Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:41

OzodDayjest: Нукусда қуролфуруш милиция зобити қўлга олинди


Бухорода 8 ойда 110 та она ва бола ўлими қайд этилди. Қорақалпоғистон пойтахтида қурол сотган милиционер озодликдан маҳрум этилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги чиқинди қутилари етишмаслиги муаммосига барҳам беришга киришди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Бухорода тиббий вазият чатоқ: она ва бола ўлими кўпаймоқда

Бухоро вилоятида оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарли эмас (“Ҳуқуқ”, 24 август). Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2 нафар она ва 108 нафар гўдак ўлими қайд этилгани буни исботлаб турибди. Масалан, 1984 йилда туғилган аёл Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Бухоро филиалига қорин соҳасидаги оғриқдан шикоят қилиб келган. Аммо шифокорларнинг масъулиятсизлиги боис ҳаётдан бевақт кўз юмган. Шу билан бирга, оналар ўлимига соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари етарли олиб борилмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Прокуратура текширувлари чоғи вилоятда тез тиббий ёрдам фаолияти бўйича ҳам қатор камчиликлар аниқланган. Қолаверса, юқумли касалликларга қарши керакли чоралар кўрилмагани боис уларнинг айрим турлари кўпайган.

Қуролфурушлик билан шуғулланган милиция офицери етти йилга қамалди

Нукус шаҳар ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлинмаси бошлиғи Қурманғази Ундалиев ноқонуний равишда қуролфурушлик билан шуғулланиб келгани фош этилди (“Постда”, 19 август). Ички ишлар офицери ватандошлар топширган ўқотар қуролларни расмийлаштириб, керакли жойда сақлаш ўрнига уйига олиб кетган ва уларни харидор топиб пуллаган. Масалан, Қ. Ундалиев М. Бекмуратов номида бўлган ов милтиғини И. Худойбергеновга 1 миллион сўмга сотган, харидорга қурол сақлашга оид сохта ҳужжат ҳам тайёрлаб берган. Милиция офицери нукуслик А. Гапуринова ихтиёрий равишда топширган “ТОЗ-63” милтиғини А. Айтмуратовга сотаётганда қўлга олинган. Тезкор гуруҳ ИИБ ходими уйини текширганда сотишга мўлжалланган тўртта милтиқ ва кўплаб гильза топилган. Жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир тумани суди Қ. Ундалиевга 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган. “Қ. Ундалиев ўзи қонун устуворлигини таъминловчи, жамоат тартибини сақлашга масъул бўлатуриб қонунбузарликка йўл қўйди. Унинг ноқонуний фаолиятлар билан мунтазам шуғулланганини наҳотки ҳамкасблари, ён-атрофидагилар сезмаган, билмаган бўлса?” деб ёзади Ички ишлар вазирлиги нашри.

Тошкент ҳокимлиги чиқинди қутилари муаммосини йил якунигача ҳал этишга ваъда берди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт кўчаларида чиқинди қутилари етишмаслиги муаммосига барҳам беришга киришди (“Жамият”, 18 август). Шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саидумар Аглаевга кўра, йил якунига қадар барча ҳудудларда махсус қутилар ўрнатилади. Бу мақсадда 200 миллион сўм ажратилган бўлиб, кўчалар гавжумлигига қараб чиқинди қутиларини ҳар 50, 100 ёки 200 метр масофада жойлаштириш режалаштирилган. Кўпдан буён маҳаллий матбуотда Тошкентда чиқинди қутилари етишмаслиги, бу эса шаҳар тозалиги ва имижига салбий таъсир этаётгани ёзиб келинаётган эди.

XS
SM
MD
LG