Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:43

Қамоқда қолаëтган собиқ мулозимдан 75 минг доллар суд бўлгунга қадар олиб қўйилди


Иллюстрация
Иллюстрация

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг бош мутахассиси лавозимида уч ой ишлаган 44 яшар Баҳодир Ҳўжақуловнинг отаси Юсупали Ҳўжақулов жорий йилнинг 10 июль куни ҳибсга олинган ўғли учун Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиларига 75 минг АҚШ долларини нима асосда берганини билмаслигини айтмоқда.

Прокуратура вакили эса¸ бу пулнинг “мавжуд қонун доирасида¸ етказилган зарарни қоплаш мақсадида вақтинча” олиб қўйилганини билдирди.

Ҳозир ҳибсда қолаëтган Баҳодир Хўжақулов 10 июль куни Самарқанд вилоят собиқ ҳокими Туроб Жўраев билан бирга ушланган юқори лавозимли мулозимлардан биридир.

Жорий ҳафтада унинг отаси¸ қашқадарëлик тадбиркор Юсупали Ҳўжақулов “Ўғлим ва биз ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан таланяпмиз”, деган мазмунда мамлакат Президентига шикоят ëзди.

Озодлик билан 11 октябрь куни суҳбатлашган Ҳўжақулов “Терговчилар бизни чалғитиб пулимизни олиб қўйди”, деб иддао қилди:

- Ҳозир Тошкентда ИИВ ертўласида сақланаëтган ўғлим Баҳодир, укаси Нуриддинга қамоқдан телефон қилиб, 75 минг доллар келтириб беришни ëлвориб сўраган. "Шуни тўласам қўйворади", дебди. Мен ўзим жамғарган 75 минг доларни Нуриддинни қўлига бердим¸ бер деб.

Ўзининг чорвадорлик қилиб жамғарган 82 минг долларидан 75 минггини терговчига қандай берилганлигини Юсуфали Ҳўжақулов аниқ қилиб айтиб берди:

- Кичик ўғлим Нуриддинга телефонда 11 июль куни Тошкентдаги Мирзо Улуғбек ҳайкали тагига бориб туринг дейишди. Бориб турди. 01. 757 TST номерли Lacettiдан уч формасиз киши тушган. Шулардан бири "мен Акбарман", деб ўзини таништириб кичик ўғлимга телефон тутган. Қамоқдаги катта ўғлим укасига "пулни бер", деган. Нуриддин пулни берган. Улар пулни олиб кетиб қолишди. Ўғлимни бугунгача озод қилишмади.

Ўтган ҳафтада Юсупали Ҳўжақулов бу пул тақдирини адвокат иштирокида прокуратура терговчиси Дилшод Шерматовдан сўраганини айтди:

- Мен ундан "қани мен берган 75 минг АҚШ доллари?" деб сўрадим. Терговчи Шерматов эса, “Бу пул етказилган зарарни қоплаш учун депозитга қўйилди”, деди. Мен унга "ҳали суд қарори йўқку?" десам, Шерматов “Бу тепадан буюрилди”, деб қўйди. "Тепа" дегани президент бўлса керак, деб Мирзиëевга шикоят ëздим. Нега мен жамғарган пулимни ўғлим учун олиб қўйишди¸ деб. Шикоятим етиб борибди. Адолат қилинишига ишонаман.

Юсупали Ҳўжақулов билан бирга терговчи билан суҳбатда иштирок этган адвокат ҳам терговчи Шерматов 75 минг АҚШ доллари зарарни қоплаш учун депозитга қўйилди деб айтганини тасдиқлади.

Тергов сири

Озодлик Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматидан 10 октябрь куни Баҳодир Ҳўжақулов иши юзасидан қуйидаги билдирувни олди:

“Устидан жиноят иши очилган Баҳодир Ҳўжақулов процессуал қоида ва муддатларга амал қилинган ҳолда тергов қилинмоқда. Ундан Ўзбекистон қонунларида белгилган тартибда моддий маблағ олиб қўйилган. Яьни жиноий йул билан олинган даромадларни суд уларни тақдири ҳал этгунга қадар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган”.

Прокуратура тақдим этган маълумотда “Баҳодир Ҳўжақулов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисмида (катта миқдорда пора олиш) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланаëтгани” билдирилади.

Прокуратура расмийси¸ айбланувчининг отаси ëзган шикоят ўрганилаëтганини ҳам билдирди.

Прокуратура мулозимига кўра¸ “жиноий йул билан олинган даромадларни суд уларни такдири хал этгунга қадар ашёвий далил сифатида олиб қўйилгани билан боғлиқ тафсилотлар” тергов сиридир.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшуноснинг айтишича¸ Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 207-моддасига кўра¸ "Нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш ва уни жиноят ишига қўшиб қўйиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи қарор, суд эса ажрим чиқаради. Ушбу қарор ёки ажримда ашёвий далилни ишда қолдириш ёки уни сақлаш учун топшириш масаласи ҳам ҳал қилиниши лозим".

***

Озодлик Баҳодир Ҳўжақуловнинг ўғли ишига ўхшаш бошқа ишни 13 июнь куни эълон қилинган "Тошкент прокурори экс-муовинининг бойлиги қидирилмоқда. Қариндошлари уйида тинтув ўтказилди", деган сарлавҳа остидаги мақолада ўрганган эди. Ўша мақолада қуйидаги маълумотлар мавжуд:

Жиноий иш фигурантлари қариндошлариникида тинтув ўтказиш ва мулкни олиб кетиш қонунийми?

Озодликнинг бу саволига тушунтириш берган тошкентлик ҳуқуқшунос¸ Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ¸ тергов доирасида прокуратура ходимлари гумонланувчи шахслар уйида тинтув ўтказиш ва мулкига арест қўйишга ҳақли эканини билдирди:

"Тинтув ва олиб қўйиш ҳақида қарорни фақат суд чиқарсин¸ деган таклифлар бўлаяпти. Аммо ҳозирги қонунчиликка кўра¸ терговчида бундай ҳуқуқ бор. Жиноят-процессуал кодексининг 20-бобида ëзиб қўйилган".

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг "Олиб қўйиш учун асослар" деб номланган 157-моддасида:​

"Жиноят иши учун аҳамиятга молик нарса ва ҳужжатларнинг айнан кимда ва қаерда эканлиги маълум бўлиб, уларни қидиришнинг ҳожати бўлмаса, суриштирувчи, терговчи ва суд уларни олиб қўйишга ҳақлидир"¸ деб ëзилган.

"​Тинтув ўтказиш учун асослар" дейилган 158-моддага кўра:

"Суриштирувчи ва терговчи бирор турар жой, хизмат, ишлаб чиқариш биносида ёки ўзга жойда ёхуд бирор шахсда иш учун аҳамиятли бўлган нарса ёки ҳужжатлар бор деб ўйлаш учун етарли маълумотга эга бўлган тақдирда тинтув ўтказишга ҳақлидир".

***

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг бош мутахассиси лавозимида уч ой ишлаган 44 яшар Баҳодир Ҳўжақуловнинг отаси Юсупали Ҳўжақулов 75 минг АҚШ долларини нима асосда берганини терговчининг ўзидан сўраб, жавоб ололмаганидан шикоят қилмоқда:

- Мен терговчи Эркин Халимовнинг қабулига кириб, нима асосда 75 минг доллар олдингиз, деб сўрадим. Жавоб бера олмади ва бирорта ҳужжат кўрсатмади. Нега ўғлимни овора қилдингиз Тошкентга чақириб, мен Самарқандда прокуратура кассасига ҳам тўлардимку, десам яна жавоб бермади. Нега ëзма эмас оғзаки талаб қилдингиз пулни десам, яна жавоб йўқ. Жавобни энди Шавкат Миромоновичдан кутяпман.

XS
SM
MD
LG