Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:49

"Путин учун яхши, Россия учун ёмон". Эксперт Путин “интиҳосининг ибтидоси” ҳақида


 Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу билан.
Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу билан.

Норвегиялик олим Ивер Нойманнга кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага бостириб кириш қарори унинг режими хотимасини англатиши мумкин.

24 февраль куни президент Владимир Путин Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлашга буйруқ бериши ортидан Россия халқаро майдонда яккаланиб қолди. Ғарб Москвани жазолаш ва унинг ўз ҳарбий машинасини молиялашига йўл қўймаслик учун санкциялар жорий этди. Тўғри, Россия экспортининг асоси бўлмиш нефть ва газ нархлари кескин кўтарилиши мамлакат жорий амалиётлари ҳисобининг профицити ортишига имкон берди, бироқ иқтисодиёт чок-чокидан сўкилмоқда, истиқбол эса анчайин туманли кўринади.

Халқаро молия институтининг сўнгги башоратларига кўра, Россия иқтисодиёти жорий йилда 15 ва келгуси йилда 3 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Экспертлар фикрича, Ғарб санкциялари, ширкатларнинг маҳаллий бозорни тарк этиши, қийматли кадрларнинг четга оқиши, қолаверса, экспортнинг қулаши 15 йиллик иқтисодий ютуқларни йўққа чиқаради.

Айни вазият баъзилар қаторида Норвегиянинг Фритьоф Нансен институти директори ва Россия бўйича эксперт Ивер Нойманни Путин режимининг умри узоқлигига шубҳа билан қарашга мажбур этмоқда.

Нойманн мамлакатнинг Украинага қуролли тажовуздан сўнг бадтар танглашган иқтисодий аҳволи Путин режими учун “интиҳонинг ибтидоси” бўлиши мумкинлигини, лекин бу айнан қачон юз беришини олдидан айтиш мушкул эканини урғулайди.

“Путин иқтидорга келганига 22 йил бўлди, бироқ иқтисодиётда кўп нарса ўзгаргани йўқ, агар умуман ҳеч нима ўзгармаган бўлса. Путиндек тажрибали марксчи моддий омиллар бирламчи эканлигини тушунмаётгани менга ғалати туюлади”, дейди “Россия ҳамда Европа ғояси” (Russia And The Idea Of Europe) асари муаллифи бўлмиш Нойманн Озодликнинг грузин хизмати билан суҳбатда.

“Путиннинг мантиғига кўра, “Ғарбнинг иқтисодиёти кучли, Россияда эса кучли ирода бор, шу боис ҳам у кўзлаган мақсадига эришади”. Лекин бу қоида ишламайди. Шунинг учун ҳам мен буни Путин режими интиҳосининг ибтидоси деб биламан”, дея мулоҳаза қилади Нойманн.

Эксперт наздида Путин ўтмишдаги Россия подшолари изидан бориб “барча рус ерларини жамлаш” хаёлига тушган бўлса эҳтимол.

Путин 9 июнь куни Пётр I таваллудининг 350 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда ўзини у билан қиёслаб, икковларига ҳам рус ерларини қайтаришдек тарихий вазифани бажариш масъулияти тушганини писанда қилган эди.

“Пётр I 21 йил Швеция билан урушди. Швециядан фалон-фалон ерларни тортиб олди, дейишади... Йўқ, у тортиб олмаган, у аслида Россияга тегишли юртларни қайтариб олган”, деган эди Путин ўшанда.

“Барча кекса мустабидлар каби Путин ҳам исми тарих дарсликларига киришидан умидвор. Рус подшолари қандай қилиб тарих дарсликларига буюк шахс ўлароқ кирган? Урушларда ғалаба қозониб ва янги ҳудудларни фатҳ этиб”, дейди Нойманн.

Норвег олими Путин “ва унинг режими Россияда уюшқоқ либерал ҳаракатни таг-туги билан қуритиш йўлида катта жонбозлик қилган”и боис ундан давр ўтгач мамлакатда нима бўлишини башорат қилиш қийинлигини айтар экан, қистириб ўтади: “Либерализмнинг битиши Путин режими учун яхши, аммо Россия учун ёмон”.

Ўтган йили экстремистик ташкилот деб топилиб, фаолияти ман этилган Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси, айни чоғда қамоқда ўтирган мухолифатчи Алексей Навальнийни эксперт “Россияга хос лидер” дея таърифлайди.

“У, шак-шубҳасиз, ҳокимият билан курашмоқда ва ўз нуқтаи назарини билдирмоқда. Фикрини бўяб-бежамасдан, борича айтади. Айни маънода у ўта рус кишисидир. Навальнийга қойил қоламан, аммо унинг одоби ва муомаласи менга маъқул эмас, у зиёлига сира ўхшамайди. Бироқ Навальний ўз қарашлари тўғрилигига ишонади. Ва у яхши ташкилотчи”, дея тавсифлайди Нойманн.

Асабларни фалажловчи кимёвий модда билан заҳарланиши ортидан Германияда даволанган Навальний 2021 йил январда Москвага қайтган куниёқ ҳибсга олинган эди.

Шундан сўнг у чет элда даволанишга жўнаб кетиш билан “Ив Роше” иши бўйича белгиланган шартли қамоқ жазоси талабларини бузгани учун икки ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. Навальнийга қарши жиноят иши сохталаштирилгани ва сиёсийлаштирилгани айтилади.

Путиннинг Қозоғистон президенти исмини адаштириши тасодифми ëки...?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги юксак обрў-эътиборига қарамай, Навальний Ғарбга айримлар кутгани қадар дўст бўлмаслиги мумкин, дея огоҳлантиради Нойманн.

“Навальний қамоқда, унинг тузган сиёсий ҳаракат жуда қизиқ. Аммо бу ҳаракат ғирт ғарбона эмас – у рус миллатчилик ҳаракати ўлароқ тузилган эди. Навальний менга кўпроқ ёш Пётр I ни эслатади: мухолифат лидери ички ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларни тезлаштириш учун Россияни вестернизация қилиш керак деб ҳисоблайди”, дейди эксперт.

Шунга қарамай Нойманн, Россияда Путин яратган ва вояга етказган сиёсий тизим табиатидан келиб чиқиб, Навальний каби одамнинг ҳокимият тепасига чиқиши эҳтимоли жуда камлигини айтади.

“Навальний коррупция Россиянинг муаммоси эканини, ҳозирги режим эса ўғри режим эканлигини айтади. “Коррупцияни енгиш осон бўлмайди, чунки коррупциялашган тизимда ҳар қандай янги ҳокимият ўз мавқеини мустаҳкамлаб олиш учун даставвал ўша қоидаларга кўра ўйнаши лозим”, дейди. У ҳолда бу ахлоқсизлик доирасидан қандай халос бўлишади ахир?” дея савол қўяди Нойманн.

Уруш олтинчи ойга қараб кетмоқда, Россия деярли ҳар куни янги ҳарбий жиноятларда, ваҳшийликларда айбланяпти. Шундай бўлса-да, Нойманн Ғарбга Москва билан музокара эшигини ёпмасликни маслаҳат беради.

“Бир нарсани аниқ айтиш мумкин: Россия билан Путин на сиёсий, на-да жўғрофик маънода ҳеч қаёққа кетмайди. У Донбассда сал кўпроқ ҳудудни босиб олиши мумкин, эҳтимол Донбассдан Қримга элтувчи қуруқлик йўлини қўлида сақлаб қолар, ҳар қалай Россия қандайдир шаклда у ерда бўлади. Ва биз келгусида бу ҳақда гапиришимизга тўғри келади. Дипломатиянинг асосий ғояси ҳам шунда: барибиродамлар билан гаплашишга тўғри келар экан, нега бу ишни дарҳол бошламаслик керак? Бинобарин, Россия билан қандайдир мулоқот сақланиб қолиши жуда муҳим деб ҳисоблайман”, дея изоҳ беради эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG