Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:21

OzodDayjest: Ўзбекистон сиёсий элитасида янги мустамлакачилик кайфияти уйғонаётгани айтилди


А.Қодиров томонидан Тошкентда рус бутхонаси тикланишини ёқлаб чиқилиши эътирозларга сабаб бўлди.
А.Қодиров томонидан Тошкентда рус бутхонаси тикланишини ёқлаб чиқилиши эътирозларга сабаб бўлди.

Савдо-саноат палатаси раиси нега халққа пул тарқатиб бўлмаслигини “асослади”. Депутатнинг бутхона тикланишини ёқлаши танқидларга сабаб бўлди. Олий суд қарори ижросини пайсалга солаётган ҳокимга чора кўриш сўралди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

______________________________________________________________

Савдо-саноат палатаси раиси: “Халққа тўғридан-тўғри пул тарқатилса, маблағ талон-торож этилиши мумкин”

Карантин шароитида халққа тўғридан-тўғри пул тарқатиш одамларнинг муаммосини ҳал қилиб бермайди, деб ҳисоблайди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов (www.daryo.uz, 25 апрель). Икромов фикрича, карантин шароитида халққа тўғридан-тўғри пул тарқатиш ўзини оқламайди. “Биринчидан, бу талон-торож бўлиши мумкин. Иккинчидан, одамларнинг масаласини ҳал қилиб бермайди. Пул ишлатиб юборилади, ундан кўра келгусида тадбиркорларимизга иш билан таъминлаши учун, саховат қилиши учун ёрдам берилса, ютуғимиз кўпроқ бўлади”, деган у.

Палата раисининг ушбу фикри ижтимоий тармоқда баҳс-мунозара уйғотди.

“Унинг мантиғи билан қараганда солиқ ҳам тўламаслик керак экан-да. Йўқса талон-торож қилишади. Баҳонани қаранг... Ўзи умуман талон-торож қилиниши мумкинлигига ким айбдор? Менимча, халқ эмас. Коррупцион муҳит яратган масъуллар айбдор. Шунингдек, Икромовнинг гапидан ҳукумат тарқатилиши мумкин бўлган пулларни назорат қила олмайди, деган маъно ҳам келиб чиқмоқда. Икромов ҳукуматга ишончсизлик билдиряптими? Мана шунақа. Гап айлантираверилса, қайтиб ўзингизга зарар келтириши мумкин. Шунинг учун ҳам аввал бошидан гапни айлантирмаслик керак”, деб ёзди блогер Нозим Сафари.

“Адҳамжон ака, шу “талон-тарожистлар” ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз, кимлар у оғир кунда халқнинг пулини мўмай даромад орттириш илинжида, ими-жимида туя қиладиган? Гумонингиз бўлса айтинг”, дея мутасаддини саволга тутди блогер Нурбек Алимов.

Ўзбек жамиятидаги икки бехосият белги маълум қилинди


“Бугунги ўтаётган кунлар миллий жамиятимизда иккита бехосият белги қолдирмоқда. Бири коронавирус пандемияси асоратлари бўлса, яна бири сиёсий элитамиз онгида янги мустамлакачилик (неоколониал) кайфиятининг уйғонаётгани билан боғлиқ факторлардир”, деб ёзади Телеграмдаги Platforma.uz канали.

1865 йили Тошкентни босиб олишда ўлган рус аскарлари шарафига пойтахт ҳокимияти маблағи ҳисобидан бутхона тиклангани кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” раҳбари Алишер Қодиров бутхона тикланишини ёқлаб чиқди. “Бу қабрнинг таъмирланганлигида фойда бор. Бу ерга фарзандларингизни олиб боринг. Кўрсатинг ва эсланг! Қачонлардир бизни босиб олишган ва ғуруримизни, юртимизни топташган. Тартиб билан тизиб қўйилган замбаракларнинг ўқини қўл билан ушлаб кўришсин”, деб ёзди А. Қодиров.

Platforma.uz канали партия етакчисининг бундай позициясини кескин танқид қилди.

“Ундай бўлса, Сталиннинг ҳам бюстини қўяйлик, шоп мўйловини силаб болаларимизга қатағон хотираларини сўзлаймиз, Ленинни қўяйлик...”, дея киноя қилди мазкур канал.

Олий суд қарори ижросини пайсалга солаётган ҳокимга чора кўриш сўралди


Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 23 декабридаги қарори ижросини асоссиз важлар билан пайсалга солиб келмоқда (www.xabar.uz, 28 апрель).

Маълум бўлишича, ҳоким тумандаги “Шерзодбек олтин даласи”, “Абдуқаҳҳор ворислари”, “Жўрабек” каби илғор фермер хўжаликларининг ер майдонларини қонунга зид равишда олиб қўйган. Фермерлар бир йил судма-суд юриб, ҳокимнинг қарорини бекор қилишга муваффақ бўлганлар. Олий маҳкама қарорига биноан, фермер хўжаликлари ер майдони қайтарилиши лозим.

“Мана, баҳорнинг икки ойи ҳам ўтиб бўлди. Бу фермер-деҳқонлар учун яна бир йил ҳавога учди деган гап. Янаям очиқроқ айтсак, уч фермер ва унинг қўлида ишлайдиган бир неча ўнлаб ишчиларнинг қора қозони сувга тушди дегани ҳамдир. Бу ёқда коронавирус деган бало иқтисодга аямай зарба бериб турибди. Бундай оғир шароитда оқил ҳудуд раҳбари аҳолининг оғирини енгил қилиш учун бор имкониятини солади. Андижон туман ҳокими эса қонунсиз хатти-ҳаракатлари билан неча оила аҳволини баттар танг қилаётгани кўриниб-билиниб турибди”, деб ёзади интернет нашр.

Қайд этилишича, Андижон туман адлия бўлими бошлиғи вилоят маъмурий суди раисига сансалорликка йўл қўяётган ҳокимга нисбатан чора кўришни сўраб хат йўллаган.

XS
SM
MD
LG