Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:34

"Кунларим шундай ўтяпти". Озодлик журналисти Алсу Курмашева Россия қамоғидаги ҳаёти ҳақида


Қозон суди Алсу Курмашевани 5 декабргача ҳибсда қолдирган. 20 октябрь, 2023.
Қозон суди Алсу Курмашевани 5 декабргача ҳибсда қолдирган. 20 октябрь, 2023.

Озодлик радиоси журналисти Алсу Курмашева ўзи бир ойдан бери сақланаётган Қозон тергов изоляторидан “Бугун бизни тахминан 4х6 метрли ҳовлига сайр қилиш учун олиб чиқишди”, деб ёзди.

“Биз ҳовли тевараги бўйлаб 40 марта югурдик, бу менимча, 1000 метрга яқин. Кейин ўтириб-туриш, мушакларни таранглаштириш машқларини қилдик. Қўриқчи жуда ҳайрон бўлди. Кўринишидан, бу камдан-кам ҳолларда бўлади."

Курмашева қамоқхонанинг тор ҳовлисида жисмоний машқ қилгани ҳақидаги ҳикояси унинг турмуш ўртоғи, “Настояшчее Время” тармоғи раҳбари ва Озодлик радиосининг Прагадаги бош офисида ишловчи журналист Павел Буториннинг , 17 ноябрь куни X’ (собиқ Твиттер-таҳр.) да қўйган постидаги хабардан фарқ қилади.

Буториннинг ёзишича, Курмашева Демократия ва озодлик учун кураш кунини нишонлаш мақсадида одатда «оиласи ва дўстларига қўшилиб, анъанавий “озодлик юриши”да иштирок этарди. Бу юриш 1989 йили Чехословакияда коммунистик режимни қулатган Бахмал инқилобига туртки берган талабалар юришига тақлидан амалга оширилади.

Россия ва АҚШ фуқароси бўлган, «Озодлик» радиосининг Татар-бошқирд хизматида тахминан 25 йил ишлаган Курмашева ўзи туғилган Татаристонга шошилинч оилавий юмуш билан май ойи ўрталарида Прагадан жўнаб кетган.

У 18 октябрь куни ҳибсга олинган ва “хорижий агент” сифатида рўйхатдан ўтмаганликда айбланган. Бу ҳуқуқий тасниф Россияда 2012 йилдан бери ҳукумат сиёсатини танқид қилувчиларни белгилаш ва жазолаш учун жорий қилинган. Бундан ташқари, Кремль Украинага кенг миқёсли босқинни бошлаганидан бери Россияда фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларини ёпиш учун “хорижий агент” тамғасидан кўпроқ фойдаланилмоқда.

Суд уни камида 5 декабрга қадар Қозондаги 2-тергов изоляторида ҳибсда сақлашга қарор қилди. Россияда бундай ҳибс муддатларини қайта-қайта узайтириш одат тусига кирган.

Гарчи барча хабарлашувлар цензура қилинса ҳам, у оиласи, дўстлари ва тарафдорларига хат ёзишга муваффақ бўлди.

“Ҳар куни эрталаб соат 6 да турамиз, – деб ёзади у. – Камерада тун бўйи хира чироқ ёқиғлиқ туради. Нонушта – бўтқа ва ширин қора чой. Шундан сўнг камерани тозалаймиз – поллар, деворлар. Тушлик пайтида бир соат очиқ ҳавога чиқишга рухсат берилади."

"Кутубхона бор, лекин у ёпиқ, – деб ёзади Курмашева. – Камерада 10 га яқин китоблар бор эди, асосан детектив ҳикоялар ва насронийлик китоблари, шунингдек, психология ва ўз-ўзини қабул қилиш бўйича бир нечта китоблар."

"Мен хатларингизни кунига бир неча марта қайта ўқийман, – дейди у ўзи хабарлашаётган одамлардан бирига. – Камерадаги иккита китобни аллақачон ўқиб чиқдим. Яна сўрадим, лекин қанча вақт кетишини билмайман”.

Ҳибсга олинганларга ҳафтасига икки марта душга тушишга рухсат берилади. Курмашеванинг айтишича, ҳибсга олинганидан 10 кун ўтгач, унга душ олишга рухсат берилган.

Унинг тўртта маҳбус жойлашган камераси совуқлигини ёзган у.

Курмашеванинг қўшимча қилишича, вақт ўтказиш учун у арман ва Шимолий Кавказдаги Даргва тилларини ўрганмоқда. Бундан ташқари, унинг айтишича, у камерадошларидан бирига татар тилида гапиришни ўргатмоқда.

"Кунларим шундай ўтяпти", деб ёзган у.

Курмашева Озодлик радиосининг ҳозирда ўз фаолияти билан боғлиқ айбловлар билан қамоқда бўлган тўрт нафар журналистидан биридир (қолган учтаси Андрей Кузнечик, Игорь Лосик ва Владислав Есипенко). Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Озодлик радиоси тўрт кишининг ҳам хато ҳибсга олинганини айтиб, уларни озод қилишга чақирган.

Лосик блогер ва Озодлик радиосининг Беларус хизмати мухбири бўлиб, 2021 йил декабрида бир қанча айбловлар, жумладан, “жамоат тартибини қўпол бузувчи ҳаракатларга сабаб бўлиш ва тайёрлаш” бўйича айбланиб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Озодлик радиосининг Беларус хизмати веб-муҳаррири Кузнечик 2022 йил июнида бир неча соатдан кўп бўлмаган суд жараёнидан сўнг олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У "экстремистик ташкилот тузиш ёки унда қатнашиш"да айбдор деб топилган.

Озодлик радиоси Украина хизматининг минтақавий ахборот агентлиги бўлмиш Crimea.Realii ривожига ҳисса қўшган, украин ва Россия фуқароси бўлган Есипенко 2022 йил февралида ёпиқ суддан сўнг босиб олинган Қримдаги россиялик судья томонидан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У "портловчи моддаларни сақлаш ва ташишда" айбдор деб топилган. Унинг ўзи бу айбловни қатъий рад этади.

Форум

XS
SM
MD
LG