Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:58

Озодлик Европа суди Россиянинг “хориж агентлари” қонунига оид ишни устувор белгилаганини олқишлайди


Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) Страсбургда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг (ECHR) ўтган ойда “Свобода” радиоси топширган шикоятини устувор масала ўлароқ кўриб чиқиш қарорини мамнуният билан қабул қилди.

Озодлик 17 июнь куни баёнот эълон қилиб, суднинг ушбу қарори расмий равишда Россия ҳукуматига етказилганини билдирди.

Озодлик аризани топширганидан атиги бир ой ўтиб суд унга “устувор” мақом бергани бу иш одатдагидан тезроқ кўриб чиқилишини англатади. ECHR фақат энг муҳим, жиддий ва шошилинч ишларни “устувор” иш деб белгилайди.

Россия ҳукумати 5 октябргача ушбу иш бўйича ўз жавобини топшириши керак.

Озодлик радиоси ва Озодликнинг Россиядаги бўлими бош директори Андрей Шарий Россиянинг “хориж агентлари” қонуни юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят қилган. Ушбу мунозарали қонун доирасида январь ойидан бери Озодликнинг Россиядаги лойиҳаларига миллионлаб доллар миқдорида жарима солинди.

Қонунга биноан, Озодлик радиоси ўзини “хориж агенти” деб белгилаши керак. “Хориж агенти” деб белгиланган оммавий ахборот воситалари барча ёзма материалларни катта ҳажмдаги ёзув билан, барча радио материалларни аудио баёнот орқали ва барча видео материалларни 15 сонияли матнли декларация билан белгилаши шарт, акс ҳолда жаримага ёки жиноий жавобгарликка тортилади.

Озодлик Европа судига йўллаган шикоятда Россия инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Европа конвенциясининг 10-моддасида ҳимояланган сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги ҳуқуқларини бузаётгани таъкидланган.

Бундан ташқари, шикоятда айтилишича, Россиянинг Озодлик радиосига босимига қарши бирор чора кўрилмаса, бу ҳолат мамлакатда қолган оз сонли мустақил оммавий ахборот воситаларига жиддий салбий кўрсатади.

Сўнгги ҳафталарда Россия Латвияда жойлашган “Медуза”, Москвада жойлашган “Коррупцияга қарши биринчи ОАВ” (ПАСМИ) ва Нидерландияда жойлашган “VTimes.io” каби мустақил оммавий ахборот воситаларини “хориж агентлари” рўйхатига киритди. “Vtimes” ушбу қарор нашр учун йирик иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаришини айтиб, 12 июнь куни Россиядаги фаолиятини тўхтатди.

“Кремлнинг RFE/RL ва бошқа мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши кампаниясининг аниқ мақсади ушбу нашрларни сўз эркинлиги ва журналистика принципларидан воз кечишга ёки бу касбни тарк этишга мажбур қилишдир”, деди Озодлик радиоси президенти Жейми Флай.

“Озодлик радиосининг Россиядаги фаолиятига тузатиб бўлмайдиган зарар етказилиши хавфи ва Россия халқи учун ахборот танлаш масаласи муҳим эканини ҳисобга олган ҳолда, биз Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ушбу масалага устувор аҳамият берганини олқишлаймиз”, дея қўшимча қилди у.

Россиянинг “хориж агентлари” тўғрисидаги қонуни 2012 йилда қабул қилинган ва бир неча бор ўзгартирилган. Қонунга биноан, чет элдан ёрдам оладиган ва ҳукумат назарида сиёсий фаолият билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва оммавий ахборот воситалари “хориж агентлари” деб белгиланиши мумкин.

2017 йилда Россия ҳукумати Озодлик радиосининг олтита рус тилидаги янгиликлар хизмати ва Озодлик радиоси томонидан “Америка овози” билан ҳамкорликда ишга туширилган “Настояшчее время” тармоғини рўйхатга киритди.

Январь ойидан бери Россия назорат органлари Озодлик ва Шарийга қарши юзлаб маъмурий иш қўзғади. Нашрга бугунга қадар солинган жарималар миқдори 3 миллион доллардан ошиши мумкин.

Суд қарори билан Озодликнинг Россиядаги банк ҳисоблари музлатиб қўйилди. Озодлик радиоси унга қарши қўзғатилган юзлаб суд ишининг ҳар бири бўйича шикоят арзини йўллади, бироқ бирорта суд апелляцияларни кўриб чиқишга рози бўлмади, Роскомнадзор эса жарималар миқдорини камайтирмади.

АҚШ президенти Жо Байден 16 июнь куни президент Владимир Путин билан бўлиб ўтган саммитда Кремль томонидан Озодликнинг рус тилидаги хизматларига босим ўтказилаётгани ҳақида гапирди.

XS
SM
MD
LG