Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:47

Зўраки кластер ва ёлғончи ҳокимлар ёки "Жарроҳ ўрнидаги қассоблар"


Озодликка поплик фермердан келган қуйидаги мактуб мана бундай бошланган:

"Зўраки муттаҳам" ва "Ёлгончи фаришталар" қиссалари номига ўхшаб кетадирғон воқеий, ҳаётий, бугунги ўзбек деҳқони бошидан ўткон ва ўтказаётғон ҳодисотлар ҳаққинда поплик фермер арзи.

Поплик фермернинг битикларини ўқинг:

Деҳқон ўтмишда ҳам хор бўлганди, бугун ҳам хор бўляпти

Олис ўтмишдан то бугунга қадар доим ўзбекнинг деҳқони хору зор бўлган узоқ мозийга назар солсак Русда крепостной мужик бўлгани каби Марказий Осиёда қуллар, батраклар, чоракорлар бўлганким, улар доимо хонлар, амирлар, ҳокимлар, тўралар, арбоблар, беклар, зодагонлар тарафидан зулм остида қолган .

Бугун эса Ҳоким, Прокурор, Милиция, Солиқ ва бошқа текширувчилару вазирлар зулми остида қолди . Бу шўрпешона деҳқонлар Улуғ Октабр деб аталмиш социалистик революция даврида ишчини болғаси ёнига ўз ўроғини қўйиб бош кўтарди. Бир оз муддатга ерли сувли бўлиб сал елкасига офтоб теккан эдиким колхоз деган бало пайдо бўлдию яна раҳбарият зулми остида қолди. 70 йил мобайнида кўзбўямачи, қўшиб ёзувчи, ўзбеклар иши, пахта иши дея аталган маломату туҳматлар остида эзилган мазлум ўзбек деҳқонини куни мустақил ўзбек давлати пайдо бўлгач фермерлик ҳаракати бошлангач бир оз елкаси қуёш нурларидан баҳра олди .

2005 йилларгача беташвиш аммо ер тақсимотидаги адолатсизликлар намоён бўлган беҳаловат кунлари бошланди. Муттасил ўтказиладиган йиғилишлар таҳқирлашлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун самарасиз уринишлар, тутуриқсиз мақбуллаштиришлар ўзбек деҳқонини қуллик занжирига солди.Интернет олами таҳқирланган деҳқонлар ва фермерларнинг ноласига тўлиб кетди. Ҳатто, Африканинг қолоқ давлати еки бирор қабиласида бундай ҳолат йўқ. ХХI аср Ўзбекистонида эса бугунга келиб ҳам ўзгаришлардан феодализмнинг ҳиди келмокда .

Деҳқон ва давлатни бой қилиш учун семиз қорин ва катта калла керак эмас!

Ўтган 2018- йилда бирор жойда кластер фаолияти яхши самара бермади. Агар Ҳукуматнинг тўғри тушунчаси бўлганида Кластерни қишлоқ хўжалигига аралаштирмай туриб, уларни маҳсулотни қайта ишловчи харидор сифатида шакллантириш керак эди. Бугун қишлоқ хўжалигидаги кластер фаолияти касалхоналарда хам кластер ташкил қилиниб, жарроҳни ўрнига қассобни қўйишга ўхшаб қолди. Бундан ташқари бундай харидорлар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтириш ва деҳқонларга қулай шартлар асосида қарз беришга, умуман ҳам деҳқоннинг ҳам давлатнинг ҳамёнини тўлдириш учун семиз қорин ва катта бош керак эмас.

Бугун бизга бундай сохта кластерлар эмас, балки яхши харидорлар керак. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун аввало экин режаларини фермернинг ўзи белгилаши ва етиштирган маҳсулотини ўзи сотиши керак. Фермерни даромади ошган сари бюджетга тўловлари кўпайиб боради. Қишлоқ хўжалигини эркинлаштиришдан давлат кўпроқ манфаатдор бўлади. Нима учун қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва дунёни бирор давлатида деҳқонлар бунчалар қўрқув остида қолмаган ва фермер хўжаликлари қайта-қайта муқобиллашмаган.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун чиқарилган қарор ва фармонлар кенг оммани муҳокамасига қўйилмай чиқарилиши сабаб норозиликлар кўпайиб бормоқда. Қонунчилик палатаси депутатлари автомашиналар фарасини куйишини муҳокама этмасдан деҳқоннинг юрагини куйдирган 14- сонли қарорни муҳокама этишса давлатга фойда бўлармиди. Самарасиз ислоҳотларнинг жабрини эса бечора деҳқон тортмоқда. Ҳоким ҳам, кластер ҳам фермернинг бошига муштлаб фақат ерини олиш учун ҳаракат қилишади. Бечора фермер ерини сақлаб қолиши учун даюсликни ўзига раво кўрмаябди халос.

Бечора Фермер турли топшириқ ва йиғилишлардан тўйиб кетган . Бошни андак кўтарсанг, бир оғиз ўз фикрингни айтсанг, тамом, ер олинади.

Мақбуллаштириш қарори ҳокимлар ҳамёни учун чиқарилдими ёки ривожланиш учун?

Вазирлар Маҳкамасининг тутуриқсиз қарорлари ўлароқ деҳқонлар туман ҳокимлари чангалига тушиб қолмоқда .

Айниқса Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш мақсадидаги 2019-йил 9- январдаги 14- сонли қарори қишлоқ хўжалиги учун 1905-йил 9- январ Россия империясида рўй берган қонли якшанба мисоли из қолдирди. (Россияда подшоҳга ишонган фуқаролар намойишга чиқиб қирғинга учраган бўлса, Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасини Қарорига ва хокимни гапига ишониб ариза ёзган фермерлар ерсиз қолди)

Ушбу қарор сабаб ўлароқ, кўплаб фермерларнинг конституцион хуқуқлари ҳокимлар томонидан поймол этилди. Интернетдаги хорижий узбек сайтлари фермерлар ноласига тўлди, адолатсизлик ва хуқуқсизлик орқасидан деҳқонлар чоракор ва батракларга айлана бошлади. Ерлар хақиқий халқ учун эл юрт учун ёниб яшаган фидойи инсонларга эмас муттаҳам ўғриларга насиб этди. Тўғри, ушбу қарорни тадбиқ этиш керак бўлган ҳудудлар ва эгасиз ерлар хам бор. Лекин аҳоли зич саноати ривожланмаган ҳудудлар учун ҳўл-қуруқ баробар ёниб кўплаб деҳқонлар учун дўзах оловига айланди.

Бу феодализм, деб бақиргинг келади!

Хўжалигида номига монанд бирор бош товуғи бўлмаган бу сохта зўраки кластерларни даромад манбалари ҳанузгача мавҳум ҳолда. Жиноий даромадларини легаллаштириш орқасидан қаср монанд уйга эга бўлсада ўша уйга олиб борувчи халқни мулки бўлган ўнқир-чўнқир асфальт йулига бир танга хайр этмаган инсонга районнинг катта ерини топшириб қўйилгани ва унинг даромадлари қаердан келаётганини ҳисоблайдиган қонун ҳимоячиси бўлган органларни бепарво қиёфасини кўриб яшасин феодализм деб бақиргинг келади.

Президентнинг айтган гапларига бу коммунистик жавобми?

Ўрус мустамлака қилгандан бери давом этаётган бу пахта сиёсати мустақил булгандан кейин ҳам давом этиши ҳалқнинг сабр косасини тўлдириб бормоқда. Мустақил бўлгунча 130 йил ўрус зулми остида эдик. Икки йилдан кейин мустақилликнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Қарангки, 160 йилдан бери пахта сиёсати остида деҳқон қул бўлиб, раҳбарлар эса пахта сиёсатининг манқуртига айланиб бўлишди .

Юз минглаб ишсизлар армияси вужудга келди. Банклардан олинаётган кредитлар мониторингсиз эски даврдаги ҳолат бўйича берилмоқда. Яна фоизга пул айлантириш авж олди. Кредитга берилаётган чорва ҳайвонлари бозор баҳосидан ўта қиммат бўлиб қорамол боқиш орзусидаги ишсиз бечорани 10-15 % пули банкларга ин қурган фирмалар чангалида қолмоқда. Поп туманида бир-икки фирма чорва ҳайвонлари савдоси билан шуғулланиши сабабли танлаш имкони йўқ. Ё фоизга пул айлантирасан ёки ўша фирмаларнинг ўта қиммат чорвасини сотиб оласан. Ҳали оғзи сут-қатиққа етмай туриб зарарга кирмоқда. Пиллачилик тармоғида хам ҳолат ҳаминқадарки бирор ишсиз одамни ўз ихтиёрига кўра ипак қурти боқиши ноёб ҳодисадир. Мажбурий ижро бюроси ва мажбурий меҳнат ўрнига мажбурий фермерлик жорий қилинса бўладиган ҳолат.

Россияга боргандан она ватан бағрида бўлиш минг марта яхшику?! 15 йилдан бери чорвачиликка имтиёзли кредит берилади, лекин қани натижа? Шунча имконият бўлгани билан дунёда гўшт маҳсулотларини Ўзбекистон эмас Австралия экспорт қилмоқдаку?!

Қишлоқ хўжалигига ажратилган имтиёзли ва имтиёзсиз кредитлар нима мақсадда ишлатилмоқда? Ҳисоб- китобсиз маъмурий бюрократик тизим сабаб бир қанча янгиликлар тадбиқ этилмай қолмоқда. Қалампир инқирози, тўқсонбости экинлар ҳосили ҳисоб-китобсиз ва бозорларнинг талаби ҳисобга олинмай таклиф этилиши оқибатида ўтган 2018-йил юз минглаб тонна пиёз, саримсоқ ахлатга ташлаб юборилди.

Вазирлар Маҳкамасининг ғалла ҳосилини йиғиб олишдаги ўрим отрядлари тўғрисидаги қарори ғалла экиб ҳосилини бўлишган айёр деҳқон ва бефаҳм айиқ тўғрисидаги масалга ўхшайди. Авваллари бошоққа кўз тиккан деҳқон бугун «Дадил қадам» фильмидаги юз йил олдинги туркман деҳқони Ортиққа ўхшаб, қолган сомонга хам шукр қилмокда. 100 йилда биз нимага эришдик, наҳот бир асрдан кўп вақт ичида ҳам пахта сиёсатидан қутила олмасак?

Ўзбекнинг дон етиштирган деҳқонига бир кафт дон ва бир қоп сомон муборак!

Поплик фермер.

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

XS
SM
MD
LG