Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:30

OzodDayjest: Ўзбекистон парламенти тиланчилар сони ортганидан хавотир билдирди


Асакада UzAuto Motors ширкати ходимлари акцияси ортидан Меҳнат кодексининг янги лойиҳасидан иш ташлашга доир модда олиб ташланди. Сенат ИИВдан тиланчиларга қарши чора кўришни сўради. Прокурор суд-тиббий экспертиза ходимини қасддан қаматишда айбланмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Меҳнат кодексининг янги лойиҳасидан иш ташлашга доир модда олиб ташланди

Жорий йил 6 март куни Асакада UzAuto Motors компаниясининг айрим ходимлари иш ҳақи камлигидан норозиликларини ифодалаш мақсадида жамоавий иш ташлаш ўтказди. Ушбу воқеа ортидан қонунчиликдаги бўшлиқлардан бири кўзга ташланди (www.kun.uz, 10 март)

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси қабул қилинганига 25 йилдан ошган бўлса-да, ривожланган демократик давлатларда ходимларнинг узвий ҳуқуқи ҳисобланадиган иш ташлаш масаласи миллий қонунчиликка киритилиши хушланмайдиган масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Қайд этилишича, Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Туркманистон ўз меҳнат қонунчилигига иш ташлашга оид нормаларни киритишдан, эҳтимолки, қўрқиб келади.

Айни кунларда Ўзбекистонда меҳнат кодексининг янги таҳрири устида иш олиб борилмоқда. Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжоновнинг маълум қилишича, кодекс лойиҳасининг 2019 йилда ишлаб чиқилган 636 моддадан иборат вариантида “иш ташлаш” тушунчасининг таърифи, уни ташкил этиш тартиби батафсил баён қилинган. Бироқ лойиҳанинг бугунги вариантида иш ташлаш тартибига оид моддалар олиб ташланган.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддасида тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Жиноят кодексида тақиқланган иш ташлаш тушунчаси тилга олинган экан, демак, иш ташлашнинг тақиқланмаган (қонуний) кўриниши ҳам бўлиши керак эмасми?” деб ёзади Kun.uz нашри.

Ҳуқуқшунос Аббос Салайдиновга кўра, Ўзбекистоннинг расман қўшилганига 25 йил бўлган “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактнинг 8-моддасига кўра, ушбу ҳужжатда қатнашувчи давлатлар иш ташлаш ҳуқуқини таъминлаш мажбуриятини олади.

Cенат ИИВга тиланчилар масаласини ҳал этишни топширди

Олий Мажлис сенати мамлакат ҳудудлари, хусусан, Тошкентда тиланчилар сони кўпайиб кетганини қайд этиб, Ички ишлар вазирлигидан бу борада зарур чора-тадбирлар кўришни сўради (www.daryo.uz, 7 март)

Сенаторларга кўра, аҳоли гавжум кўча, хиёбон, бозорлар, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ҳамда чорраҳаларда тиланчилик қилиб келаётган шахслар кўп учрамоқда.

“Бу ўз навбатида, тиланчи шахслар томонидан фуқароларнинг юришига қўймай, автомобиль йўлларида эса транспорт воситалари ҳаракатланишига хавф туғдириб қатъий туриб садақа сўраши кишининг таъбини хира қилиши табиий. Бундай нохуш ҳолатлар аҳоли кайфиятига салбий таъсир этиб, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда” дейилади Сенат хабарида.

Қонунчиликда тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласи белгиланган бўлса-да, ушбу норма ҳаётда қатъий ишламаётир.

ИИВнинг билдиришича, жорий йил январь ва февраль ойининг 20 кунлик даврида тиланчилик билан шуғулланиб юрган 131 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, уларга нисбатан 8 миллион сўмга яқин жарима, бир кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг январида Ўзбекистонда тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонун кучга кирди. Унга мувофиқ, жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб тиланчилик билан шуғулланиш маъмурий жазога тортилади. Ушбу ҳаракат маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.

Суд-тиббий экспертиза вакили: Прокурорнинг шахсий хусумати туфайли “зона”да ўтириб чиқдим

Тошкент вилояти Янгийўл ва Бўка туманлараро суд-тиббий экспертиза бўлинмалари мудири лавозимида фаолият юритган Шоира Сулаймонова 12 йилдан буён адолат учун курашмоқда (“Ўзбекистон овози”, 10 март). Гап шундаки, у 2010 йилда Жиноят кодексининг қатор моддаларида айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 2008-2009 йиллар оралиғида Янгийўл шаҳри прокурорининг ўринбосари Фаррух Боқиев Ш.Сулаймонова ва у билан бирга ишлайдиган суд-тиббий экспертларга тазйиқ ўтказган. Оқибатда икки ўртада шахсий келишмовчилик келиб чиққан. Прокурорнинг собиқ ўринбосари ўзига бўйсунувчи ИИБ ходимларидан туҳматдан иборат кўрсатмалар ёздириб олган ва Ш.Сулаймоновага нисбатан асоссиз равишда жиноят иши очган. Аёл прокурорнинг шахсий адовати туфайли 3 йил “зона”да ўтириб чиққан. Собиқ мудира мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ўлим ҳолатлари бўйича нотўғри хулоса бериш ва пора талаб қилишда айбланган.

Олий суд раёсати қарорига кўра, Ш.Сулаймонованинг иши 2020 йил 2 ноябрда ЖИБ Тошкент вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатида кўриб чиқилган. Суд мажлисида гувоҳ сифатида сўроқ қилинганларнинг аксари шаҳар прокурори собиқ ўринбосари Фаррух Боқиев тазйиқ ўтказганини тасдиқлаган. Аммо суд Сулаймонованинг айбсизлигини исботловчи далилларни инобатга олмай, ажрим чиқарган.

Қайд этилишича, Ш.Сулаймонова фарзандлари ва яқинлари олдида юзи ёруғ бўлишини жуда-жуда хоҳлайди.

XS
SM
MD
LG