Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:53

Қозоғистонни "портлатган" газ. Норозиликлар ортида нима турибди?


2 январь куни газ нархининг оширилишига қарши бошланган норозилик ҳукуматга қарши кенг қўламли намойишларга айланиб кетди.
2 январь куни газ нархининг оширилишига қарши бошланган норозилик ҳукуматга қарши кенг қўламли намойишларга айланиб кетди.

Қозоғистонда Янги йилнинг илк кунлари суюлтирилган газ нархининг оширилишига қарши бошланган норозиликлар кенг кўламли сиёсий инқирозга айланди ва ҳозиргача ҳукумат истеъфоси, фавқулодда ҳолат ва мамлакатга КХШТ кучларининг жойлаштирилишига олиб келди.

Таҳлилчиларга кўра, газ нархи Марказий Осиёнинг иқтисоди энг йирик ва аҳолиси нисбатан фаровон давлатидаги оммавий норозиликларга туртки бўлган, холос.

Ҳаммаси пропандан бошланди...

2 январда Қозоғистонда оммавий норозилик акциялари суюлтирилган газга бўлган нархларнинг икки баробаргача оширилиши ортидан бошланди.

5 январь куни асосан, автомобил ёнилғиси сифатида ишлатиладиган газнинг нархини “асоссиз кўтарган”ликда айбланиб “Казак газ ондеу” Жанаозен газни қайта ишлаш заводи раҳбарияти, жумладан, завод директори ва корхонанинг электрон савдо бўлими бошлиғи ҳибсга олинди.

Бунгача расмийлар суюлтирилган газ нархи бозордаги талаб ва таклиф мувозанатига мос тарзда сотилишини айтиб келган.

Арзонлиги боис автомобил учун газ ёқилғиси Қозоғистонда кўпинча “камбағаллар ёқилғиси” деб ҳам номланади.

Авж олаётган оммавий норозиликларни тўхтатиш мақсадида Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ҳудудида 180 кун муддатга суюлтирилган газ, бензин ва дизел нархлари давлат назоратига олинганини маълум қилди. Шунингдек, ҳукумат кундалик эҳтиёж озиқ-овқат маҳсулотлари нархи устидан назоратни маҳаллий ҳокимликларга топширди.

Қозоғистонда ёқилғи нархини давлат томонидан тартибга солиш бир неча йил аввал бекор қилинган эди. Ўтган йил ноябрида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ёқилғи-мойлаш материаллари нархини тартибга солишни таклиф қилган, аммо Энергетика вазирлиги буни амалга оширишнинг иложи йўқлигини айтган эди. Натижада сўнгги йилларда мамлакатда дизел ва бензин нархи барқарор ўсишда давом этди.

2021 йилнинг ноябрида Тоқаев мамлакатдаги айрим нефт маҳсулотлари дефицити сунъий яратилаётганидан ҳам огоҳлантирган.

Қозоғистонда ёқилғи-мой материаллари нархларига бўлган давлат бошқаруви 2015 йил сентябридан бошлаб бирин-кетин олиб ташлана бошланган. Жумладан, сўнгги норозиликлар тўлқинини келтириб чиқарган суюлтирилган газ нархининг давлат томонидан тартибга солиниши 2021 йил 1 мартидан бекор қилинган эди.

Reuters агентлиги ёзишича, норозиликларга 2015 йилда бошланган ва шу ой бошида кучга кирган худди шу ёқилғи бозори ислоҳоти туртки бўлган. Бу ислоҳотнинг мақсади бутан ва пропан нархлари бўйича ҳукумат чекловларини олиб ташлашга қаратилган бўлиб, ҳукумат маҳаллий бозор яхши таъминланганидан сўнг унинг кучга киришини назоратга олиши керак эди.

Reuters бундан олдинги субсидиялар йирик нефт ишлаб чиқарувчи бўлган Қозоғистонда мунтазам равишда бутан ва пропан танқислигини яратганига эътибор қаратмоқда. Ишлаб чиқарувчилар, жумладан Американинг Chevron ва Exxon компаниялари яхшироқ даромад олиш учун суюлтирилган газни ташқи бозорга сотишни афзал кўрган. 2022 йил 1 январидан нархлар тўлиқ эркинлаштирилгач, ҳукумат ички бозорда суюлтирилган газ таъминоти яхшиланиши ва сурункали танқислик бартараф этилишини кутган эди.

Аммо бу ислоҳот тескари натижа берди, чунки нархлар бир кечада деярли икки баробарга ошиб, литри 120 тенгега етди. Қозоғистондаги аҳолининг оммавий норозилигини усиз ҳам ўсиб бораётган инфляция қиздириб турганди: йилига инфляциянинг усиши 9% га яқинлашиб, охирги беш йил ичида энг юқори кўрсаткич бўлди, давлат Марказий банки фоиз ставкаларини 9,75 фоизгача оширишга мажбур бўлди.

Умуман олганда, Қозоғистонда нарх-навони давлат томонидан бошқариш тизими 1992 йилда бекор қилинган ва мамлакатнинг бозор иқтисодиётига ўтишига катта ҳисса қўшган.

Бугунги кунда давлат АЁҚШларида АИ-92 маркали бензин 0,41 – 0,46 долларга (4400 – 4900 ўзбек сўми) сотилмоқда.

Олмаотадаги “Хавфларни баҳолаш гуруҳи” директори қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Озодликка берган интервюсида Қозоғистондаги бугунги намойишларни охирги 30 йилда олиб борилган “Элбаси” сиёсати натижаси эканини айтади:

- 40 минг тенгега тирикчилик қилиб, қашшоқлик даражасига яқинлашиб қолган қозоғистонликлар кўпайган. Ҳа, мамлакат ғарбида маошлар юқори, лекин аҳоли юқоридагилар қариндошларининг кўп миллиард долларлик коррупция можароларидан хабардор. 2019 йилда ўзгаришларга умид боғлаган одамлар газ билан боғлиқ муаммолар иқтисодий эмас, сиёсий экани, масала олигархлар иқтисодиётида ва мавжуд авторитар тузумда эканини англаб етди, - дейди Озодлик билан суҳбатда қозоғистонлик сиёсатшунос Досим Сатпаев.

Ўзбекистондаги вазият

Энергия захираларига бой Марказий Осиёда аҳолининг газ ва электр тақчиллиги ёки улар нархининг оширилишидан норозилик чиқишлари янгилик эмас.

Аммо аксар кузатувчилар минтақанинг энг бой ва аҳолиси нисбатан фаровон давлати бўлган Қозоғистондаги оммавий намойишларнинг ўзлари учун кутилмаган бўлганини айтишмоқда. Таҳлилчиларга кўра, қозоқ ҳукуматининг ўзи ҳам мамлакатдаги барқарорликка "ортиқча баҳо бериб юборган".

Минтақанинг аҳолиси энг кўп ва иккинчи йирик иқтисоди бўлган Ўзбекистонда, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг газ ва электр танқислигидан стихияли норозилик чиқишлари бўлиб туради. Маҳаллий ҳокимиятлар кўпинча бу норозиликларни энергия таъминотини тиклаш ёки арзон ёқилғи тарқатиш орқали бостириб келади.

Қозоғистондаги воқеалар манзарасида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати жорий йилда Ўзбекистон Россияга табиий газ экспортини тўхтатганини маълум қилди.

Айни пайтда Россия Федерациясига газ етказиб бериш амалга оширилмаяпти, 2022 йилга мўлжалланган режалар ҳам йўқ”, — дейилади вазирлик расмий хабарида.

Айни пайтда ўзбек автомобилчилари метан газ ва бензинни Қозоғистондаги нархдан бир неча баробар қимматга сотиб олади.

Тошкентлик ҳайдовчилардан бирининг Озодликка айтишича, шу кеча-кундузда бензиннинг энг арзон 80-маркасининг литри 6500 сўмдан, хусусий заправкаларда эса 7200 сўмгача сотилмоқда. Муқояса учун - Қозоғистонда сифатли АИ-92 бензиннинг литри ўзбек сўмига 4520 сўм (182 қозоқ тангаси- 5 январь ҳолатига)ни ташкил қилади.

Янги йил арафасида газга бой Ўзбекистоннинг кўпгина ҳудудларидаги метан газ қуйиш шохобчаларида ёнилғи тақчиллиги ва узундан-узун навбатлар кузатилаётганди. Қозоғистондаги ғалаён манзарасида вазиятнинг бир қадар яхшилангани ҳақида хабарлар келмоқда.

Аммо таҳлилчилар фикрича, умумиятла, аҳолининг газ ва нефт соҳасидаги монополия ва коррупциядан норозилиги кучли.

Номини очиқламасликни сўраган маҳаллий таҳлилчилардан бирининг Озодликка айтишича, Қозоғистонда рўй бераётган оммавий тартибсизликлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳам норозилик потенциали хусусида "жиддий ўйлаб кўришга ундамоқда".

"Газ қуйиш шахобчаларидаги тунги чекловлар олиб ташланди ва заправкалар 24/7 режимида ишлай бошлади. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин ва газ нархларининг тушиши кутилмоқда", дейди маҳаллий эксперт.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Тошкент кўчаларида ЙПХ ходимлари сони оширилган. Миллий гвардия ходимларининг тўп-тўп бўлиб тургани кўзга ташланади.

АËҚШда метан газ учун икки соатдан икки кунга чўзилаëтган навбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:57 0:00

Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг 2022 йил учун бюджет бўйича берган маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи, иссиқ сув ва иссиқлик, совуқ сув ва канализация тарифлари ошиши кутилмоқда.

Жаҳон Банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда жон бошига Ялпи ички маҳсулот ҳажми 1685 АҚШ долларини ташкил этган. Бу Қозоғистондаги кўрсаткичдан (10963) олти баробарга кам.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG