Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:51

OzodDayjest: Тошкентда СССР байроғи кўтарилишига сиёсий-ҳуқуқий баҳо бериш талаб қилинди


Иллюстратив сурат. СССР байроғи.
Иллюстратив сурат. СССР байроғи.

Шошқалоқлик, асабийлик ва сурбетлик маҳаллий суд фаолиятининг ташриф қоғозига айланган. Маданият вазирлиги пойтахт милициясини тарихий ёдгорлик ёнида рухсатсиз қурилиш қилишда айблади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Шоир М.Мирзо: Тошкентда СССР қонли байроғини кўтарганларнинг кўнгли эртага яна нималарни тусайди?!

1 май куни Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонида Россия ташқи ишлар вазирлиги, “Россотрудничество” ва рус элчихонаси томонидан уюштирилган “Ғалаба қўшиқлари” концертида СССР байроғи кўтарилгани ўзбек зиёлиларининг кескин танқидига сабаб бўлди. Жумладан, шоир ва сенатор Минҳожиддин Мирзо истибдод рамзи бўлган қонли байроқнинг кўтарилишини миллий давлатчилик ва мустақилликка беписандлик, ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ҳақорат деб атади (“Миллий тикланиш” газетаси, 5 май).

“Демак, орамизда Туркистонни, унинг мухториятини қонга ботирган, 100 мингдан ортиқ зиёлилар, миллат гулларини қатағон қилган, дину диёнатимиз, азиз авлиёларимиз қабрларини оёқ ости қилган, ер ости ва ер усти бойликларимизни талаган, “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб миллатни таҳқирлаб, юзини қора қилишга уринган, бизни ўзлигимиз, тилимиздан айиришни мақсад қилган СССР деган давлатни соғинаётганлар, унинг байроғини қалбининг тўрида асраб юрганлар, пана-пастқам жойларда тўпланиб мамлакатимиздаги ҳамжиҳатликка рахна солиш мақсадида юрганлар бор экан-да!” деб ёзади муаллиф.

Шоир М.Мирзо ҳар қандай мамлакатда унинг суверенитетига дахл қиладиган ташкилотнинг фаолият юритиши қонун билан тақиқланишини эслатиб, пойтахтда қизил байроқ кўтарилишига сиёсий ва ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлигини таъкидлаган.

“Бизни ажаблантирган жиҳати, ким бу тадбирни ўтказишга рухсат берди? Нима учун бу тадбирнинг мақсади, дастури билан ҳеч ким қизиқмади? Ахир мамлакатимизда бу борада ўрнатилган тартиб бор-ку! Шаҳар бедарвозами? Бугун бош майдонлардан бирида қизил байроқ кўтарганларнинг кўнгли эртага яна нималарни қўмсайди?” дея оғриқли саволларни қўяди муаллиф.

Ҳуқуқшунос: Шошқалоқлик, асабийлик ва сурбетлик маҳаллий суд фаолиятининг ташриф қоғозига айланган

Ҳуқуқшунос, Олий иқтисодиёт мактаби битирувчиси Алишер Акмалов “Hook.report” нашрида эълон қилинган мақоласида Ўзбекистонда суд тизими камчиликлари ҳамда уни ислоҳ этиш йўлларини таклиф қилди.

“Судьяларимиз суд фаолияти конвейерига гўёки галерачилар эшкакларга занжирбанд қилингани каби боғланган. Қоғоз денгизи бўйлаб сузиш – бу сансалорлик учун жазоланиш қўрқуви билан чуқурлашадиган доимий стресс. Суд раисларининг ноқонуний фармойишларини бажармасликка таваккал қилган судьяларнинг кўпчилиги ўз лавозимларини айнан ишларни узлуксиз кўриб чиқиш учун курашиш баҳонасида йўқотган. Процессларда судьяларнинг шошқалоқлиги, асабийлиги, баъзида эса, сурбетларча хатти-ҳаракати маҳаллий суд фаолиятининг ташриф қоғозига айланган”, деб ёзади муаллиф.

Қайд этилишича, судьялар ўзидан юқори турувчи амалдорлар олдидаги ҳуқуқсизлигини даъвогарларга, жавобгарларга ва судланувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан тўлдиради. Айни чоқда, муаллиф судьяларнинг қарорига шикоят келтиришга ваколати бор прокурорларга лаганбардорлик қилиши, ҳукмларни бошлиқлар билан олдиндан келишиб олиши ҳақида ҳам баҳс этади.

Муаллифга кўра, Ўзбекистонда амалдаги судларга қўшимча равишда янги, интеллектуал мулк масалаларига ихтисослашган судларни ҳамда тергов судьялари институтини шакллантириш, ҳарбий судларни тугатиб, улар кўриб чиқадиган ишларни жиноий, фуқаролик ва ихтисослашган судлар орасида тақсимлаш зарур.

Шунингдек, жиноий жараённинг асосий салбий атрибути – суд залидаги қафаслардан халос бўлиш муҳим.

“Биринчи қафас совет серияли қотили Чикатилонинг иши кўриб чиқилаётганида жабрланувчилар уни ўзбошимчалик билан жазолашига йўл қўймаслик учун қўлланган эди. Қафас – айби ҳали исботланмаган судланувчига нисбатан салбий муносабатни келтириб чиқарадиган айбсизлик презумпциясига тўғридан-тўғри зид нарса”, деб ёзади А.Акмалов.

Муаллифнинг таъкидича, суд ҳокимиятида мавжуд муаммолар ҳал қилинмаса, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятига умид қилмаса ҳам бўлади.

Жамоатчилик ЮНЕСКО рўйхатига кириши кутилаётган Мингўрик ёдгорлигига зарар етишидан хавотирда

Маданият вазирлиги Тошкент шаҳар ИИББни қонун талабини бажармасдан, Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид равишда қурилиш ишларини олиб боришда айблади (www.kun.uz, 5 май).

Маданий мерос департаменти бўлим бошлиғи Алишер Ёрқуловга кўра, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан комиссиянинг тегишли хулосаси олинмасдан пойтахтнинг Моштабиб кўчаси 31-уй манзилида жойлашган Мингўрик шаҳристони ёдгорлиги ёнида қурилиш бошланган.

Қайд этилишича, VIII-IX асрларга тааллуқли ёдгорлик ЮНЕСКОнинг тарихий обидалар рўйхатига киритилиши учун номзод қилиб рўйхатга олинган. Aгар тегишли тартиб-қоидалар асосида қурилиш ишлари олиб борилмаса, бу рўйхатдан тушириб қолдирилиши мумкин.

“Тарихий объект яқинида қурилиш ишларини олиб боришнинг ўзига хос тартиб-тамойиллари бор. Мингўрик шаҳристони – тарихий шаҳар қолдиқлари жойлашган ҳудуд. Объектдан энг камида 50 метр масофада қурилиш ишлари олиб борилмаслиги керак”, деган Маданий мерос департаменти вакили.

Мингўрик яқинида жойлашган уйларда яшовчи аҳоли ҳам қурилиш туфайли ёдгорликка зарар етишидан хавотир билдирган. Улар қурилиш техникаси таъсирида юзага келадиган тебраниш қадимий ёдгорликка жиддий шикаст етказиши мумкин деган фикрда.

Ушбу эътирозлар ортидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Маънавият ва маърифат маркази биноси қурилиш ишлари тўхтатилганини маълум қилган.

Бундан бир неча йил аввал ҳам олимлар қадимий ёдгорликда ёриқлар пайдо бўлгани юзасидан хавотир билдирган эди.

XS
SM
MD
LG