Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:00

Рамзан Қодиров қандай касалликка чалинган ва унинг эҳтимолий вориси ким?


Рамзан Қодиров. 2023 йил декабрида олинган сурат.
Рамзан Қодиров. 2023 йил декабрида олинган сурат.

“Новая газета. Европа” 22 апрель, душанба куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг оғир хасталиги ва унинг эҳтимолий вориси ҳақидаги материални чоп этди. Бир неча соат ўтгач, Қодировнинг матбуот хизмати унинг иштирокидаги янги видеони эълон қилиб жавоб берди: видеоёзувда Чеченистон раҳбари секин ва тушунарсиз, қимирламай гапиради. Қуйида унинг соғлиғи ва атрофида нималар содир бўлаётгани ҳақида маълумот берамиз.

Қодировнинг соғлиғи ҳақида нималар маълум?

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров оғир касал бўлиши мумкин, деб ёзди “Новая газета. Европа”. Нашрнинг ёзишича, Қодиров панкреатик некрозга учраган. Унга бу касаллик бўйича 2019 йилда ташхис қўйилган. Қодиров мунтазам равишда таътилга чиқади, омма олдида кўринмайди, кейин эса соғлиғи яхши эканини исботлаш учун мўлжалланган видеолар ёзиб олинади. Қодиров ўзининг жисмоний кучини намойиш этган ушбу ёзувлардан бири 20 апрель куни Youtube’да “Катта тош кўтаряпман” деган сарлавҳа билан эълон қилинган. “Новая газета Европа”нинг Рамзан Қодиров касаллиги ҳақидаги хабаридан сўнг, Чеченистон раҳбарининг расмий Telegram каналида Қодиров «СВО» (“махсус ҳарбий операция”) мавзусида йиғилиш ўтказаётгани тўғрисида янги видео пайдо бўлди.

“Новая газета. Европа” бош муҳаррири Кирилл Мартинов «Настояшчее Время» телеканали билан суҳбатда Қодировнинг соғлиғи атрофидаги саволларга жавоб берди:

“Биз Чеченистон Республикаси ва ундан ташқаридаги ва Россия Федерациясидан ташқаридаги бир қатор манбалар билан суҳбатлашдик ва Қодировнинг оммавий фаоллиги камайгани ҳақидаги ва унинг соғлиғи ҳақидаги маълумотларини таққосладик. Қизиқ воқеа бўлган эди, у Марказий клиник касалхонада бўлган – гўёки амакиси билан учрашиш учун. Видеода амакиси уни кўргани борган Қодировнинг ўзидан кўра анча тетик ва қувноқ кўринарди. Чеченистон Республикаси ҳукумати бугун янги видеони эълон қилди, унда Қодировнинг иш вақти акс эттирилган. Унда Рамзанни ҳар турли бурчакдан тасвирга олишган, аммо катта планда кўрсатилмаган. Умуман олганда у жуда секин гапиради ва талаффузида муаммолар сезилади.»

Путиннинг ваҳшат қуроли - қодировчилар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:18 0:00

Қодировнинг оғир касаллиги ҳақидаги миш-мишлар биринчи марта пайдо бўлаётгани йўқ. 2020 йилда, коронавирус эпидемияси авжида Рамзан Қодиров Москвадаги Марказий клиник шифохонага ётқизилган эди. Кейин у ҳақиқатан ҳам йилига икки марта Москва клиникаларидан бирида тиббий кўрикдан ўтишини тан олди. Қодиров Ковиддан тузалиб кетгани ҳақида расман хабар берилмаган. "Новая газета. Европа" нашри ёзишича, коронавирус Чеченистон раҳбарига "эндокрин тизими билан жиддий муаммолар" олиб келган.

Рамзан Қодировнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги миш-мишларнинг яна бир кўтарилиши 2023 йил қишида, асосан Қодировнинг ташқи кўриниши билан боғлиқ эди. Ўшандан бери эълон қилинган видеоларда Чеченистон раҳбарининг семириб кетгани, юзи ва кўз қовоқлари жиддий шишиб кетгани сезилади.

Bild нашри ёзишича, Қодировни Абу-Дабидаги хусусий клиниканинг нефрология бўлими бош шифокори кузатган. Гўё касаллик туфайли Қодиров Владимир Путиннинг Федерал Мажлисга йиллик мурожаатида иштирок этмаган. Чеченистон раҳбарининг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар фонида Владимир Путин тўнғич ўғли Ахмат Қодиров билан учрашди.

2023 йил 31 августида эса Қодиров телефони олд камерасида олинган Ғарбдан онаси Айман Қодировага нисбатан санкцияларни бекор қилишни талаб қилиб ёзиб олган видеоси чиқди. Унда Чеченистон раҳбарининг юзи жуда шишгани, талаффузи билан боғлиқ муаммолар сезилиб турарди. 2023 йил сентябрида Чеченистоннинг аноним Telegram каналларида Рамзан Қодировнинг комага тушгани ёки ҳатто ўлими ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. "Новая газета. Европа" нашри ёзишича, ўша пайтда Чеченистон раҳбари Москвада Президент маъмуриятининг марказий клиник касалхонасида бўлган, у вентиляторга уланган, аммо беморнинг ҳаётига тўғридан-тўғри хавф бўлмаган.

“Очиқ-ойдин нарсани инкор этиш жуда аҳмоқлик, нима учун улар ҳеч нарса бўлмаётганини ҳаммага исботламоқчи бўлишяпти. Қодировни беш йил олдин ва бугунги кунни таққослаб, бу одамда ҳаммаси ўша-ўша дейдиганларни тушунмайман", дейди чечен блогер Тумсо Абдураҳмонов "Настояшчее Время"га. Рамзан Қодировнинг соғлиғи ҳақида Грозний ва умуман республикадаги кундалик ҳаётдаги ўзгаришлардан ҳам билса бўлади дейди у.

Агар сиёсатчининг аҳволи жиддий хавотир уйғотса, Чеченистонда ўзига хос «эриш» бошланади, бу аллақачон бир неча бор юз берди: "Агар репрессив чоралар заифлашса, бу Қодировнинг соғлиғида муаммолар борлигини англатади. Унинг атрофидагилар унинг соғлиғи ва кейин нима бўлиши билан машғул бўлиб қолади. Ёшлар машиналарга тонировка қилишни бошлайди, полиция ҳам уларни таъқиб қилмайди. Қодиров ўзини яхши ҳис қилгач, ҳаммаси аввалги тартибга қайтади.

“Тонировка бўйича рейдлар бошланмоқда. Инқироздан сўнг, Қодиров Грозний мери билан биргаликда ўз қароргоҳи ёнидаги хусусий секторни кўздан кечирди», дейди Тумсо Абдураҳмонов.

Ўзбекистон президенти даҳшатли қотилликларга масъул кўриладиган Рамзан Қодировга ноëб совға йўллади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00

Болалари, қариндошлари ва Апти Аловуддинов

Рамзан Қодировнинг катта оиласи бор: унинг хотини Медни Қодирова, унинг иккинчи хотини Фотима Хазуева ва камида 15 нафар боласи бор, уларнинг бир қисми асраб олинган. Қодиров аллақачон болаларни катта сиёсатга олиб келмоқда. Катта ўғли Аҳмат отасининг маслаҳатчиси лавозимида ишлайди ва Чеченистонда ёшлар сиёсатига раҳбарлик қилади. Аҳматнинг укаси Адам Қодиров 15 ёшида Рамзан Қодировнинг хавфсизлик хизматини бошқарган. 2003 йилдан кейин Рамзаннинг ўзи ҳам отаси Аҳмат Қодировнинг хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган.

2023 йилдаги энг катта жанжаллардан бири Адам Қодиров номи билан боғлиқ эди – Кирилл Мартиновнинг айтишича, бу эътиборни катта Қодировнинг соғлиғи мавзусидан чалғитадиган баҳоналардан бири бўлиши мумкин:

"Биз ўтган йил давомида Қодировнинг соғлиғи билан боғлиқ мишмишлардан чалғитадиган янги жанжални яратишга ҳаракат қилганини кўряпмиз. Бунинг энг ёрқин мисоли Грознийдаги тергов изоляторидаги даҳшатли воқеа эди. Ўшанда Никита Журавел Қодировнинг ўн беш ёшли ўғли Адам томонидан калтакланган эди. Ўша ифлос воқеани эслайсизми, ўшанда ҳамма Адамни мақташга мажбур бўлганида, у бир нечта медаллар ва сертификатлар олди. Бунга қўшимча яна [Апти] Аловуддинов каби шахс Россия Мудофаа вазирлигида лавозим эгаллади. Буларнинг барчаси биргаликда Қодиров, агар у яқин келажакда вафот этмаса ҳам, расмий вазифаларини бажара олмаслигини билдиради", дейди «Новая газета. Европа» бош муҳаррири.

Кирилл Мартинов тилга олган Апти Аловуддинов Чеченистон махсус кучлари қўмондони. Нашрга кўра, у Қодировнинг соғлиғи шу қадар оғир бўлиб чиқса ва президентликни давом эттира олмаса, унинг вориси бўлиши мумкин. "Новая газета. Европа" Аловудиновнинг яқинда кўтарилганига эътибор қаратади: 16 апрель куни Владимир Путин уни Россия Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-сиёсий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади. Ушбу кадрлар қароридан сўнг Kavkaz.Realii Аловуддиновнинг ворис бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам ёзган.

“У Қодиров билан жуда яхши муносабатда эмас, балки унинг ўзи ҳам, принципиал жиҳатдан бошқача эканини таъкидлайди. Биздаги қайдларда у кўпроқ «маданиятли», Мудофаа вазирлиги тизимига кўпроқ интеграциялашган шахс эканлиги таъкидланган. Масалан, буни Шойгунинг аппаратига янги тайинланиши ҳам тасдиқлади. Менимча, гап Қодиров бошқарувининг баъзи элементларини қисқартириш ва Чеченистонни Россиянинг минтақаларидан бирига айлантириш ҳақида кетяпти. Эҳтимол, уруш вақтида, рекорд даражадаги ҳарбий харажатлар вақтида ва урушда қатнашгани учун Россия Қаҳрамонини олган Аловудиновнинг ҳарбий каръераси фонида, Кремль янги имконият дарчаси очилганини кўряпти. Қодиров соғлиғи ёмонлашганидан Чеченистонда «тартибни» тиклаш учун фойдаланиш. Биз яхши биламизки, бошқа минтақалардан чиққан хавфсизлик кучлари ходимлари кўпинча Қодировдан нафратланади.

Шу билан бирга, Мартинов Аловуддинов меросхўр ролига ягона номзод эмаслигини таъкидлайди: "Кейинги эпизодларда яна қайси шахслар муҳокама қилинаётганини тасвирлаб берамиз, аммо Аловуддинов бизнинг мутахассислар фикрича, энг эҳтимоли каттаси. Менимча, қодировчиларни активларини сақлаб қолган ҳолда фахрий пенсияга чиқаришни таклиф этишади ва Чеченистонда ҳам, ундан ташқарида ҳам, ўз таъсирини фаол ошириш имконияти камайтирилади. Масала шуки, улар бунга рози бўладими ва Аловуддинов кимлар билан ишлайди? Улар орасида федерал марказдан келганлар қанча бўлади? Россия хавфсизлик кучлари ходимларининг Чеченистонга жойлашиши жуда салбий қабул қилинади.

Форум

XS
SM
MD
LG