Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:34

Рауф Парфи юбилейи тақиқланиши ортидан зиёлилар Интернетда parfimania кампаниясини бошлади


Шоир Рауф Парфи
Шоир Рауф Парфи

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида 25 сентябрга режаланган Рауф Парфининг 75 йиллиги тадбирининг тақиқланиши ортидан facebook ижтимоий тармоғида шоирнинг мухлислари #parfimaniya хештеги остида акция бошлади.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон facebook даги ўз саҳифасида «25 сентябрь куни эмас, тақиқланган Рауф Парфи шеърияти билан учрашувни бугун бошлаймиз. Пастдаги аудиода устоз шоир абадиятдан сизга мурожаат қилмоқда», деб ёзди ва Рауф Парфи овози ëзилган аудиофайлни илова қилди.

Бу тадбирни қўллаган шоир, Рауф Парфи асарларини инглиз тилига таржима қилган таржимон Аъзам Обид facebookдаги ўз саҳифасида Рауф Парфи мухлисларини фаоллликка чорлади:

«Рауф Парфига бағишланган хотира-адабий кеча қолдирилди, дегани, тақиқланди, дегани эмас. Ўзи аллақачон адабий тадбирларни мустақил ташкиллаштириш йўлига ўтишимиз керак эди! Ўзимиз бўшмиз! Ҳукуматга қарашли кошоналар бағрикенглик қилиб жой бермаса, бошқа жой қолмабдими? Қанча уй-музейларимиз ҳувиллаб ётибди, бошқа эркинроқ, яхшироқ жойларам бор. Ўтган улуғ ижодкорларни хотирлаш яхши, аммо уларнинг ибратли ишларини давом эттириш, оиласига, шогирдларига ёрдам қилиш, дуоларда эслаш савоблироқ эканини унутмайлик. Атрофимиздаги ҳаёт улуғларимизниям кўра билсак, охиратга кузатгачгина азиз қилиб юрмасак яхши. Адабиёт эркинлик дегани, эркин тадбирлар, ташаббускорлар кўпайсин! Сезяпсизми, бизга мустақил адабий тадбир координаторлари етишмаётгани аниқ сезиляпти? Фаолроқ бўлайлик, беҳуда тортишувлар эмас, аниқ ечимлар, жиддий таклифлар керак, дўстларим! Бўшашмайлик!»

Ижтимоий тармоқда бошланган кампанияни фаол қўллаган шоир Муҳаммад Исмоил #parfimaniya хештеги остида эсдаликларини эълон қилар экан, "Агар мен ўлганимда бу дунëга келиб нимани кўрдинг дейишса¸ мен Рауф Парфини кўрганман", деб айтишини ëзди.

Ижтимоий тармоқдаги бу тадбирда «Фергансакая правда» газетаси бош муҳаррири Гулбаҳор Саид Ғани¸ журналистлар Пахлавон Содиқ¸ Қудрат Бобожон ва Қудбиддин Муҳидддиновлар фаоллик қилмоқда.

Тармоқдаги айни тадбир ташкилотчиларидан бири Жонузоқ Ҳалилнинг Озодликка айтишича, #parfimaniya хештеги доирасида Рауф Парфининг ҳозир АҚШда истиқомат қиладиган дўсти, таниқли ҳайкалтарош Омон Азиз ҳам ўз эсдаликларини эълон қилишни бошлаган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи туғилган куннинг 75 йиллигига бағишлаб 25 сентябрга режаланган “Туркий дунёнинг ғолиб хаёли” деб номланган тадбирни ўтказиш тақиқлаб қўйилгани ҳақида кутубхона матбуот ҳизмати вакили 19 сентябрь куни Озодликка билдирган эди.

Расмийлар жавоби

Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаеванинг 20 сентябрь куни Озодликка билдиришича, «юбилей тадбири бошқа кунга кўчирилган»:

- Рауф Парфининг туғилган кунига аталиб 27 сентябрь куни тадбир бўлиши кутилган эди, аммо қолдирилди. Чунки шоирнинг катта китоби нашр этиляпти экан, шунинг учун вақти бир оз муддатга сурилар экан, катта тадбир китоб презентацияси билан бирга бўлар экан.

Шоир Рауф Парфи тирик бўлганида 27 сентябрь куни 75 ëшга тўлган бўлар эди.

Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг таввалуд кунини нишонлаш Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 2018 йил 17 январда имзолаган 01-07-1-3356 рақамли режага кўра¸ Миллий кутубхонанинг 150 кишилик залида ўтказилиши керак эди.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган бу ҳужжатда тадбир ташкилотчи сифатида Маданият вазирлиги ва Миллий кутубхона кўрсатилган.

Туркий дунёнинг атоқли ижодкори дея эътироф қилинган Рауф Парфи 2005 йили Тошкентда вафот этган эди.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда юбилею тадбирларига тақиқ қўйилган Рауф Парфининиг бундан 5 йил олдин 70 йиллик таваллуди муносабати билан Тошкентда ўтказилиши лозим бўлган барча тадбирлар бекор қилинган, бунга “юқорининг буйруғи” сабаб бўлгани айтилганди.

XS
SM
MD
LG