Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:52

Пандемия ва Украинадаги уруш туфайли ҳувиллаб бораётган шаҳар


Будапештдан деярли 200 километр жануби-ғарбда жойлашган машҳур Ҳевиз курорт шаҳарчаси. Манба: Heviz tourism agency
Будапештдан деярли 200 километр жануби-ғарбда жойлашган машҳур Ҳевиз курорт шаҳарчаси. Манба: Heviz tourism agency

Венгриянинг Ҳевиз шаҳарчасидаги янги қурилаётган православ черковида иш тўхтаб қолган.

Будапештдан деярли 200 километр жануби-ғарбда жойлашган машҳур Ҳевиз курорт шаҳарчаси чеккасида, Венгрия епархияси рус православ черковини қуришни бошлаган эди. Қурилиш 2020 йил февраль ойида бошланган ва 2020 йилнинг декабрида якунланиши керак бўлган.

Ҳевиз чеккасидаги қурилиши битмаган православ черкови
Ҳевиз чеккасидаги қурилиши битмаган православ черкови

Ҳевиз узоқ вақтдан бери руслар учун машҳур жой бўлиб келган. Аммо, коронавирус пандемияси ва ҳозирда Kремлнинг Украинага қарши уруши дам олиш учун келадиган россиялик сайёҳлар оқимини тўхтатиб қўйди. Даромаднинг кескин камайиши, қурилиш ва инвестицияларнинг секинлашишидан маҳаллий аҳоли ташвишга тушган.

Курорт шаҳар шифобахш Ҳевиз кўлига яқин жойлашган. Асрлар давомида мазкур кўл чўмилиш маскани бўлиб келган. Аммо 18 асрга келиб шаҳар кенгая бошлаганидан сўнг, булоқнинг шифобахш кучи кўпчиликни жалб қиладиган манзилга айланди.

Россияликларнинг курорт шаҳарчага қизиқиши Иккинчи Жаҳон урушидан кейин, 1945-46 йилларда Совет Армияси госпитали жойлаштирилган пайтда янада ортди. 1948 йилда курорт ҳудуди ва шифохона миллийлаштирилди ва Венгрия давлати ихтиёрига ўтказилди. 1986 йилда содир бўлган даҳшатли ёнғинда кўл устида жойлашган янги бинолар вайрон бўлди, аммо кейинги бир неча йил ичида уларнинг кўплари қайта қурилди.

2020 йилда бошланган пандемия даврида Ҳевиз сайёҳликдан келадиган даромадларининг катта қисмини йўқотди. Йўқотиш пойтахт Будапештдагидан кейин мамлакатдаги энг юқори кўрсаткич бўлди.

Россиялик сайёҳлар оқимининг тўхташи Ҳевизга катта таъсир кўрсатди. Кўплаб қурилиш лойиҳалари, жумладан, марказий автовокзалда олиб борилаётган ишлар тўхтатилди ёки кескин секинлашди.

Ҳевиздаги кўплаб қурилишлар секинлашган ёки тўхтаб қолган.
Ҳевиздаги кўплаб қурилишлар секинлашган ёки тўхтаб қолган.

Шаҳар четидаги янги православ черкови қурилиши ҳам тўхтаб қолган. Венгрия ҳукумати 2017 йилда черков қурилиши учун 400 миллион форинт (тахминан 1 миллион доллар) ажратган. 2011 йилдаги маълумотларга кўра, Венгрияда атиги 40 000 православ христиан бор. Бу умумий аҳолининг тахминан 0,5 фоизини ташкил қилади, аҳолининг аксарияти (64,8 фоиз) католикдир.

Маҳаллий сайёҳлик агентлиги раҳбари Томас Палффининг сўзларига кўра, илгари меҳмонхоналарда россияликлар қарийб 17 фоизни ташкил қилган бўлса, баъзи меҳмонхоналарда бу кўрсаткич 25 фоизга яқинроқ бўлган.

Араб баҳори қўзғолонларидан сўнг Яқин Шарқдан узоқлашган россиялик сайёҳлар орасида Ҳевиз шаҳри 2010 йилларнинг бошларида янада машҳур бўлди.

Руслар шаҳар маҳаллий иқтисодиётига катта ҳисса қўшди. Айниқса, 2008 йилги глобал инқироздан сўнг, руслар шаҳарга мунтазам равишда ташриф буюрди ва кўчмас мулклар сотиб олди. Сотув белгилари рус тилига таржима қилинди. Маҳаллий "Эталон" журнали 2014 йилда рус тилидаги сонини нашр этди. Шаҳарда Россия озиқ-овқат дўкони очилди.

Бошқа сайёҳлар сингари, руслар нафақат шифобахш сув учун, балки шахсий тиббий муолажалар учун ҳам келишган. Ҳевизда 30 га яқин стоматологик клиникалар мавжуд бўлиб, бу 5000 кишилик шаҳарча учун ҳайратланарли рақам.

Ҳевизнинг асосий йўлларидан бирида ҳали ҳам мўйнали кийимлар сотиладиган дўкон мавжуд. Дўкон менежери Эдина Лоринс “Руслар мижозларимизнинг 60 фоизини ташкил қиларди”, дея хотирлайди.

Руслар "мижозларимизнинг 60 фоизини ташкил қиларди".
Руслар "мижозларимизнинг 60 фоизини ташкил қиларди".

Немис сайёҳлари сони ҳам камайди. Украинадаги уруш эса кўпчиликни бу ердан узоқлаштирмоқда. "Германиядан қараганда худди биз фронт чизиғига яқин давлатдек кўринамиз. Ваҳоланки, биз Украинанинг нариги томонидамиз. Улар агар бу ерга келсак, урушга яқинлашамиз, деб ўйлашади”, дейди туризм агенти Палффи.

Сўнгги ўн йил ичида Россия ва Венгрия анча яқинлашди. Сўнгги йилларда авторитар бошқаруви учун танқид қилинган Венгриянинг зиддиятли бош вазири Виктор Орбан Россия билан яқин алоқалар ўрнатиш истагини билдирган.

Палффига кўра, руслар ва украинлар уруш бошлангунга қадар шаҳарчада тинч-тотув яшаб келишган. Маҳаллий рус ва украинлар украиналик қочқинлар учун биргаликда маблағ йиғишган. Етти йил олдин венгриялик эри билан бирга бўлиш учун бу ерга кўчиб келган Ҳевиз шаҳрида яшовчи россиялик фуқаронинг айтишича, санкциялар туфайли кўпчилик кетишга мажбур бўлган. Шахси сир қолишини маъқул кўрган аёлнинг айтишича, бу ерда шахсан у ҳеч қандай муаммога дуч келмаган.

Рус тилида ёзилган пешлавҳа.
Рус тилида ёзилган пешлавҳа.

Ҳукумат 1 августдан бошлаб қатъий ўрнатилган энергия нархларини бекор қилгандан сўнг, баъзи ҳашаматли меҳмонхоналар электр ва газ учун 2021 йил декабрь ойидагидан беш баравар кўп тўлашга мажбур бўлмоқда.

"Рецессия бўлмоқда. Аммо ишонаманки, россияликлар агар молиявий аҳволи ва ЕИ имкон берса, бу ерга яна қайтиб келишади", дея умид қилмоқда исми ошкор этилмаслигини хоҳлаган меҳмонхона менежери.

"Иложи бўлса, Ҳевизга қайтишади, – деди Палффи. – Биз қандай қилиб аниқлигини билмаймиз. Лекин биз Ҳевизнинг туризмини ёшартириш мумкинлигига ишонамиз ва бунинг учун ҳамма нарсани қиламиз."

Форум

XS
SM
MD
LG