Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:37

OzodDayjest: Тарихчи олим ўзбек тилининг ривожланишдан тўхтаб қолганини иддао қилди


Тошкент ҳокимлиги ўтказган кўп миллиард сўмли тендерда Ортиқхўжаевга алоқадор ширкат ғолиб деб топилди. Мутахассис глобаллашган дунёда ўзбек тили замон талабларига мос бўлиши зарурлигидан баҳс этди. Боласини меҳрибонлик уйига топшираётганларни оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш таклиф этилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тендерида “Akfa Engineering”нинг собиқ раҳбарига тегишли компания ғалаба қозонди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Яккасарой туманидаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биносини реконструкция қилиб, атрофини ободонлаштириш учун 35,5 млрд сўмли тендер эълон қилган. Тендерда “Discovery Invest” (Power Construction Planet) компанияси ғалаба қозонган (www.gazeta.uz, 13 октябрь).

Бу компаниянинг асосий таъсисчиси – “Akfa Engineering Management” компаниясининг собиқ директори Исмоил Исроиловдир. “Discover Invest”нинг 67 фоиз улуши Исмоил Исроилов, 33 фоизи эса компания раҳбари ҳисобланган Абдурасул Зоҳидовга тегишли.

И. Исроилов “Kolorpak” босмахонасида (36,7 фоиз) ва Zo‘r TV телерадиоканалида (50 фоиз) улушларга эга. 2020 йил январида А.Зоҳидов “Discover Invest” компанияси директори сифатида “Дўстлик” ордени билан тақдирланган (у Tashkent City ва Ашхобод боғлари, Конгресс маркази бўлган “Hilton” меҳмонхонаси, “Imzo”, “Artel” заводлари, “Akfa Medline” ва бошқа иншоотларни қурган).

Интеллектуал мулк агентлигига кўра, “Discover Invest” савдо белгиси “Power Construction Planet” компаниясига тегишли бўлиб, белгини рўйхатдан ўтказиш учун ариза ягона таъсисчиси Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлган “J-United Group” томонидан берилган.

Аввалроқ маҳаллий матбуот Тошкент шаҳридаги давлат бюджети маблағи ҳисобидан молиялаштириладиган бир қанча лойиҳалар “Discovery Invest”га тендерсиз бериб юборилгани хақида хабар берганди.

Мутахассис ўзбек тилининг инглиз ва рус тилларига қарамлигини камайтириш йўлини айтди

Сўнгги уч-тўрт йил ичида ўзбек тилини ривожлантириш ва обрўсини кўтариш, давлат тилида иш юритиш учун қонунлар қабул қилинди, қўмиталар ва марказлар тузилди, лекин эзгу ишлар кутилгандек натижалар бераётгани йўқ, деб ҳисоблайди Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти докторанти, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Алимжонов (“Ишонч” газетаси, 12 октябрь).

“Негаки биз қонунлар ва қонуности ҳужжатларни қабул қилаётганда ва турли марказлар тузаётганда бугун дунёда мавжуд бўлган тил ҳолати ва сўнгги илмий технологиялардан фойдаланаётганимиз ҳам, уларни ҳисобга олаётганимиз ҳам йўқ”, деган олим.

Бугунги глобаллашган дунёда ўзбек тили замон талабларига мос бўлиши зарур. Аммо у охирги ўн йилликларда ривожланишдан тўхтаб қолди.

“Мен бунинг бир қанча сабаблари бор, деб ўйлайман. Назаримда, ҳозирги ўзбек тили “ёпиқ” системага айланиб қолганга ўхшайди. Биз ҳозир тилни шева ва лаҳжалар билан тўйинтиряпмиз, холос”, деган Б. Алимжонов.

Қайд этилишича, тил ривожи хорижий сўзлар ва атамаларни илмий, адабий мушоҳада қилиб, “ҳазм” қилиш даражасига боғлиқ. Аммо охирги илмий адабиётлардаги атамалар умуман ўзбек тилига таржима қилинмади. Бу эса ўзбек ижтимоий-гуманитар соҳаси дунё фанидан анча орқада эканидан далолат беради.

Мутахассисга кўра, ўзбек тили ривожланиши учун миллий адабиёт, кино, санъат, фан мутаносиб равнақ топмоғи лозим. Ана шунда рус ва инглиз тилига қарамлик ҳам камаяди.

“Ўйлайманки, тил сиёсати борасида олимларимиз ва ҳукуматимиз олдида катта ишлар турибди. Президентнинг тил борасидаги ташаббуси назарияда ва амалиётда қўлланса, янги авлод олимлари, санъаткорлари, шоиру ёзувчилари, журналистлари жонбозлик кўрсатишса, молиялаштириш кўпайтирилса, албатта, марра бизники бўлади”, деган тарих фанлари номзоди Б. Алимжонов.

Ўзбекистонда боласини меҳрибонлик уйига топшириш ҳолатлари кўпаяётганидан хавотир изҳор қилинди

Меҳрибонлик уйи ўзбек халқи ота-боболардан мерос эмас, аммо кейинги пайтларда меҳрибонлик уйлари камайиш ўрнига кўпайяпти (“Инсон ва қонун” газетаси, 12 октябрь).

“Оиласи бузилгач, боласини меҳрибонлик уйига топшириб қўйиб, ўзидан сохта жабрдийда ясаб олган тошбағир оналар кўпаймоқда. Боламни боқишга қурбим етмаяпти, бошпанам йўқ, болам билан отамникига сиғмаяпман деб, маҳалладан ҳужжат тўғрилаб, яккаю ёлғиз боласини меҳрибонлик уйига топшираётган оналарни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак, деган бўлардим. Чунки Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб кўрсатилган. Ота-оналар бу мажбуриятни бажармасликка ўрганса, келажакнинг аҳволи нима кечади?” деб ёзган муаллиф.

Ўзбекистонда ҳар 100 минг боланинг 255 нафари интернатларда яшайди. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўпдир. Ота-она қарамоғисиз қолганларнинг асосий қисми 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалардир. Лекин сўнгги йилларда ота-она қарамоғисиз қолган икки ёшгача бўлган болалар сони ошиб бормоқда. Мақолада бу ҳолат хавотирли экани айтилган.

“Авваллари момоларимиз камида ўнтадан фарзанд кўрган. На газ, на сув бўлган, бугунги имкониятларнинг юздан бири ҳам бўлмаган, аммо боламни боқишга қийналаяпман, у етмаяпти, бу етмаяпти деб остона ҳатлаб кўчага чиқиб достон қилмаган, болалар уйига топширишни-ку хаёлига ҳам келтирмаган, бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ор ҳисобланган”, деб ёзган “Инсон ва қонун” нашри.

XS
SM
MD
LG