Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:01

Аҳоли светсиз ўтирибди - криптоқироллар мамнун. Қирғизистоннинг майнинг фермалари


Қирғизистон ҳукумати аҳолини бу қишда юзага келиши мумкин бўлган электр тақчиллигига тайёрлаётган бир пайтда, Кемин туманидаги йирик майнинг ферма ҳар куни цемент заводлари, олтин конлари ва бозорлардан кўра кўпроқ электр қувват сарфлайди.

Президент Садир Жапаров Озодлик радиоси қирғиз хизмати суриштирувида тилга олинган Чуй вилояти Кемин туманидаги криптовалюта билан шуғулланувчи ферма фаолиятини оқлашга уриниб, электр подстанцияси яқинидаги майнинг ферма электр учун тўловни энг юқори ставкада тўлаётгани ҳамда мамлакатда ёзда электр энергияси тўкин бўлишини таъкидлади.

Агар энергия тақчиллиги юзага келса, майнинг ферма фаолияти «қишда тўхтатилиши мумкин», дея қўшимча қилди у. Президент ферма давлат буджетига 225 миллион сўм (2,5 миллион доллардан кўп) солиқ ва 480 миллион сўм (5,5 миллион доллар) электр учун ҳақ тўлаганини билдирди.

Аммо 31 июль куни Қирғизистон Энергетика вазири Таалайбек Ибраев Озодлик қирғиз суриштирувидан сўнг криптофермага эгалик қиладиган компания давлат электр тармоғи билан «ҳамкорликни тугатгани» ва қўшни Қозоғистондан энергия олишга қарор қилганини маълум қилди.

«Электр ўғрилик бўлгани йўқ. Аммо суриштирувдан сўнг компания 1 августдан давлат билан ҳамкорликни тўхтатди. Энди биз пул йўқотяпмиз. Компания электр энергиясини Қозоғистондан сотиб олади ва биз энди 480 миллион сўм ўрнига 17 миллион сўм (195 минг доллар) транзит ҳақи олиш билан чекланамиз”, - деб шикоят қилди Ибраев.

Қирғизистон Энергетика вазири Таалайбек Ибраев
Қирғизистон Энергетика вазири Таалайбек Ибраев

Йўқотилаётган фойда ҳақида ачиниб гапирган Ибраев, бир ҳафта олдин, энергия тежаш бўйича миллий кампанияга бошчилик қилган пайтда умуман бошқача гапирган эди.

Ибраев 20 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида ҳукумат ўтган куз-қиш мавсумида Россия ва Туркманистондан 3,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси сотиб олишга мажбур бўлганини айтиб, энергетика соҳасида уч йил муддатга фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида президент фармонини қабул қилишни таклиф қилган.

Жапаров шундан сўнг энергия секторида фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Умумий қуввати 1200 мегаватт бўлган Қирғизистоннинг Тўқтўғул гидроэлектр станцияси мамлакатда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг қарийб учдан бир қисмини таъминлайди. Аммо ҳозирда сув омборида сув сатҳи сўнгги уч йилдаги энг паст даражага тушиб кетган.

Ҳукумат тақчилликни импорт билан қоплаганига қарамай, ўтган қишда ҳам Қирғизистоннинг кўп ҳудудларида электр энергиясида узилишлар кузатилди.

«Кузда электр узатиш линияси узайтирилди ва кўплаб трансформаторлар ўрнатилди. Эшитишимча, криптоферма бир кунда истеъмол қиладиган электр энергияси Кеминга уч кунга етади», — деди маҳаллий турғун Жўлдошбек Далбоев.

«Улар токни ўчириб қўйишди. Мен диспетчерга қўнғироқ қилиб, "Нега криптоферма учун бизда электр токини ўчиряпсиз? Намойишга чиқиш керакми, деб сўрадим. Шундан сўнг электр токини ўчирмай қўйишди», - дейди у.

Криптомайнинг мураккаб криптографик амалларни бажариш орқали криптовалюта ишлаб топиш жараёни. Мазкур жараён кечаю кундуз ишлайдиган компьютерлар орқали бажарилади. Компьютернинг ҳаддан ташқари қизиб кетишининг олдини олиш учун совутиш тизимлари ўрнатилади.

Майнинг фермаларининг энергия сарфи жуда юқори ҳамда фаолиятни ўзи ҳам катта маблағ талаб этади, айниқса электр нархи юқори бўлган мамлакатларда.

Бироқ Марказий Осиёда энергия нархларининг арзонлиги, криптомайнерлар учун минтақани жозибадор жойга айлантирган. Хитойда ушбу фаолият тақиқланганидан сўнг, майнерлар Марказий Осиёга кела бошлади.

Қирғизистонда криптовалюта хўжаликлари ва бошқа йирик истеъмолчилар учун электр энергиясининг энг юқори тарифи –– 5,04 сўм кВт/соат ёки 0,06 доллардан сал камроқ.

Бу уй хўжаликлари учун тарифлардан қарийб беш баравар кўп.

Кеминдаги Solarcoin декабрь ойида фаолиятини бошланганидан бери Битcоин нархи деярли икки баравар ошди ва ҳозирда бир биткоин 30 0000 долларга яқин.

Криптоқироллар

Саноат манбалари эълон қилган маълумотларга кўра, Қозоғистон ҳозирда дунёда АҚШдан кейин иккинчи йирик криптомайнинг давлатга айланди.

Баъзан Қозоғистон энергетика расмийлари криптовалюта фаолиятининг ошиб бораётгани энергия танқислиги энг кўп учрайдиган мамлакат жанубига таъсиридан нолишади.

Қирғизистон хавфсизлик хизмати криптовалюта фермаларида кўплаб рейдлар ўтказган. Шунга қарамай, Озодлик радиоси қирғиз хизмати томонидан олиб борилган суриштирув натижаларига кўра, Solarcoin ишида ҳозирги энергетика мансабдорлари иштирокида манфаатлар тўқнашуви бўлиши мумкин.

Озодлик мухбирлари Татяна Мартинова исмли аёл Solarcoin асосчиларидан бири сифатида қайд этилганлигини аниқлади. Мартинова ўтмишда собиқ депутат Фархат Иминов томонидан асос солинган бошқа компания - Аi Element директори бўлиб ишлаган.

Ҳукумат порталидаги маълумотларга кўра, Иминов январь ойида Solarcoin номидан Кеминдаги маҳаллий солиқ хизматига 300 доллар ер солиғи ва 50 доллардан сал кўпроқ нотурар жой солиқларини тўлаган.

Иминов 2022 йил ноябрь ойида Қирғизистондаги деярли барча электр энергияси ишлаб чиқаришни назорат қилувчи асосий давлат ширкати бўлмиш «Электр станциялари» ОАЖ директорлар кенгашига сайланган.

Мартинова яна бир компания - Метрум КГ асосчиси сифатида ҳам қайд этилган. Метрум КГ яна бир энергетика соҳаси амалдори бўлган собиқ депутат Жиргалбек Турусқуловга ҳам бориб тақалади. Иминов «Электр станциялари» ОАЖ вакили бўлса, Турусқулов тўлиқ номи Қирғизистон миллий электр тармоғи (НEСК) бўлган давлат тармоғининг бошқарув кенгаши аъзоси бўлиб ишлайди.

Президент Садир Жапаров
Президент Садир Жапаров

Турусқулов Озодлик радиоси билан телефон орқали суҳбатда Мартиновани умрида бир марта кўргани ва уни танимаслигини айтди.

Мартинова ва Иминов билан боғланишнинг эса имкони бўлмади. Solarcoin директори сифатида кўрсатилган Айсана Исмоилова Озодликка телефон орқали изоҳ беришга рози бўлди, бироқ кейин бунинг имкони бўлмади.

Қирғизистон сувдан олинадиган энергетикага қарам. 2023 йилнинг қурғоқчил келиши эса қуйи оқимдаги қўшнилар Қозоғистон ва Ўзбекистонни сув билан таъминлаш мажбуриятлари билан бирга, Қирғизистон электр тармоғи учун муаммо туғдириши мумкин.

Шу йил бошида Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бахит Тўрабоев Қирғизистон иситиш мавсумига Тўқтўғул сув омборида тахминан 12,4 миллиард куб метр сув билан киришини тахмин қилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1 миллиард кубга кам дегани.

Қиш мавсумида энергияга талаб ошгани сайин кўпроқ сув керак бўлади, кузнинг бошида эса сув омборига оқим кескин камаяди.

Қирғизистонни узлуксиз энергия билан таъминлаш учун қишда Тўқтўғул ГEСида 6-7 миллиард куб метр сув бўлиши керак.

Озодлик радиоси суриштирувидан сўнг Жапаров ўзидан олдинги президентлар сингари яқин келажакда янги ГЭСлар ишга туширилиши натижасида Қирғизистон «электр энергиясини экспорт қилувчи мамлакатга айланади» деган ваъдаларни такрорлади.

«Solarcoin лойиҳаси маҳаллий энергетика соҳасига келганда шахсий манфаатлар давлат манфаатидан устун қўйилганига бир мисол»,- дейди Энергетика бўйича эксперт Эрнест Карибеков.

«Агар мен, сиз ёки бошқа бир оддий фуқаро завод очиш учун электр энергиясини сўрасангиз, ток йўқ, деб рад этишади».

«Аммо ҳокимият вакиллари ўзлари учун ҳам манфаатли бўлган одамга рухсат беради», — дея қўшимча қилади эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG