейинроқ ҳужжат парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитасида кўриб чиқилаётгани маълум бўлган. Бироқ, парламент уни ратификация қилгани ёки қилмагани ҳақида ҳеч қандай маълумот чиқмаганди.

Бу борада Мудофаа вазирлигидан изоҳ олиш имкони бўлмади. Аввалроқ Азаттиқ радиоси қирғиз хизматига интервью берган Бактибек Бекболотов бу борада қуйидагиларни билдирган эди:

Бактибек Бекболотов.
Бактибек Бекболотов.

“Ягона ҳаво тизими мудофааси лойиҳаси кўп йиллардан бери режалаштирилган. Ушбу лойиҳа доирасида Россия президентининг буйруғи чиқди. "Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бирлашган минтақавий ҳаво мудофаа тизими" бугун пайдо бўлмади. Кўп йиллар давомида ишлаётган лойиҳа. Агар бу амалга ошса Қирғизистоннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ўзгаради. Аввалдан музокаралар бошланганди. Ҳозирда бу масалада ишчи гуруҳлар ишламоқда”.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги ёзганидек, Россия ва Қирғизистоннинг қўшма ҳаводан мудофаа тизими махсус тузилмага ўхшайди. Унинг таркибига киритилган қўшинлар ҳар икки томоннинг ваколатли органлари томонидан танланади. Қирғизистонга Россия кучларини жойлаштириш учун Қирғизистон томони шартномада белгиланган муддатдан аввал Россияга беш гектар ерни бепул бериши керак бўлади.

1995 йил 10 февралда МДҲга аъзо 12 давлат раҳбарлари Олмаота шаҳрида ҳаво ҳужумидан мудофаа ягона тизимини яратиш тўғрисидаги битимни имзолаганди. Унинг таркибида Россия ва Қирғизистондан ташқари Озарбайжон, Молдова, Арманистон, Беларус, Тожикистон, Грузия, Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Украина ҳам бор эди. Бироқ Украина ва Туркманистон МДҲнинг асосий қоидаларини қабул қилмаган ва Грузия Россия билан урушдан кейин ташкилотни тарк этган.

Шу сабабли, Россия ҳамкор давлатлар билан ташкилотдан ташқари, индивидуал равишда ҳам турли йўналишларда ҳужжатлар тузишга киришди. Масалан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш бўйича келишимни 2009 йилда Беларус билан, 2014 йилда Қозоғистон билан, 2016 йилда Арманистон билан, 2021 йилда Тожикистон билан тузган. МДҲнинг бошқа давлатлари билан бу йўналишдаги ҳужжатлар имзолангани номаълум.

Хавфсизлик Кенгашининг собиқ котиби, собиқ бош вазир ўринбосари Тўқон Мамитов ушбу масала юзасидан қуйдагиларни айтади:

Токон Мамитов.
Токон Мамитов.

“Чегарачиларимиз қуруқликдаги чегарани мукаммал ҳимоя қилади, аммо вертикал чегарамиз коинотгача чўзилган. Ўша тамон ҳам ҳимоя қилиниши керак. Чегарачиларимизда қирувчи самолётлар йўқ. Шу боис чегарани осмонда қўриқлаш вазифаси Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларига юклатилган. Бироқ, ҳатто ўша муассасада ҳам ракеталар ва бошқа техник имкониятлар мавжуд эмас. Шунинг учун МДҲ, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (ОДКБ) каби ташкилотлар тузилар экан, аввалига бу каби масалалар эътиборга олинди. Бошқача айтганда, кичик давлатлар бу борада Россиядан ёрдам олади. Бироқ бу ташкилотлар доирасида келишув мавжуд бўлса-да, аниқ икки томонлама шартномалар ҳам зарур. Энди улар бизнинг ҳаво чегарамизни кузатиб, қўриқлаётган экан, буни қонунийлаштириб, юридик жиҳатдан мустаҳкамлаб олиш зарур. Бу бизга керак бўлган, бизга зарур нарса."

Қирғизистонда Россиянинг бир қанча ҳарбий объектлари жойлашган. Улардан энг каттаси Қантдаги ҳарбий ҳаво базаси. Қирғизистондаги Россия ҳарбий объектлари ягона ҳарбий ҳаво базаси бошқарувига бирлаштирилган. Унинг таркибига Қантдаги ҳарбий аэродром, Иссиқкўлдаги Қўйсари ва Қорабулунг торпеда полигони, Чалдебардаги алоқа пункти ва Майлусувдаги сейсмик марказ киради.

“Ҳозир бизда радиолокация ускуналари деярли йўқ. Россиянинг тегишли тизими бизнинг ҳаво чегарамиз периметрини кўриб, қайси самолёт кирганини, қайси вертолёт қаёққа кетаётганини аниқлайди ва бу ҳақда Мудофаа вазирлигимизга хабар беради. Қирғизистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари “бунга рухсат берган, бу номаълум объект” дея тегишли чоралар кўради. Қўшма тизимнинг яратилиши биз уларнинг радар тизимидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўламиз, дегани эмас. Имкониятимиз бўлмагани учун уларни радар станциясини қўриқлаймиз ва фақат тегишли маълумотларини олиб турамиз деган гап”, — деди Тўқон Мамитов.

Қантдаги Россия авиабазаси.
Қантдаги Россия авиабазаси.

Агар Россия тинчлик даврида бошқа давлатлар билан биргаликда ҳаво мудофааси бўйича келишувларни қабул қилган бўлса, Қирғизистон билан келишув Украинада уруш бўлаётган бир даврга тўғри келди.

Шу боис ўтган йили Бишкек ва Москва ўртасидаги келишув ҳақида илк маълумот пайдо бўлганида, бу ташаббусни танқид қилганлар ҳам бўлган эди. Сиёсатчи Мавлян Асқарбеков ҳам ҳудди шундай позицияда:

Мавлян Асқарбеков.
Мавлян Асқарбеков.

“Биринчи навбатда, бундай таклиф жамиятимизда фаол муҳокама қилиниши керак эди. Бу масала ратификациядан аввал Жўғўрку Кенешда муҳокама қилиниб, шундан кейингина бошланган бўлса, тўғри бўларди. Иккинчидан, бу таклифнинг ўзи ҳам ўринсиз. Негаки, ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича қўшма битим тузиш учун давлатлар чегараларини кесиб ўтиш керак. Қўшни, чегарадош бўлиши лозим. Россия ва Қирғизистон умумий чегарага эга эмас, ўртамизда Қозоғистон бор. Россияда Беларус, Қозоғистон ёки бошқа қўшни давлатлар билан бир хил ҳаво майдони бор, лекин у биздан узоқда! Бу ҳам мантиқий, ҳам стратегик тушунчаларга мос келмайди. Шу боис, раҳбарларимиз бу борада ўз позицияларини аниқ айтиб, бундан бош тортишлари керак. Глобал геосиёсий вазиятда ҳар қандай ҳарбий иттифоқ ва бундай келишувлардан эхтиёт бўлишимиз керак. Россиянинг сўнгги ҳолатини ҳисобга олсак, улар турли ҳаракатлар ва комбинацияларни қўллашлари мумкин. Яхшиси, бундай хавфли нарсалардан қочганимиз маъқул”.

Сўнгги пайтларда Қирғизистон ҳукумати қирғиз армияси ҳарбий-техник базасини замонавийлаштириш, жумладан, янги қуроллар сотиб олиш орқали мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлмоқда.

Жорий йилнинг феврал ойида Беларусда ишлаб чиқарилган модернизация қилинган “Печора-2 БМ” мобил зенит-ракета комплекси харид қилиниб, Қирғизистон Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларига топширилган.

Бундан ташқари хорижий мудофаа корхоналарида МИ-8 жанговар вертолётлари капитал таъмирдан чиқарилгани, юк машиналари, тез тиббий ёрдам машиналари, микроавтобуслар ҳам харид қилингани айтилган.

Техникаларни топшириш маросимида Президент Садир Жапаров халқаро вазият жадал ўзгариб бораётганини алоҳида таъкидлаб, дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган қуролли тўқнашувлар тасаввур қилиб бўлмайдиган кўлами ва оқибатлари билан ажралиб туришини таъкидлаган.

Садир Жапаров.
Садир Жапаров.

“Бундан ташқари, ахборот уруши ва ташвиқот билан бир қаторда қуролли курашнинг бошқа ҳарбий усуллари ҳам устунлик қилмоқда. Мавжуд вазият миллий хавфсизлик соҳасида давлат сиёсатини янада кучайтиришни тақозо этмоқда”, — деган эди Жапаров 1 февраль куни.

Қирғизистон ҳукумати ҳимоя, мудофаа ва хавфсизлик соҳасига катта эътибор қаратилаётганини айтиб келади. Вазирлар Маҳкамаси раиси Аилбек Жапаров 29-декабрдаги йиғилишда хавфсизлик соҳасига 2021-йилда 31,2 миллиард, 2022-йилда эса 52,2 миллиард сўм ажратилганини билдирган.

Ҳозиргача Қирғизистон “Аксунгур”, “Акинжи”, “Анка” ҳаво ҳужумидан мудофаа техникаси, “Байрактар” учувчисиз учоқларини олгани расман маълум қилинган.

Форум

XS
SM
MD
LG