Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:56

"Бу икки давлат ўртасидаги масала". Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси Нукус воқеаларидан олдин ва кейин


Нукусдаги норозилик намойиши. 1 июль, 2022 йил.
Нукусдаги норозилик намойиши. 1 июль, 2022 йил.

Қозоғистон мамлакатда яшаб келаётган этник қорақалпоқлар – Қошқарбой Торемуратов ҳамда Жангелди Жақсимбетовга қочқин мақомини беришдан бош тортди. Улар 2022 йил сентябрдан бери Ўзбекистон сўровига кўра тергов ҳибсхонасида сақланмоқда: Тошкент уларни “республика конституциявий тузумига тажовуз”да айблаб халқаро қидирувга берган.

Қозоғистонда Тошкент сўровига биноан қорақалпоқ диаспорасининг жами беш вакили ҳибсда ушлаб турилибди. Уларнинг барчаси – Ақилбек Муратовнинг дўстлари ва сафдошларидир. Ақилбек неча йилдирки, Қозоғистондаги қорақалпоқлар бирлиги учун курашади. Озодлик қозоқ хизмати у билан уюшма қандай пайдо бўлгани ва бугун бўлаётган воқеалар хусусида суҳбатлашди.

“Болаларимга нима дейман?”

Ақилбек Муратов 35 ёшда, касби дастурчи. Ўзининг айтишича, “чет элдаги қорақалпоқ диаспорасининг бошини бириктириш билан шуғулланиш 22 ёшигача тушига ҳам кирмаган”.

Ақилбекнинг томирларида ҳам қорақалпоқ, ҳам қозоқ қони бор. Аммо умрининг ярмига қадар насл-насаби билан жиддий қизиқмаган. Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида мактабда ўқиб юрганида унга “қозоқ” деб лақаб қўйишган экан, уйда онасининг қистови билан фақат қозоқча гаплашган ва аслим ким деб ўйлаб ҳам кўрмаган.

“2013 йилда уйландим, ота бўлгим келди. Шунда ўзимга савол бердим: мен кимман, қайси халққа мансубман, аслим ҳақида болаларимга нима дейман? Фарзандларим ўзларини насл-насабсиз деб ҳис қилмасликлари учун нима қилишим кераклигини ўйлаб уйқум қочди”,- дейди Ақилбек.

Маълум бўладики, у қорақалпоқлар тарихи ва маданияти тўғрисида ҳеч вақо билмас экан. Фақат у эмас, бошқалар ҳам.

“Мен туғилиб, ўсган Навоий вилояти ҳудуди 1936 йилгача Қорақалпоғистон автономиясининг бир қисми бўлган эса-да, маҳаллий қорақалпоқлар тили ва ўзлигини деярли унутган. Маданий хотира, тил хотираси қолмаган ҳисоб. Қорақалпоқлар тарихини ҳеч ким билмайди. 2000-йиллар бошларидагина Ўзбекистон ҳукумати қорақалпоқ мактабларини очишга киришди, бироқ бу мактабларда болалар ҳануз жуда кам”, - ҳикоясида давом этади суҳбатдош.

Cуверен Ўзбекистондаги суверен Қорақалпоғистон. Тарихий контекст
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:48 0:00

2013 йилда у ўзига ҳаммаслаклар қидира бошлайди ва ижтимоий тармоқдаги бутун дунё қорақалпоқлари гуруҳида Қошқарбой Торемуратов билан танишади.

“Унга Олмаотада диаспора тузишни таклиф қилдим. Рози бўлди. Биз гуруҳларга хабар жўнатиб, танишув учун Панфилов боғида тўпланишимиз ҳақида эълон бердик. Аммо йиғинга иккимиздан бошқа ҳеч ким келмади. Икковлон селфи-суратга тушиб, уни “Қорақалпоқларнинг Олмаотадаги биринчи съезди” деб атадик”, – дейди кулиб Ақилбек Муратов. – У пайтлар ўз офисим бор эди, ҳар якшанба йиғин бўлиши ҳақида пешма-пеш эълон бериб борардим. Ишимиз жуда суст эди: бир якшанба уч киши келса, кейингисида – беш киши, учинчи якшанбада кутилмаганда 50 киши келар, ундан кейин яна атиги тўрт-беш киши тўпланардик. Лекин барибир одамлар жонланди, ҳар якшанба йиғилиш одат тусига кирди. 2014 йил бошларига довур шундай давом этди.

Муратовга кўра, Қозоғистонда ва хусусан Олмаотада яшовчи қорақалпоқлар салмоғига доир аниқ маълумот йўқ. У билан Торемуратов ташкил қилган уюшма ҳисоб бўйича иккинчи аслида. Биринчиси Ақтауда пайдо бўлган. 2022 йилда унинг етакчиси Ниятбай Ўразбаев Ўзбекистонда қидирувга берилади ва “ҳокимиятни босиб олиш ёки конституцион тузумни ағдариш мақсадида фитна уюштириш” айблови билан сиртдан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинади.

Янги ташкилотда бора-бора ишлар юришиб кетади. Улар сайт очиб, қорақалпоқ халқи тарихига оид воқеаларни ёрита бошлайдилар. Ақилбек тарих ва маданият ҳақида қизиқ маълумотлар топар, Қошқарбай эса уларни таржима қиларди. Сайтнинг ўзида улар онлайн-радиони ҳам ишга туширишади.

Ақилбек Муратов ва Қошқарбай Торемуратов 2022 йилда.
Ақилбек Муратов ва Қошқарбай Торемуратов 2022 йилда.

Торемуратовга қарши жиноят иши

2014 йилнинг баҳорида Ақилбек Муратов ва Қошқарбай Торемуратов дохил диаспора фаоллари Наврўз сайли ташкил қилмоқчи бўладилар. Мақсад – қорақалпоқларни кўпроқ жалб қилиш орқали бирликни мустаҳкамлаш эди. Бирон эллик киши келса керак, деб умид қилишади. 180 нафар меҳмон келади. Бу катта муваффақият эди. Тадбир нафақат Қозоғистонда, балки Қорақалпоғистонда ҳам тилга тушади.

Кўп ўтмай, Россия Украинага тегишли Қрим яриморолини ноқонуний аннексия қилади. Бу воқеа геосиёсий силкиниш бўлиши билан бирга, Олмаотадаги бир ҳовуч қорақалпоқ диаспораси тақдирига салбий таъсир кўрсатади.

Аннексиядан сўнг, чет элда яшовчи қорақалпоқ фаоли Аман Сагидуллаев Россия президенти Владимир Путинга мурожаат йўллаб, “мустақил Қорақалпоғистон Республикасини барпо этишда ёрдам ва дастак” сўрайди.

“Сагидуллаев Қорақалпоғистон АССР бир пайтлар РСФСР таркибида бўлганини пеш қилиб “биз ҳам Россия қаноти остига қайтишни истаймиз”, дея очиқ тарғиб қила бошлади. Мавзу дарҳол жаҳон матбуотида, айниқса Россия ОАВларида кенг ёритилди. Ўшанда биз ўзимиз хоҳламаган ҳолда назарга тушдик. Сагидуллаев Ўзбекистон ташқарисидаги барча этномаданий марказларни Ўзбекистондан ажралиб чиқиш тарафдорларининг махфий шуъбалари, деб атай бошлагач вазият чуқурлашди. Ҳолбуки биз айирмачилик билан шуғулланмасдик, бунақа мақсадимиз йўқ эди”,- ҳикоя қилади Муратов.

Воқеалар диаспора тезда таъсир қилди. Ақилбек айтишича, одамлар “сиёсатга аралашиб қолишдан” қўрқиб йиғинларга қатнамай қўядилар. Сайтда “биз бирон ҳаракат, партия ёки ташкилотга мансуб эмасмиз, бизни фақат қорақалпоқлар тарихи ва маданияти қизиқтиради”, дея дисклеймер жойлаш ҳам фойда бермайди.

2014 йил сентябрда Қошқарбай Торемуратовга қариндошлари қўнғироқ қилиб, “онанг ўлим тўшагида ётибди” дея хабар қиладилар. Қошқарбай уйига тезроқ етиб олиш учун чегарани ноқонуний кесиб ўтади, яъни паспортида муҳр бўлмайди, онамни жони узилмасидан кўриб қолай деб, шошади. Бироқ у томонда маълум бўладики, онаси касал эмас экан, Торемуратовни махсус хизматлар кутиб турган экан. Уни чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун қўлга оладилар.

Сафдошига қарши очилган иш ва шу бўйича тайинланган қамоқ жазоси сиёсийлаштирилганига Муратовнинг ишончи комил.

“Торемуратовни олти ярим йилга ҳукм қилиб, Қарши шаҳридаги қамоқхонага жўнатишди. У ерда терроризм, диний радикализм ва сиёсий экстремизм учун судланганлар сақланади. Оддий маҳкумлар йўқ, барчаси сиёсий маҳкумлар. “Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш” моддаси қўйилган одамни у ерга юбормаган бўлишарди. Чиққанидан кейин ўзидан эшитганман, “қамоқхонада сиёсатга, динга ва экстремизмга алоқаси бўлмаган ягона маҳкум эдим”, деганди”, -дейди Муратов.

Торемуратовни 2017 йилда – президент Ислом Каримов ўлиб, Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг муддатидан олдин озод қилишади. Қошқарбай блог очиб, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий мавзуларда ёза бошлайди. Ақилбек Муратов эса диаспора билан шуғулланишда давом этади: қорақалпоқларга ҳуқуқий масалаларда ёрдам беради.

“Одамлар турфа муаммолар билан келишади: кимдир меҳнат қуллигига тушиб қолган, яна бири ҳужжат ололмаганидан арз қилган, бошқаси иш жойида жароҳат олган... Мен консуллик билан ишлашда уларга воситачи сифатида кўмаклашаман. Маданий тадбирларимизни давом этдиряпмиз, Наврўзни нишонлашни канда қилмаймиз”, - дейди у.

Нукус воқеаларини ёритган Телеграм-канал ортида ким турибди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:02 0:00

Нукус ғалаёни ва ундан кейинги воқеалар

Ҳамма ёқ тинчиб, ҳаёт яна ўз изига тушди. Аммо 2022 йилнинг ёзида янги нохуш воқеалар кутиб турганди: Тошкент Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчаларни эълон қиладики, уларда, жумладан, Қорақалпоғистонни мухторият мақомидан ва Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш кўзда тутилганди.

“25 июн куни мен Қапчағайдан қайтаётган эдим. Машинада ижтимоий тармоқларни қарай бошладим. Қарасам, катта янгилик: Конституцияга тузатишлар эълон қилинибди. Реакцияни кўриш учун қорақалпоқлар гуруҳларига кирдим: одамлар жуда норози, дарғазаб эди. Менга ҳар ёқдан қўнғироқлар бўлди. Уйда янгилик сайтларини ораладим – барчаси Шавкат Мирзиёевнинг ваколат муддати узайтирилиши ҳақида ёзишмоқда, лекин Қорақалпоғистон ҳақила лом-мим дейишмасди”,- ҳикоя қилади Муратов.

Ақилбек петиция уюштириб, Қозоғистонда яшовчи қорақалпоқлардан имзо тўплашга киришади – уларни тузатишлардан норозилик кўламини кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон элчихонасига элтиб бермоқчи эди. Имзо йиғиб юраркан, ёнига бир неча нотаниш эркак яқинлашади.

“Олмаота шаҳри ички сиёсат бўлимиданмиз, Остонадан “уларни тўхтатинглар” деган буйруқ бор, дейишди. Мен қонунни бузмаганимни айтдим, улар эса “бу икки давлат ўртасидаги масала, дипломатия” деб жавоб беришди”, дейди Муратов.

Ақилбек Нукусда норозилик намойиши авж олган кунни яхши эслайди.

“Ўша кунлар ухлай олганимиз йўқ. Ўзимизни гўё курсига боғлаб қўйилиб, қаршингда туғишган одамингни қандай қийноққа солишаётганини томоша қилишга мажбурдек ҳис қилардик”,- дейди у.

Нукусдаги ғалаён аёвсиз бостирилади, Муратов ва Қозоғистондаги бошқа қорақалпоқлар Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари сўроқларига жавоб беравериб чарчайдилар.

Сўнгра Тошкент сўровига биноан фаоллар қўлга олина бошлайди.

Ақилбек ҳибсдаги сафдошлари – Қошқарбай Торемуратов, Жангелди Жақсимбетов, Тлеубека Юлдашева, Зиуар Мирманбетова, Раиса Худойбергановалар билан ҳамиша хабарлашиб турибди. “Уларнинг аҳволи яхши, Қошқарбайнинг яна учта суди қолган”,- қўшимча қилади у.

Қорақалпоғистон: Тармоқларда энг кўп берилган саволларга эксперт жавоби
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00

Шов-шувли баёнотлар билан чиққан ва Путинга мурожаатнома ёзган Аман Сагидуллаев Ўзбекистон томонидан қидирувга берилиб, сиртдан 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Озодлик Торемуратов ҳамда Жақсимбетовлар билан боғлиқ вазият юзасидан томонлар, хусусан, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонасидан изоҳ ололмади. Одамларга қочқин мақомини олишда кўмаклашувчи Қозоғистон инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси эса бошпана беришни рад этиш тўғрисидаги қарорни ҳали олишмаганини билдирди.

Муратов одамлар “нега сиз ҳали-ҳамон озодликдасиз?” дея саволга тутишаётганини айтади.

“Бу ерда икки омил бор. Биринчидан, мен кўплаб ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар билан алоқадаман, Европарламент сиёсатчилари ҳам мен билан боғланиб туришади. Менинг қўлга олинишим катта шов-шув бўлур эди. Иккинчидан, мен яқин-яқинларгача қорақалпоқ тилида видео суратга олмаганман, қорақалпоқ аудиториясига мурожаат қилмаганман. Бу ишни онгли равишда қилганим йўқ, шунчаки шу ердаги муаммолар билан шуғулланганман”, -дея тушунтиради Муратов.

Нукусдаги ғалаёнлар учун жавобгарлик “ташқи кучлар” зиммасига юкланди. Бу хориждаги қорақалпоқ фаоллари таъқиб этилишига туртки бўлди.

Халқаро ташкилотлар ва қатор мамлакатлар ҳукуматлари, шунингдек Европа иттифоқи Тошкентни Нукус воқеаларини ҳар томонлама текшириб, тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик қилганларни жавобгарликка тортишга чақирди. Ўзбекистон бу чақириқларни рад этди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистон ҳукуматига ҳам мурожаат қилиб, қорақалпоқ фаолларини Ўзбекистонга бермасликка чақирган.

  • 2023 йилнинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хизметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди.
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • Янги конституция бўйича референдум бир неча марта кечиктирилди - ва ниҳоят, шу йилнинг 30 апрелида ўтган референдумда Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституцияси қабул қилинди, унда Қорақалпоғистоннинг "суверен" ва Ўзбекистондан "ажраб чиқиш ҳуқуқи" сақлаб қолинди.

Форум

XS
SM
MD
LG