Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:49

"Путин адашди". Байден Россиянинг Украинага уруши ҳақида


Президент Жо Байден АҚШ Конгрессида. Вашингтон, 1 март, 2022.
Президент Жо Байден АҚШ Конгрессида. Вашингтон, 1 март, 2022.

АҚШ президенти Жо Байден Конгресснинг қўшма мажлисидаги мурожаатида Путин Украинага қўшин юбориб "катта хатога йўл қўйгани"ни айтди.

“Олти кун олдин Россия президенти Владимир Путин эркин дунё пойдеворини бузмоқчи бўлиб, дунёни ўзининг қўрқинчли режаларига бўйсундираман деб ўйлади. Аммо, у ҳисоб-китобни нотўғри олди", дея таъкидлади Байден.

Конгресс аъзолари Украина байроқлари билан қатнашган йиғилишда, АҚШ президенти Жо Байден автократик рақибларини қаттиқ сўзлар билан тилга олди.

Путин Украинанинг Харков ва Киев шаҳарларини эгаллашга зўр бераётган бир пайтда, Байден Вакиллар палатасида сўзга чиқиб, америкаликларга эркин дунё Путиннинг тажовузкорлигига қарши бирлашганлиги ҳақида гапирди.

"Эркин дунё Путинни жавобгарликка тортмоқда", деди Байден. "Европа Иттифоқининг 27 аъзоси, жумладан Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Канада, Япония, Жанубий Корея каби давлатлар билан бир қаторда Австралия, Янги Зеландия ва бошқа кўплаб давлатлар, ҳатто Швейцария ҳам Россияга зарба бермоқда ва Украина халқини қўллаб-қувватламоқда. Путин ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ дунёдан яккаланиб қолди”.

Байден АҚШ ҳаво ҳудуди Россия самолётлари учун зудлик билан ёпилаётганини маълум қилди.

Украинадаги инқироз сўнгги ҳафталарда Вашингтоннинг асосий диққат марказига айланди. АҚШ ва НАТО иттифоқчилари Россия валюта ва фонд бозорларининг кескин тушиб кетишига сабаб бўлган жиддий санкцияларни жорий қилди. Шунингдек, Украина ҳукуматига ҳарбий ва молиявий кўмак беришга ваъда берди.

Байден Қўшма Штатлар Украинага қўшин киритмаслигини яна бир бор таъкидлади. Лекин, АҚШ ва НАТО иттифоқининг бошқа аъзолари альянс ҳудудини ҳимоя қилишини ҳам алоҳида қайд этди.

"Украиналиклар матонат билан курашмоқда. Аммо келгуси бир неча кун, ҳафта, ой улар учун оғир бўлади", - деди АҚШ президенти.

Байденнинг айтишича, Киев демократия ва автократия ўртасидаги глобал курашнинг марказида турибди ва демократия ғалаба қозонади. Унинг сўзларига кўра, Путин ўз қўшнисига уруш бошлаб катта хатога йўл қўйди.

"У бизни ўз уйимизда, шу хонада бўлиб ташлайман деб ўйлади. Қолаверса, бизни Европадан ҳам ажрата оламан деб ўйлаганди. Лекин Путин хато қилди. Биз тайёрмиз. Биз бирлашганмиз ва шундай бўлди ҳам".

Байденнинг айтишича, бу маълум вақт талаб этади, аммо Қўшма Штатлар ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари ҳамжиҳат бўлиб қолади ва албатта озодлик зулм устидан ғалаба қозонади.

Байден ўтган йил август ойида Афғонистондан АҚШ ҳарбийларнинг тартибсиз олиб чиқиб кетилишига тўхталмаган. Аммо, республикачиларнинг Байден мурожаатига жавобида Аёва губернатори Ким Рейнолдс президентни Афғонистондаги муваффақиятсизлиги учун танқид қилган.

Таҳлилчиларга кўра, ҳозирги инқироздан келиб чиққан ҳолда, Байден ўзининг ташқи сиёсатда асосий эътиборини Украинага қаратган. Бироқ, кўп нарса ноаниқ.

“Ҳозир Байден ўзининг кўп йиллик тажрибага эгалигии исботлади деб ўйлайман, аммо барчаси Украинадаги воқеалар қандай кечишига боғлиқ”, деди Яқин Шарқ институти ходими Браян Катулис.

"Ташқи сиёсат нуқтаи назаридан бу жуда муҳим сигнал", деди Германиянинг Маршалл жамғармаси ходими Майкл Киммейж. "Путин Америка сиёсатида ҳар қандай бўлиниш ёки заиф нуқтани қидирмоқда. Менимча нафақат Байден, балки йиғилишдагиларнинг ҳаммаси ҳозир бу сигнални юбориш мавриди эмаслигини биларди".

XS
SM
MD
LG