Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Беш йилдан етти йилга: Қозоғистондаги президентлик сайловлари ҳақида беш хулоса


Қасим-Жомарт Тоқаев охирги марта президентлик сайловларида қатнашаётганини айтган.
Қасим-Жомарт Тоқаев охирги марта президентлик сайловларида қатнашаётганини айтган.

Қозоғистонда бўлиб ўтган президент сайловлари натижаси ҳеч кимни ҳайратга солгани йўқ.

Унда кутилганидек, амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаев 80 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, ғалаба қозонди.

Озодлик таҳлилчиси Крис Риклтон охирги сайловлар ҳақида чиқариш мумкин бўлган беш муҳим хулоса ҳақида.

Ҳали ҳам ҳақиқий рақобат йўқ

Тоқаев билан беллашган беш номзод фақат номига рақиб бўлди.

Турли сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари томонидан номзод қилиб кўрсатилган бу шахслар Тоқаевни тўғридан-тўғри танқид қилишдан ўзларини тийдилар. Баъзи ҳолларда улар ҳатто Тоқаев сиёсатини ёқлаб чиқишди.

Аммо айрим номзодлар сайлов кампанияси давомида отларни соғиш ва тақалаш қобилиятларини намойиш этишди.

Қозоғистонда ҳақиқатан мустақил номзодлар бўлишига йўл қўймайдиган тўсиқлардан бири – мамлакат қонунчилиги. Сайлов қонунчилигига кўра, президентликка номзодлар давлатга камида беш йил хизмат қилганликларини кўрсатишлари керак.

Сайлов куни норозилик намойиши ўтказишга уринган ўнлаб фаол ҳибсга олинган. Олмаота, 20 ноябрь, 2022.
Сайлов куни норозилик намойиши ўтказишга уринган ўнлаб фаол ҳибсга олинган. Олмаота, 20 ноябрь, 2022.

Сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Озодлик радиоси қозоқ хизмати билан суҳбатда мазкур қонунни биринчи президент Нурсултон Назарбоев киритган «фильтр» деб атаганди. Унинг сўзларига кўра, бу қоида «сайлов жараёни ва унинг иштирокчиларини назорат қилиш учун» ўйлаб топилган.

Сатпаев қонун ҳамон кучда қолаётгани Тоқаевнинг «Янги Қозоғистон» тўғрисидаги даъволарига шубҳа туғдиришини айтди. Январь ойида содир бўлган тартибсизликлар ортидан Тоқаев Назарбоевнинг қудратли уруғини четлатиб, «Янги Қозоғистон» шиорини ишлата бошлаган.

Ҳибсга олишлар

Расмийларнинг даъволарига қарамай, Қозоғистонда ҳукумат йиғилишлар эркинлигидан ҳамон ҳадиксирайди.

Сайлов арафасида сайлов куни намойиш ўтказишни режалаштирган сиёсий фаоллар ҳибсга олинди. Камида олти одам 15 суткагача қамоққа ҳукм қилинди.

Қозоғистон давлат прокурори аҳолини намойишга чиққанлар қонуний жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди. Прокурорнинг бу билдирувидан олдинроқ сургунда яшаётган мухолифат етакчиси Мухтор Аблязов қозоғистонликларни Тоқаевни «тинч йўл билан» ағдаришга чорлаган эди.

Сайлов куни «Оян Қазақстан» гуруҳи фаоллари жорий йил бошида тинч намойишчилар ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилган майдонда баннер очишлари билан қўлга олиндилар. Хабарларга кўра, фаоллар ўша куннинг ўзида қўйиб юборилган.

Қозоғистон ҳукуматининг таъкидлашича, полиция фақат рухсат берилмаган намойишларни тарқатмоқда. 2020 йилда қабул қилинган қонунга биноан, намойиш ташкилотчилари расмийларни олдиндан хабардор қилишлари керак.

Аммо рухсат олишга уринганларнинг кўпчилигига турли расмий баҳоналар билан акция ўтказишга изн берилмади.

Назарбоевнинг ўхшамай қолган ўхшатиши

Собиқ президент Назарбоев январь воқеаларидан кейин камнамо бўлиб қолди. Январдаги тартибсизликлар ортидан 82 ёшли собиқ президентнинг қариндошлари қудратли ва даромадли лавозимлардан маҳрум бўлдилар.

Ҳатто Назарбоев оиласи Тоқаевни ағдаришга урингани ҳақида миш-миш тарқалди.

Зўравонлик ортидан Назарбоев иттифоқчиларидан Карим Масимов қўлга олинди. Масимов январь тартибсизликлари бошланган пайтда хавфсизлик хизматини бошқараётган бўлган.

Пойтахт Остонадаги давлат опера театрида овоз берган Назарбоев Масимовнинг ёпиқ эшиклар ортида давом этаётган суд жараёни ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Масимов мен билан кўп йиллар ишлаган, аммо қаердан билай? Исо Масиҳ унга яқин ўтирган Яҳудо ҳақида билмаганку?», деди собиқ президент.

Назарбоевнинг бу аналогияси муваффақиятсиз бўлди, сабаби кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари таъкидлаганидек, Инжилда ёзилишича, Исо пайғамбар шогирди хиёнат қилишини башорат қилган, аммо бунинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.

Мустақил кузатувчиларга босим

2019 йилда бўлиб ўтган президентлик сайлови давомида ёшлар орасида овоз бериш жараёнини кузатишга қизиқиш ортди. Сайлов давомида қонунбузарликлар кузатилгани иддао қилинди, натижада норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Бу сафар ўндан ортиқ мустақил кузатувчи сайлов участкаларидан ҳайдаб чиқарилди. Айрим ҳолларда полиция бунга жалб қилинди.

Маҳаллий кузатув гуруҳлари ҳам сайлов олдидан тазйиқлар ҳақида шикоят қилди.

«Мустақил кузатувчилар» деб номланувчи гуруҳ аъзолари Озодлик билан суҳбатда кузатиш тўғрисида тренинг ўтказишларига халал берилганини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, машғулот ўтказилиши керак бўлган меҳмонхона раҳбарияти сўнгги дақиқада бинони сув босганини айтиб, тадбирни бекор қилган.

Ҳафта бошида ташкилотнинг Олмаотадаги офисида электр таъминоти узоқ муддатга узилиб қолган эди. Қизиғи, айни бинодаги бошқа идоралар бу муаммога йўлиқмаган.

Қозоғистонда кейинги йил парламент сайловлари бўлиб ўтади. 1 январдан кучга кирадиган янги қонунлар туфайли сайлов кузатувчилари янада кўпроқ тўсиқларга дучор бўлишларини кутиш мумкин.

Етти йил – сиёсатда узоқ вақт

Тоқаев сўнгги марта президентликка номзодини кўрсатаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бундан буён янги конституцияга биноан ҳар бир президент фақат бир муддатга сайланади.

Аммо масаланинг бир жиҳати бор – президентлик муддати эндиликда етти йилга чўзилади. Шу ўринда айтиш жоизки, Экваториал Гвинея, Сурия ва Туркманистон каби демократик бўлмаган давлатларда мамлакатларда президент мана шунча узоқ муддатга сайланади.

Тоқаев бошқа ҳеч қачон номзодини қўймаслик ваъдасини бажарган тақдирда ҳам, 2029 йилда ўрнини унга содиқ бўлмаган одам эгаллашига йўл қўйиши даргумон.

Форум

XS
SM
MD
LG