Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:56

Қирғизистон: Октябрь воқеалари иштирокчилари танлаб-танлаб айбланмоқдами?


18 октябрь куни Бишкекнинг Биринчи май тумани судида 2020 йил октябрь воқеалари чоғида юз берган тартибсизликларга доир жиноят иши бўйича дастлабки тинглов бўлиб ўтди. Биринчи суд мажлиси 2 ноябрга белгиланган.

Маҳкама жараёнида жиноят иши фигурантлари сифатида ҚР собиқ президенти Алмазбек Атамбаев, унинг собиқ маслаҳатчиси Фарид Ниёзов, сиёсатчи Жениш Молдокматов, собиқ ички ишлар вазири ўринбосари Қурсан Асановлар қатнашмоқда. Жамоатчиликнинг маҳкамага муносабати бир хил эмас: айбдорлар танлаб олинмоқда, чунки октябрь воқеаларига мамлакатнинг ҳозирги раҳбарияти вакиллари ҳам алоқадор, деган фикрлар мавжуд.

Суд жараёни

Жиноят иши бўйича дастлабки тингловлар Биринчи май судида 8 октябрь куни бошланган эди. Ўшанда айбланувчилардан бири – Темирлан Султонбеков қатнаша олмагани боис жараён 18 октябрга кўчирилди.

Бу сафар у суд мажлисига келди. Ундан ташқари, суд залида президент аппарати собиқ раҳбари Фарид Ниёзов, собиқ ички ишлар вазири ўринбосари Қурсан Асанов ҳамда “Турон” партияси етакчиси Жениш Молдокматовлар ҳам бор эди. ҚР собиқ президенти Алмазбек Атамбаев судга олиб келинмади. Аммо унинг собиқ тансоқчилари Дамир Мусакеев билан Қанат Сагимбоев келишди.

Дастлабки эшитув ёпиқ тарзда ўтди. Темирлан Султонбеков касаллиги сабабли судья Убайдулла Сотимқулов жараённи 2 ноябрга қолдиришга қарор қилди.

Атамбоев, Сагимбоев ва Мусакеевларнинг адвокати – Замир Жошеев ушбу суд мажлиси хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:

“Алмазбек Атамбaев жараённи унинг иштирокисиз ўтказишни сўраб ариза берганди. Жениш Молдокматовнинг адвокати унга нисбатан тайинланган эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш ҳақида илтимоснома киритди. Аммо суд илтимосномани қаноатлантирмади. Жараённинг ўзи очиқ бўлади. Иш материаллари 99 жилддан иборат. Мен кўз югуртириб чиқдим. Олти фигурант “оммавий тартибсизликларни уюштириш ва ҳокимиятни куч билан босиб олиш”да айбланмоқда. Бироқ бунинг далил-исботларини мен кўрмадим. Барча жилдлар ҳикояхонлик, фактлар қайдлари билан тўлдирилган”.

Қирғизистонда 2020 йил 4 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. Эртаси куни сайлов натижаларидан норози партияларнинг тарафдорлари митингга тўпландилар. Норозилик акцияси намойишчиларнинг кучишлатар идоралар ходимлари билан тўқнашувига уланиб кетди. 6 октябрга ўтар кечаси митингчилар “Оқ уй”ни эгаллаб олишди. Шундан сўнг қамоқда сақланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбaев ва унинг яқин одамларини озод қилдилар.

Эркинликка чиққан сиёсатчилар 9 октябрь куни Бишкекдаги митингда иштирок этишди. Акция муштлашув билан тугади – натижада 7 киши жароҳат олди.

Эртасига, 10 октябрь куни оммавий тартибсизликлар факти бўйича қўзғатилган ишни судга қадар юритиш доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбaев, унинг қўриқчилари Қанат Сагимбоев ҳамда Дамир Мусакеев, “Социал-демократлар” партияси аъзоси Темирлан Султонбеков, собиқ ички ишлар вазири ўринбосари Қурсан Асанов ҳибсга олинди. Собиқ президентнинг ўғиллари – Сейит ва Қодир Атамбaевлар эса сўроқдан сўнг қўйиб юборилди.

Ўшандан бери Султонбеков билан Сагимбоев уй қамоғига ўтказилди, Қурсан Асанов эса икки марта (жумладан, бошқа ишлар бўйича ҳам) қўлга олинди, учинчи мартасида 50-сонли тергов ҳибсхонасига қамалди.

Жениш Молдокматов 2021 йил май ойида қўлга олинган эди. Унинг адвокати сиёсатчи устидан 9 октябрь воқеалари бўйича яна бир неча жиноят иши очилганини маълум қилди. 18 октябрдаги суд мажлисида Молдокматов журналистларга уни айбини тасдиқловчи ҳеч қандай далилсиз тергов изоляторига қамашганини айтди.

“Оммавий тартибсизлик уюштирилгани ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш бўлганини исботловчи бирорта факт йўқ. Мени 7 ойдан буён бекордан-бекорга қамоқда тутиб туришибди. Аммо мен кечирим сўрамоқчи эмасман, тарих ҳали ҳаммага ўз ўрнини кўрсатиб қўяди. Қаматганлар бир кун келиб ўзлари қамоққа тушади. Улар бизни ҳокимиятни ноқонуний босиб олишда айблашмоқда, шунчаликка борган экан, бугунги ҳокимиятнинг ўзи ноқонунийдир”.

Президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов эса мазкур иш юзасидан алоҳида мурожаат қилди:

“Ҳукумат ушбу суд жараёни орқали ўз аксилинқилобини оқламоқда. 2020 йил октябрь воқеалари бўйича терговдан мақсад бош кўтарган халқни айблаш ва Сооранбой Жээнбековни дастаклаш экани яққол маълум бўлди. Хусусан, Жээнбековга ўтган йили ҳокимият учун курашда Садир Жапаровни қўллагани учун шу зайлда миннатдорлик билдиришмоқчи. Чунки 9 октябрь куни “Ала-Тоо” майдонида бўлиб ўтган тинч митингни куч билан тарқатишга айнан Жээнбеков бош-қош бўлган. Жапаровнинг Бош вазир бўлишини таъминлаган ҳам у. Уларнинг иккиси бирдек қўрқадиган умумий душманлари бор. Шу боис ҳам Алмазбек Атамбaев, Фарид Ниёзов, Қанат Сагимбоев ҳамда Омурбек Бобоновларни суд қилиш шарт, деб қарор қилишди.

Халқ октябрь воқеалари учун Жээнбековнинг ака-укаларини ҳамда уларга яқин бўлмиш “Биримдик” ва “Маконим Қирғизистон” сиёсий партияларини айбдор санайди. Улар овозларни кўтара сотиб олиш билан фуқароларни ҳақорат қилишди, мамлакатнинг юзини ерга қаратишди. Янги ҳокимият уларни тартибсизлик чиқаришда айблаши, қолаверса, пировардида “ўтмаган” деб тан олинган парламент сайлови учун давлат ғазнасидан ва партиялар ҳисобидан харжланган бир миллиард сомдан ортиқ маблағни улардан ундириши лозим эди. Бироқ негадир ҳақиқий айбдорларни эмас, яна мухолифат сиёсатчиларини – Жениш Молдокматовни, Қурсан Асановни, Темирлан Султонбековни суд қилишяпти”.

Дарвоқе, маҳкамага 9 октябрдаги митингда қатнашган собиқ Бош вазир Омурбек Бабанов ҳам айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Аммо биринчи суд эшитувида унинг ишини алоҳида кўриш тўғрисида қарор чиқарилди, аммо бунинг сабаби очиқланмади. Бобоновнинг ўзи аввалроқ “Қумтор иши” бўйича ҳибсга олинган, аммо кейин озод этилганди.

Тизимлар зиддияти

Табиийки, судланувчиларнинг ҳам, уларнинг адвокатларининг ҳам октябрь воқеалари бўйича ўз айтар сўзлари бор. Хусусан, улар ўша кунлари амалдаги президент Садир Жапаров ҳам озодликка чиқарилганини, МХДҚнинг ҳозирги раҳбари Қамчибек Ташиев ҳамда амалдаги бош прокурор Қурманқул Зулушев эса унинг қўйиб юборилишига алоқадорлигини эслатишади. Бироқ уларни жавобгарликка тортиш тугул, ҳатто сўроққа чақирилмагани тергов ва суднинг нохолис ва бирёқламалиги белгиси ўлароқ талқин қилинмоқда.

Сиёсатшунос Айнура Арзимбетова ҳам шу масалада фикр билдирди:

“Мазкур иш бўйича кимлар ҳибс этилганига қараганда улар сиёсий сабабларга кўра танлаб олингандек тасаввур ҳосил бўлади. Чунки ўшанда улар бошқа кўплаб фуқаролар билан бирга майдонга чиқишганди. Бинобарин, уларни судга тортган ҳолда бошқа сиёсий кучларнинг вакилларини жалб этмай адолатсизлик қилишяпти. Садир Жапаровнинг ўзи ҳам ўшанда қамоқдан чиқарилган, Қамчибек Ташиев билан Сиймиқ Жапикеев октябрь воқеаларида қатнашишган. Нега айримлар жазоланади‑ю бошқалар жазосиз қолиши керак? Бу савол турли шубҳаларни туғдиради”.

Айни чоғда октябрь воқеаларини уларнинг келиб чиқиши ва ривожланишини бўлак-бўлак кўрувчилар ҳамда тергов мақсадига бошқача баҳо берувчилар ҳам бор. Хусусан, президент маслаҳатчиси Чўлпонбек Абикеев шундай дейди:

“Воқеаларни қориштирмаслик керак. Даставвал сайлов натижаларидан норози бўлганлар ва ҳокимият алмашишини талаб қилувчилар майдонга чиқишганди. Халойиқ давлат қароргоҳига юриш қилишга тайёр эди. Шундан сўнг ҳокимият алмашди, мен буни Октябрь инқилоби деб атаган бўлур эдим. Янги ҳокимият ўрнатила бошлаганида Атамбaев тимсолидаги реваншист кучлар уни ағдаришга уринишди. Менинг наздимда улар халқ иродасига қарши чиқишди. Шу боис ҳам уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши лозим. Садир Жапаров эса халқ ғалаёнлари ортидан ҳокимиятга келди, кейин Жогорку Кенеш уни бош вазирликка сайлади. Парламент уни бир эмас, бир неча марта танлади, кейинроқ у президент сайловида ҳам ҳалол ғалаба қозонди”.

Август ойи охирида жамоатчилик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар 2020 йилнинг 5-6-9 октябрь кунлари юз берган тартибсизликлар бўйича очилган жиноят ишлари доирасида 100 га яқин киши, хусусан, фаоллар, жамоат арбоблари ва депутатларнинг телефон сўзлашувларини эшитганидан воқиф бўлган эди. ИИВ маълумотига кўра, телефонлар 2021 йилнинг 6 январидан 10 февралига қадар яширинча тингланган.

Сўзлашувлари тингланган Клара Сооронқулова ҳамда Рита Қорасартова, шунингдек, юрист Сания Тўхтағозиева буни шахсий ҳаётга аралашув ва қонунбузарлик дея баҳолаб, судга мурожаат қилишга ваъда берганлар. Мазкур иш бўйича муҳокама давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG