Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:53

"Росатом" қандай қилиб санкциялардан қутулиб қолди?


Чехиядаги АЭС совутиш  миноралари. 12 апрел, 2014.
Чехиядаги АЭС совутиш  миноралари. 12 апрел, 2014.

24 февралда Владимир Путин Украинага асоссиз босқинини бошлаганидан буён Европа Россия энергиясига қарамликдан қандай қутулиш йўлларини изламоқда.

27 давлатдан иборат Европа Иттифоқининг ижро органи май ойида Россия табиий газига қарамлигини йил охиригача учдан икки қисмга камайтириш режасини келишиб олди, 2027 йил охирига қадар Россиянинг газидан бутунлай воз кечиш режалаштирилган. Иттифоқнинг кўп қисмида кўмирдан фойдаланиш август ойигача тақиқланди.

Бироқ босқиннинг дастлабки кунларида украиналик фаоллар ва ноҳукумат ташкилотларнинг компанияни қора рўйхатга киритиш ва Россиядан ядро ёқилғиси импортини тақиқлаш тўғрисидаги ёзма мурожаатларига қарамай, "Росатом"ни қора рўйхатга киритишни муҳокама қилиш у ёқда турсин, санкцияларга ҳам киритилмади.

Март ойида АҚШ Президент Жо Байден АҚШни Россия нефти, табиий гази ва кўмир импортини тақиқлашни эълон қилди бироқ унда ҳам "Росатом" ҳақида ҳеч нарса айтилмади. Хабарларга кўра, Байден маъмурияти "Росатом" га санкция беришни кўриб чиқди, аммо ядро саноати лоббиси ва Байденнинг тоза энергияга ўтишнинг бир қисми сифатида атом энергиясини фойдаланиш режаларидан сўнг бу амалга ошмади дея хабар беради Reuters.

“Бунинг сабабларидан бири, албатта, уран ва ядро ёқилғисига қаттиқ боғлиқликдир, чунки атом энергиясидан фойдаланадиган 32 давлатнинг аксарияти ядровий ёқилғи етказиб бериш занжирининг маълум бир қисмида Россияга таянади”, деди энергия сиёсати бўйича украиналик таҳлилчи Оксана Ананева Озодлик билан суҳбатда.

Рақамлар

Май ойида эълон қилинган тадқиқотга кўра, 2021 йилда дунё бўйлаб ишлаётган 439 та ядро реакторининг 38 таси Россияда, 42 таси Россия ядро реактори технологияси билан ишлаб чиқарилган ва яна 15 таси Россия технологияси асосида қурилмоқда. Мазкур маълумот Колумбия университетининг Глобал энергия сиёсати маркази томонидан эълон қилинди.

Россия, шунингдек, ядровий ёқилғининг асосий таркибий қисми бўлган уран манбаи ҳисобланади. Европа ураннинг 20 фоизини Россиядан олади. Қўшма Штатлар ҳам ураннинг 16 фоизини Россиядан олади, яна 30 фоизини Москванинг икки яқин ҳамкори Қозоғистон ва Ўзбекистондан олади.

Колумбия университети ҳисоботига кўра, Россия 2020 йилда дунёдаги уранни конверсиялаш бўйича жами инфратузилманинг 40 фоизига ва 2018 йилда уранни бойитиш бўйича дунёдаги умумий қувватнинг 46 фоизига эгалик қилган.

Европа Иттифоқи ядро энергетикасини қайта кўриб чиқяптими?

Хабарларга кўра, сўнгги йилларда "Росатом" атом энергетикаси лоббичилари Европа Иттифоқини атом энергиясини қабул қилишга кўндириш ҳаракатларида иштирок этган. Чунки блок энергиянинг тоза шаклларига тезроқ ўтишни кўриб чиқмоқда. Greenpeace маълумотларига кўра, Европа Иттифоқининг янги ядровий қувватини қуриш тахминан 500 миллиард евро (521 миллиард доллар)га тушиши мумкин.

Европа Иттифоқи ҳалокатли глобал исишнинг олдини олиш учун 2050 йилга қадар ноль эмиссия мақсадига эришиш учун курашмоқда. Ушбу жараённинг бир қисми иқлимга мос келадиган сармоя нима эканлигини ва нима эмаслигини аниқлашдан иборат. Брюссельдаги етакчилар Европа Иттифоқи давлатлари ва Европарламентдан ядро энергетикасини ўзларининг "таксономия" сиёсатига барқарор сармоя сифатида "яшил" инвестицияларга киритиш учун рухсат олишни талаб қилмоқда.

Greenpeace фаоллари Москвадаги Росатом қароргоҳи олдида норозилик намойишида. 19 апрель, 2011
Greenpeace фаоллари Москвадаги Росатом қароргоҳи олдида норозилик намойишида. 19 апрель, 2011

17 май куни эълон қилинган ҳисоботда Greenpeace Россия энергетика компаниялари, жумладан, "Газпром" Европа Иттифоқи комиссарлари ва юқори мартабали амалдорлар билан Европа Комиссияси ўз ҳаракат режасини эълон қилганидан бери тўғридан-тўғри ёки шўба корхоналари ва лобби гуруҳлари орқали камида 18 марта учрашганини аниқлаганини билдирди.

5 май куни Истанбулда "Росатом" ижрочи директори билан учрашгандан сўнг Венгрия ташқи ишлар вазири Питер Сийярто ўз баёнотида Паксда "Росатом" билан ҳамкорликда қурилиши режалаштирилган иккита янги блок Венгриянинг стратегик манфаатларига хизмат қилишини айтди.

Бироқ, Финляндия "Росатом" билан режалаштирилган реактор лойиҳасидан чиқиб кетаётганини эълон қилди. 2 май куни Финляндия бошчилигидаги Фенновоима консорциуми Украинадаги уруш туфайли кечикишлар ва хавфлар кучайганини важ қилиб, Росатом билан шартномани бекор қилганини эълон қилди.

Финляндия шўба корхонаси орқали консорцсиумнинг 34 фоиз улушига эга бўлган "Росатом" 6 май куни шартнома “ноқонуний бекор қилингани” учун товон талаб қилишини маълум қилди.

Европанинг қарамлиги

Германиянинг Siemens компанияси яқинда Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралашини ва Россиядаги "барча янги бизнесни" тўхтатганини, лекин "Росатом" билан аллақачон ишга туширилган ядровий лойиҳаларни ҳурмат қилишини айтди.

Франциянинг Фраматоме ядровий конгломерати ҳозиргача "Росатом" билан ҳамкорликни тўхтатишдан бош тортди. 2021 йил декабрь ойида "Росатом" ва "Фраматоме" ядровий ёқилғи ва технологияларни ишлаб чиқишда саъй-ҳаракатларни кенгайтириш бўйича “стратегик ҳамкорлик” битими имзолаган.

“Евратом таъминот агентлиги маълумотларига кўра, Европа Иттифоқидаги 103 та электр станциясидан 18 таси, яъни Европа Иттифоқи ялпи ядровий электр қувватининг 10 фоизини ташкил этувчи станция Россия ёқилғиси таъминотига боғлиқ”, - дейилади Nucleareurope Озодлик радиосига берган баёнотида.

"Булар Болгария, Чехия, Венгрия ва Словакиядаги баъзи операторларга ва Финляндияда битта операторга тегишли. Аниқроқ айтганда, бу ёқилғи Россиянинг ВВЕР-440 ва ВВЕР-1000 реактор технологиялари учун мўлжалланган. Бу мамлакатларнинг аксарияти собиқ Совет Иттифоқи билан умумий тарихга эга”, деб таъкидлади Nucleareurope.

Вашингтон Чехияга Россия лойиҳлаштирган олтита реакторлари учун ёқилғини диверсификация қилишга ёрдам беришга ваъда берди. АҚШда жойлашган Westinghouse ва Фраматоме компаниялари 2024 йилда Темелин атом электр станциясига ядро ёқилғисини этказиб беришни бошлаши керак, бу ҳақда апрель ойида Чехия давлат коммунал компанияси эълон қилди.

Венгриядаги Пакс атом электр станцияси.
Венгриядаги Пакс атом электр станцияси.

2021 йилда Westinghouse Болгариянинг Козлодуй атом электр станцияси билан ёқилғини лицензиялаш тўғрисидаги шартномани имзолади ва бу Болгариянинг энергия таъминотини диверсификация қилишда олдинга қўйилган катта қадам сифатида таърифланди.

Шартнома, шунингдек, Westinghouse Украинада қуриши мумкин бўлган янги ядровий реакторлар сонини аввалги бештадан тўққизтага оширишини ҳам кўзда тутади. Компания мамлакатда муҳандислик марказини ташкил этишга ҳам ваъда берган.

Аста-секин, лекин ишончли тарзда Европада ядро ёқилғиси улуши пасайиб бормоқда, деди Ананева Озодликка йўллаган мурожаатида.

“Атом электр станцияларини бошқараётган Европа Иттифоқининг 13 давлатидан фақат учтаси – Болгария, Словакия ва Венгрия бутун атом энергияси ишлаб чиқаришда фақат Россия ёқилғисидан фойдаланмоқда”, деб тушунтирди энергетика сиёсати таҳлилчиси Ананйева.

"Бошқа икки давлат - Финляндия ва Чехия Westinghouse томонидан ишлаб чиқарилган ёқилғидан фойдаланган ҳолда ёқилғи таъминотини муваффақиятли диверсификация қилди. Шундай экан, Украина бу ҳолатда намуна қилиб кўрсатиладиган ягона давлат эмас".

XS
SM
MD
LG