Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:03

Пандемия: ўлим ва касалланишлар статистикаси, постковид ва давомли ковид


Ўтган ҳафтада Россия COVID-19 қурбонлари бўйича дунёда тўртинчи ўринга чиқди: расмий қайдларга кўра, пандемия бошланганидан бери мамлакатда 150 мингдан ортиқ киши коронавирусдан ўлган. Бироқ бу статистикага шубҳа билан қаралмоқда. “Либеральная миссия” фонди экспертлари, Россия ҳукумати ўтган йилнинг кузида ҳам баҳордаги каби қаттиқ чекловлар жорий этганида эди, тахминан 220 минг кишининг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўларди, дея таъкидлашмоқда.

25 июль куни эълон қилинган маълумотга кўра, Россияда ҳар куни қарийб 24 минг одамда COVID-19 билан янгидан касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Қурбонлар сони эса кунига 799 кишига етган.

“Nature Medicine” журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, Россияда коронавирусдан эмланишни хоҳловчилар Нигерия, Буркина-Фасо ва Руандадагидан ҳам кам, шу билан бирга, беш кишидан бири вакцинацияда “фитна назарияси”ни кўради. Одамларнинг бу қадар ишончсизлиги қисман Россия ТВ орқали аҳолига нотўғри ва зиддитли маълумотлар берилаётгани билан боғлиқдир.

Сўнгги халқаро тадқиқотлар эса эмланмаганлардан фарқли ўлароқ, эмланганларнинг коронавирус билан қайтадан оғриши хавфи сезиларли даражада камайишини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, вакцина инсонни янги мутациялардан ҳам асрайди.

Дунёнинг кўп давлатларида янгидан касалланиш ҳолатлари ўсишда давом этмоқда. Вьетнам пойтахти Ханойда локдаун эълон қилинган, Буюк Британия ва Францияда ҳам беморлар сони кўпайган. Экспертлар эса вазият оғирлашаётганига эмланмаганлар сабабчилигини урғулай бошлади: айтилишича, уларнинг организмида вирус мутацияга учраши эҳтимоли катта.

АҚШда янги беморларнинг 90 фоизи коронавируснинг “дельта” турини юқтириб олган ва уларнинг барчаси эмловдан ўтмаганлардир. Европада ҳам 68 фоиз ҳолатда касалланиш сабаби айни мутацияга бориб тақалмоқда.

ЖССТ маълумотига кўра, “дельта” жорий йил бошида Буюк Британияда аниқланган “альфа” мутациясидан кўра 55 фоизга тезроқ тарқалади. Шу боис Еврокомиссия эмловни тезлаштиришга чорламоқда. Айни пайтда ЕИда 200 млн киши (аҳолининг 54 фоизи) икки босқичли эмловдан ўтган. Ёз фасли охиригача 70 фоиз аҳолини эмлаш режа қилинган.

“Дельта” мутацияси тарқалиши ҳукуматларни эмланмаганларга нисбатан чекловлар жорий қилишга ундади, аммо бу чоралар камситиш ўлароқ қабул қилинмоқда. Хусусан, Словакияда норозиликдан сўнг ҳукумат эмланмаганларга бепул тест таклиф қилди: тестдан манфий натижа билан чиққанлар эмланган фуқаролар каби имтиёзларга эга бўлади.

24 июль куни Австралияда ҳам янги чеклов чораларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мамлакатда ўтган йилнинг ёзидан бери энг юқори касалланиш даражаси кузатилмоқда. Кучайтирилган карантин чекловлари амал қиладиган минтақаларда аҳолининг ярмидан кўпроғи яшайди.

Францияда 21 июлдан бошлаб кинотеатр ва музейларга фақат эмланганларгина киритилмоқда. Ҳукумат қаҳвахона ва ресторанлар учун ҳам айни қоидаларни жорий этмоқчи. Мамлакат Сенати қонун лойиҳасига тест натижаси манфий чиққанларни ижтимоий имтиёзларда эмланганлар билан тенглаштирувчи қоидаларни киритди. Аммо ҳужжат эмланишни пайсалга солаётган фуқароларга нисбатан қаттиққўллиги билан машҳур президент Макрон тарафдорлари назоратидаги Миллий йиғилишда кескинроқ таҳрирда қабул қилиниши ҳам мумкин. 24 июль куни Париж ва бошқа шаҳарларда санитария рухсатномалари жорий этилиши ва мажбурий эмловга қарши оммавий намойиш бўлиб ўтган эди.

Энг репрессив чекловлар жорий қилаётган мамлакатлардан бири – Саудия Арабистони. 1 августдан бошлаб мамлакатда эмланганини тасдиқловчи сертификатсиз бозорлар, ресторанлар ва савдо шохобчаларига бориш тақиқланади. 9 августдан эса эмланмаганларга хорижга чиқишга рухсат берилмайди.

“Давомли ковид

Олимлар 56 мамлакатда коронавирус билан оғриган 3762 беморни кузатиб, касалликнинг оғир даври тугаганидан кейин ҳам давом этган 203 та симптомни аниқлашди. 66 та симптом эса беморларда касаллик юқишининг еттинчи ойида ҳам сақланиб қолаверган.

Шундан ҳолсизлик, диққатни жамлай олмаслик каби симптомлар энг кўп кузатилган. Галлюцинациялар, тери қичишиши, ҳайз даврийлиги бузилиши, юрак уриши ва бавл қилиш билан боғлиқ муаммолар, хотира сусайиши каби белгилар нисбатан камроқ қайд этилган.

Маълумотларга кўра, “давомли ковид” билан оғриганларнинг 45 фоизи касаллик белгилари йўқолмаганлиги сабабли иш соатларини камайтиришни сўраб мурожаат қилишган.

Аввалроқ “давомли ковид”ни ўрганган Бирмингем университети олимлари вирус юқишидан кейинги биринчи ҳафтада бешдан ортиқ симптом мавжуд бўлган ҳолларда касалланиш беморнинг ёши ва жинсидан қатъи назар, бир неча ойгача чўзилиши мумкин.

Постковид муаммолар

Чех олимлари ўтказган тадқиқотга кўра, ҳатто соғайиб кетган беморлар ҳам касалликдан сўнг неврологик муаммоларга дуч келмоқда. Улардан ярми уйқу, хотира ва нутқ бузилишидан ҳамда диққатни жамлай олмасликдан шикоят қилишади.

Аммо мутахассислар постковид ҳолати ҳақида хулоса қилиш учун бу маълумотлар етарли эмаслигини айтмоқда.

“Вирус мия ҳужайраларига кириб олиши мумкин. Қолаверса, у қўзғатадиган иммуна реакцияси мияга енгил ва тикланадиган зарар етказади. Бироқ буларни ҳали синчиклаб ўрганиш зарур. Кўряпмизки, 20-30 фоиз беморлар шунақа муаммоларга дуч келишяпти, яъни уларда постковид бор”, дейди пульмонолог Владимир Коближек.

XS
SM
MD
LG