Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:39

OzodDayjest: Вазирлик вакили олийгоҳларга киришда тест тизимидан воз кечилмаслигини билдирди


Қинғирликлар боис тестдан воз кечиб, оғзаки имтиҳонга ўтиш таклиф этилмоқда. Республика ихтисослаштирилган тиббий марказлар хизмати ўта қиммат экани танқид қилинди. “Ўзбекэнерго”да ишлайдиган 1700 чоғли ходим жавобгарликка тортилди.

________________________________________________________________

Вазирлик вакили: Тестдан воз кечилмайди, оғзаки имтиҳонга ўтилмайди!

Олий ўқув юртларига қабул жараёнидаги қинғирликлар боис айрим ўзбекистонликлар тест тизимидан воз кечиб, оғзаки савол-жавобга ўтишни таклиф этмоқда (“Ҳуррият”, 24 май). Кўплаб ватандошлар бу борада расмий мурожаат ҳам йўллаган. “Тест тизимининг қабул қилинишига доир ҳужжатларни кўздан кечирсангиз, биринчи омил сиз айтган ўша қинғирликлар, ноқонуний ўқишга киришларнинг олдини олиш учун жорий этилганини кўришингиз мумкин. Аммо сўнгги йиллар давомида биз ҳисобга олмаган, ҳатто кутмаган йўллар ҳам пайдо бўлдики, улар жараённи бирмунча ўзгартириб юборди. Лекин бу биз яна суҳбат, оғзаки савол-жавоб тизимига ўтишимиз керак дегани эмас”, деган Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакили Барно Ражабов.

Матбуот: Республика ихтисослаштирилган тиббий марказлар хизмат қачон арзонлашади?

Тошкентда фаолият юритувчи Республика ихтисослаштирилган тиббий марказларда даволаниш ниҳоятда қиммат бўлиб, унча-мунча одамнинг қурби етмайди (“Оила даврасида”, 25 май). Хизмат нархи ҳатто хусусий клиникалардан ҳам баланд. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова нарх қимматлигига марказларнинг биносининг катта экани ҳамда ушбу муассасаларда профессорлар фаолият олиб бориши билан изоҳлаган. “Ана холос. Хизматларга нарх белгиланишида бинонинг катта-кичиклигининг нима аҳамияти бор? Майли, математик жиҳатдан шундайдир. Аммо бу марказлар биринчи навбатда давлатга қарашли тиббий муассаса экани нега инобатга олинмаяпти? У ҳолда, хусусий клиникадан ҳеч қандай фарқ қолмайди-ку!” дея вазир ўринбосарининг далилларига қарши далил келтиради газета.

“Ўзбекэнерго” тизимидаги 1700 га яқин ходим жазоланди

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти тизимида олиб борилган назорат тадбирларидан сўнг тизимнинг қоидабузарликка йўл қўйган 1700 га яқин вакили жазоланди (“Жамият”, 19 май). Масалан, 255 нафар ходимга ҳайфсан берилган, 146 нафар ходимга жарима солинган, 1260 нафари эса пул мукофотларидан маҳрум этилган. “Ўйлаймизки, бундан кейин уларнинг ҳар бири ўз ишига масъулият билан ёндашади. Демак, айбни фақат истеъмолчи бўйнига қўяверсак ҳам адолатдан бўлмайди”, деб ҳисоблайди “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси бошлиғи Аббосхон Ниматуллаев.

XS
SM
MD
LG