Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:39

OzodDayjest: Муштумзўр ҳокимларни тийиб турувчи тизим яратиш талаб қилинди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон мактабларида кетма-кет учинчи йил дарсликлар етишмаслиги кузатилмоқда. “Ўзи хон, кўланкаси майдон” – ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш вақти аллақачон келгани айтилди. Коррупцияни йўқотиш учун ўлим жазосини қайтариш керакми? Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


Ўзбекистон мактабларида яна дарсликлар етишмаслиги кузатилмоқда

Ўзбекистон мактабларида кетма-кет учинчи йил дарсликлар етишмаслиги кузатилмоқда (“Ишонч” газетаси, 16 ноябрь). Ноябрь ойи ўтиб бормоқда, аммо айрим мактабларга дарслик ва ўқув қўлланмалари ҳали ҳам етиб келмаган.

“Фарзандим Учкўприк туманидаги мактаблардан бирида, 7-синфда ўқийди. Бу йил уларга 12-13 та фан ўқитилар экан. Мактаб шу фанлардан 6 тасининг дарслигини зўрға топиб берди, қолганлари йўқ. Шундай ҳолатни Қува, Тошлоқ, Данғара тумани ва Фарғона шаҳрида яшаётган ота-оналардан ҳам эшитдим. Бу аҳволда фарзандим каби китобсиз ўқиётган болаларнинг келажаги нима бўлади? Дарсликсиз ўтган ҳар бир кунни ортга қайтариб бўлмайди. Бу – болалар келажагига хиёнат-ку!” дейди ота-оналардан бири.

Қайд этилишича, 2017-2019 йиллар давомида давлат бюджети ва мақсадли китоб жамғармаси маблағларидан 307 миллиард сўм эвазига 98 миллион нусхада дарслик чоп этилган.

“Бу – озмунча маблағ эмас. Шу сабаб ижтимоий тармоқларда дарсликларнинг тез-тез янгиланиши “бюджет маблағларини совуриш” сифатида кўрсатилмоқда. Шундай экан, дарсликларни чоп этиш даврийлиги орасидаги муддатни бироз чўзиш, 1-синф дарсликларини ҳар йили чоп этиш масаласи ҳам кўриб чиқилса, айни муддао бўларди”, деб ёзади “Ишонч” газетаси.

Айни шу масалани кўтариб чиққан “Рост24” нашрига кўра, қишлоқдаги ўқувчилар учун электрон дискли дарсликлар ҳам муаммо бўлмоқда.

“Биз тараққиёт асрида яшаяпмиз, аммо Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги кўпгина оилаларда компьютер йўқ ва электр тармоғи ҳам тез-тез панд бериб туради”, деб ёзади нашр.

Халқ таълими вазирлиги дарслик етишмовчилигини миллий ўқув дастурларининг янгиланиши билан изоҳлаган.

“Ўзи хон, кўланкаси майдон” – ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш вақти аллақачон келгани айтилди

Ўзбекистонда раҳбарларнинг фуқарони сўкиши ёки қўл кўтаришига оид ҳолатлар янгилик бўлмай қолди (“Маҳалла” газетаси, 13 ноябрь).

Яқинда Андижон шаҳри ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ва фуқаро ўртасидаги телефон суҳбати тарқалди. Суҳбат давомида ҳоким фуқарони ҳақорат қилган.

“Ҳозирча реал Ўзбекистонда ҳоким деганда, энг сўконғич шахслар тушунилади. Жойлардаги халқнинг куни шуларга қолгани эса жуда ачинарли. Бора-бора дунё ҳамжамияти бундай зўравон ва қўпол бошқарув услубини “Ўзбекча менежмент” дея атай бошлашмаса бўлгани”, деб ёзади газета.

Қайд этилишича, ҳозирга қадар сўконғичлиги ёки муштумзўрлиги фош бўлган бирорта ҳокимнинг қатъий жавобгарликка тортилгани йўқ.

“Аслида, ҳоким ким? Халқнинг пулидан ойлик олиб, халққа хизмат қилиши керак бўлган хизматчими ёки фақат Президентга хизмат қилишга бел боғлаб, халқни писанд қилмайдиган ва ўз ҳудудида мутлақ ваколатга эга бўлиб (қонунан эмас, оғзаки), ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган шаҳаншоҳми? Нега давлатнинг бирдан-бир манбаи бўлган халқ ҳокимтўралардан қуйи ўринда туриши керак?” дея савол қўяди нашр.

Газета қонунларга тупуриб қўйган амалдорларга қарши курашиш учун уларни тийиб турувчи мустаҳкам тизим зарурлигини таъкидлайди.

“Яхши раҳбар бўлишни ҳамма истайди, аммо раҳбарнинг яхши бўлиши учун уни халқ тергаб туришини таъминлайдиган тизим йўқ. Ким ҳокимликка келса ҳам, шунақа ҳолат бўлаверади. Бизга яхши ҳокимлар керак эмас, бизга исталган раҳбарни тийиб турадиган тизим керак. Бу беш йилдан буён айтилаётган, бироқ ҳали амалга оширилмаган ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш вақти аллақачон келганидан далолат”, деб хулоса қилади “Маҳалла” газетаси.

Коррупцияни йўқотиш учун ўлим жазосини қайтариш керакми? Адлия вазири муносабат билдирди

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов коррупцияга қарши курашиш борасида айнан қандай чора-тадбирларни кўриш кераклиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди (www.gazeta.uz, 15 ноябрь).

Унинг фикрича, коррупция – Ўзбекистон ривожига тўғаноқ бўлаётган энг катта хавфлардан бири. Коррупцияни кескин камайтиришнинг биргина чораси эса бу – комплекс ёндашувдир.

Русланбек Давлетов бирёқлама ёндашув, жумладан, фақат жазони оғирлаштириш, хусусан, ўлим жазосини жорий қилиш ёки фақат диний таълимни кучайтириш билан иш битмайди, деган фикрда.

“Бир ғояни киритатуриб, коррупцияни шу билан енгамиз дегани, бу – янглиш фикр. Масалан, кўплар тўғридан-тўғри ўлим жазосини киритиш керак, дейди. Биринчидан, ўлим жазосини киритган билан коррупция ўзидан-ўзи йўқолиб кетмайди. Transparency International ташкилотининг коррупция бўйича рейтингида ҳам энг юқори натижага эришган давлатларнинг биронтасида ўлим жазоси йўқ”, дейди Р. Давлетов.

Қайд этилишича, гап жазонинг катта-кичиклигида эмас, балки муқаррарлигида.

Адлия вазирига кўра, муаммони ҳал этиш йўлида агрессив кадр сиёсатини юритиш ҳамда мамлакат ривожига миллий маданиятдаги қайсидир жиҳат тўсқинлик қилса, ундан воз кечиш керак.

“ФҲДЁ ҳокимият тизимидан Давлат хизматлари агентлигига ўтгандан кейин аттестация ўтказдик. Кечирасиз-у, катта-катта ҳудудларда 50 фоиз ходимлар аттестациядан ўтмади... Бундай компетенцияга, билимга эга бўлмаган ходимлардан воз кечиш жуда тўғри нарса. Чунки улардан сизга кўпроқ зарар келади. Халқни хафа қилади, менсимайди, гаплашмайди, ёнига чиқиб масаласини ҳал қилмайди, қабул қилмайди. Бундан ходимларни ушлаб ўтириш нимага керак? Ундан кўра, вакант тургани яхши. Агрессив кадр сиёсати дегани мана шу бўлади”, деди адлия идораси раҳбари.

XS
SM
MD
LG