Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:49

Рақамлардаги фарқлар. Қашқадарё вилоят театри биносини таъмирлаш қанчага тушди?


Қашқадарё вилоят Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театрининг таъмирдан кейинги кўриниши
Қашқадарё вилоят Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театрининг таъмирдан кейинги кўриниши

4 сентябрда Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри биносининг “капитал таъмирдан сўнг” очилиш маросими бўлиб ўтди.

Озодликка маълум бўлишича, очилиш маросими таъмирлаш ишлари тугалланмай ўтказилган.

Мазкур тадбирга оид хабарларда таъмир учун сарфланган маблағ тўғрисидаги рақамлар ҳам бир-биридан кескин фарқ қилиши эътиборни тортди.

Баъзи нашрлар таъмирга 10 млрд сўмга яқин пул сарфланганини ёзса, бошқалари вилоят ҳокимлигига таянган ҳолда 17 млрд сўм сарфланганини хабар қилди.

Театр таъмирини амалга оширган корхона раҳбарияти Озодликка тақрибан 9 млрд сўмлик иш бажарганини тасдиқлади.

Театр раҳбариятининг Озодликка билдиришича, очилиш маросими таъмирлаш ишлари якунига етмай ўтказилган.

Вилоят ҳокимлиги расмийси таъмирлаш ишлари давом этаётгани, тилга олинган 17 млрд сўм ишлар битгунча сарфланишини билдирди.

Ҳар хабарда ҳар рақам

4 сентябрда Қашқадарё вилоят Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театри биносининг капитал таъмирдан кейинги очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маданият вазирлигининг хабар қилишича, маросимда вилоят ҳокими Зоир Мирзаевга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.

Айрим нашрлар 2020 йилнинг ноябрида бошланган таъмирлаш ишларига салкам 17 миллиард сўм сарфланганини хабар қилди.

17 миллиард сўм сарфлангани тўғрисида дастлаб вилоятдаги Qarshiliklar Телеграм канали ҳамда Nasafnews.uz сайти ёзди

Бироқ ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, театр таъмирига 7 млрд 800 млн сўм ажратилган.

Таъмирловчининг ҳам ўз рақами бор

Театр таъмирини амалга оширган қурилиш ташкилоти – “Қурилиш кўчма колонна 017” МЧЖ раҳбарияти вакили (исми айтилишини истамади-таҳр.) Озодликка сарф-ҳаражатларга оид рақамларнинг учинчи вариантини айтди. Унинг айтишича, таъмирга 9 801 035 873 сўм сарфланган. Корхона вакили бу маблағ нималарга кетганининг ёзма ҳисоботини Озодликка тақдим этди.

Uzbekistan - Қашқадарё вилоят Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театри таъмирига сарфланган маблағ ҳисоботи
Uzbekistan - Қашқадарё вилоят Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театри таъмирига сарфланган маблағ ҳисоботи

МЧЖ вакилининг айтишича, таъмирлаш ишлари учун дастлаб ажратилган маблағнинг келиб тушиши билан боғлиқ муаммо бўлмаган. Муаммо сметадан ташқари ҳаражатларни қоплаш масаласида юзага келган. Унинг айтишича, таъмир сметасига кирмаган тақрибан 2 млрд сўм масаласи ҳозирча ҳал бўлмай турибди.

“Қурилиш кўчма колонна 017” МЧЖ раҳбарияти вакили театр таъмирига сарфлангани айтилаётган 17 млрд сўм ҳақидаги маълумот қандай пайдо бўлганини “тушунмайроқ турганини” айтаркан, бундай деди:

“Театр таъмири учун 17 млрд сўм сарфланди, деган гап қаердан пайдо бўлганини тушунмайроқ турибман. Балки смета ҳужжатларига кўра, биз амалга оширган ишларимиздан ташқари, вилоят ҳокимлиги театрга олиб келиб қўйган нарсалар бўлиши мумкин. Биз сметада белгиланган ишларни қилиб, унга қўшимча тарзда бинонинг фасади ва ободонлаштириш, масалан театр ҳовлисининг бир қисмига брусчатка ётқзиш билан боғлиқ ишларни қилдик ва натижада тақрибан 9 млрд сўмлик иш бажардик”, - деди Озодликка “Қурилиш кўчма колонна 017” МЧЖ раҳбарияти вакили.

Оддий арифметика

МЧЖ вакили тахмин қилаётган “вилоят ҳокимлиги театрга олиб келиб қўйган нарсалар” га ЎзА давлат ахборот агентлиги ўз хабарида бир қадар ойдинлик киритди:

“Қашқадарё вилояти ҳокимлиги “Дўстлар клуби” фаолияти доирасида асосий ҳомий сифатида театрнинг моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида кўпгина амалий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 829 миллион сўмга катта монитор, 378 миллион сўмга театр саҳнаси учун парда олиб берилди. Театрнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва театр учун зарурий мебель ва жиҳозлар олиш учун театр ҳисобига 2 миллиард сўм моддий маблағ ажратиб берилди”.

ЎзАнинг бу маълумотлар келтирилган хабарида мана бу маълумот ҳам бор:

“… вилоят мусиқали драма театри биносида ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу мақсадлар учун 7 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилди”.

ЎзА хабарида келтирилган барча рақамлар қўшилса (7млрд 800 млн + 829 млн + 378 млн + 2 млрд) 4 сентябргача қилинган сарф-ҳаражатлар жами 11 млрд 007 млн сўмни ташкил қилади.

Лекин Қашқадарёдаги нашрлар, вилоят ҳокимлигига таяниб, 17 млрд сўм маблағ сарфлангани тўғрисида хабар қилди.

Битмаган таъмирга кетмаган пул

Театр таъмирига аслида неча пул сарфланди? Нима учун хабарларда келтирилаётган фарқ жуда катта? Озодликнинг бу саволларига Қашқадарё вилоят молия бошқармаси бошлиғи Файзулла Юсупов жавоб беришни истамади. “Театр таъмирини Маданият вазирлиги молиялади. Барча саволларингизни вазирликка беринг, биз аралашганимиз йўқ”, - дея алоқани узиб қўйди.

Маданият вазирлиги Молия бошқармаси кичик мутахассиси Суҳроб Маҳмараҳимов Қашқадарё театри таъмирини молиялаш масалаларидан хабардор етакчи мутахассис таътилда эканлигини, бошқарма бошлиғи эса, мажлисда эканлигини билдириш билан чекланди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқовнинг сўзларига қараганда, битгани айтилган капитал таъмир ҳали битмаган, сарфланди дейилган 17 млрд сўм ҳам ҳали тўлиқ сарфланмаган:

“Ҳақиқатан ҳам 17 млрд кетади, лекин иш ҳали охирига етмаган. Тахмин қилинган 17 млрд кетади, деб. Катта ишлар қилинди. Пулни Маданият вазирлиги ажратган. Театрда қишгача қўшимча қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп. Томини ремонт қилиш керак ҳали. Канализация билан боғлиқ ишлар бор. Ҳали иш кўп”.

Таъмир арзонми, қурилишми?

Қашқадарё вилоят Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театри таъмирига сарфлангани айтилаётган маблағни қиёслаш учун маълумот: маҳаллий nasafnews.uz нашри шу йилнинг июнида Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига таяниб, вилоятда қурилаётган қўғирчоқ театри қиймати 16 млрд 516 миллион сўмни ташкил этажагини хабар қилишган эди.

Нима учун бир театрни 16 млрд 516 миллион сўмга қуриш мумкин бўлган бир пайтда бошқа театрнинг таъмирига 17 млрд сарфланмоқда? Бу саволга Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқов бундай жавоб берди:

“Қўғирчоқ театри биноси ҳажми билан драма театри биноси ҳажмини қиёсласангиз, жавоб ўз-ўзидан аён бўлиб қолади. Қўғирчоқ театри биноси кичикроқ бўлади, демак, ҳаражати ҳам шунга яраша бўлади”.

Қашқадарё вилоят Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театри директори Ўткир Маҳматқуловнинг Озодликка билдиришича,

“Театрнинг 89- мавсуми бошланди, лекин Махсус комиссия томошабин йиғиб, спектакль кўрсатишга рухсат бергани йўқ. Қолаверса, қурилиш-таъмир ишлари давом этяпти. Театр атрофини ободонлаштириш, иситиш тизимига улаш ишлари давом этяпти, театрнинг саҳнани ёритувчи чироқлари ўрнатилиши керак”.

Директор театри таъмири учун неча пул сарфлангани тўғрисида аниқ маълумоти йўқлиги, вилоят ҳокимлиги ҳам молиявий ёрдам кўрсатаётгани, жумладан театр пардасини янгилаш учун, бошқа мақсадлар учун пул ажратганини билдирди.

4 сентябрда 89- мавсумини бошлаган Қашқадарё вилоят театрининг куни кеча таъмирдан чиққан биноси 1983 йилда фойдаланишга топширилган, ўтган давр мобайнида бино деярли яроқсиз аҳволга келиб қолган эди.

1932 йили Қарши ва Шаҳрисабздаги ҳаваскор гуруҳлари негизида ташкил этилган театр труппаси 1936 йилда давлат театри мақомини олган. Театрга 1943 йили вафот этган хонанда, ўзбек ашулачилик санъатининг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ ҳофизи Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номи берилган.

XS
SM
MD
LG