Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:00

OzodDayjest: Қозоғистонлик экологлар Ўзбекистонда АЭС қурилса, чиқинди хавфи пайдо бўлишидан хавотирда


Ногиронлиги бор шахсларга етарли эътибор берилмаётгани эътироз уйғотмоқда. Қозоғистоннинг Тараз шаҳри турғунлари Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилишига нисбатан норозилик билдиряпти. Жиззахда рўй берган қотиллик 11 йил ўтиб фош қилинди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

780 минг киши тақдири. Ногиронлиги бор шахсларга доир кечиктириб бўлмайдиган вазифалар очиқланди

Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларга доир қабул қилинган қонун, қарор ва фармонлар ижроси мутасадди ташкилотлар томонидан тўлиқ бажарилмаяпти (“Ўзбекистон овози” газетаси, 29 сентябрь).

“Мамлакатимизда 780 минг нафар ногиронлиги бор инсон рўйхатга олинган. Шулардан 350 минг нафари ишга лаёқатли. Аммо жамиятимизда уларнинг эҳтиёжлари ва муаммоларига эътиборни кучайтириш зарур бўлган кўпдан-кўп масалалар бор. Шунчаки бор эмас, йиллар давомида пайсалга солиб келинаётган, ҳукуматнинг назаридан четда қолиб кетаётган камчиликлар кўп, амалда қўлланмайдиган ҳуқуқлар бисёр”, деб ёзган газета.

Янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунда илк марта инклюзив таълим тушунчаси киритилган, уни ташкил этиш механизми белгиланган бўлишига қарамай, ҳанузгача бундай тартиб ишлаб чиқилмаган. Мактабга қатнай олмайдиган имконияти чекланган болаларнинг уй шароитида ўқитилиши ҳам сифатли ташкил этилмаяпти.

Олий таълим муассасаларини ногиронлиги бор шахсларга мослаштириш ҳам кечиктириб бўлмайдиган масала бўлиб қолмоқда.

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга кўра, барча давлат муассаса ва ташкилотлари ногиронлиги бор бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма, транспорт, алоқа воситалари ва ахборотдан фойдаланишда тенг имкониятларни таъминлаши керак.

“Эшитиш қобилияти чекланган талабалар учун маърузалар вақтида имо-ишора тилида таржима билан таъминлаш учун қулайликларнинг мавжуд эмаслигида. Тасаввур қилинг, кар ва заиф эшитувчи талабалар сурдо таржимасиз дарсларни қандай ўзлаштиради? Кўриш қобилияти чекланган талаба ўқитувчи доскада нима ёзаётганини кўрмаса, унда дарсда нимани ўрганади?” деб ёзган газета.

Ўзбекистонда шу йил 7 июнь куни “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун имзоланган.

Қозоғистонликлар Ўзбекистонда қурилиши кутилаётган АЭСнинг хавфсиз бўлмаслиги мумкинлигидан ташвишланмоқда

Қозоғистоннинг Тараз шаҳри аҳолиси Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилишига қарши чиқмоқда (www.qalampir.uz, 25 сентябрь). Маҳаллий аҳоли кенг кўламли ва хавфли лойиҳани қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қуриш керак, деб ҳисоблайди.

“Чернобиль фожиасини эсланг, қанча одам ногирон бўлиб қолди. Мен уларнинг кўпчилиги билан танишман. Бу нима учун керак? Мен бунга қаршиман”, дейди маҳаллий аҳоли вакили.

Қозоғистонлик экологлар атом электр станцияси икки давлат чегараси яқинида қурилса, чиқиндилар хавф туғдиришидан огоҳлантирган. Уларнинг фикрича, АЭС қурилишида фақат иқтисодий омиллар ҳисобга олиниб, табиатни ҳимоя қилиш эътибордан четда қоляпти.

“Биз учун бу фойдали ва қиммат бўлмаган электр ҳисобланади. Лекин ижтимоий вазиятни ҳам унутмаслигимиз керак. Қаерда корхона қурилмасин, атом электр станциясининг радиоактив чиқиндилари сув, ҳаво ва ҳатто қум орқали бизга зарар келтиради”, деган экологлардан бири.

Бошқа мутахассислар эса ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаяпти.

“Илм-фан ривожланмоқда, олимлар экотизимни яхшилашга уринмоқда. Экология бутун дунё учун муаммо. Ўйлайманки, олимлар АЭСни қандай қилиб хавфсиз қилиш йўлларини пухта ўйлаган”, деган эксперт Сауранбек Жамалбеков.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистонда Россия лойиҳаси бўйича атом электр станциясини қуриш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланган. Лойиҳа ССЭР-1200 русумдаги реакторларга эга иккита энергоблок қурилишини ўз ичига олади. 2018 йили президент Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистондаги илк АЭС қурилишига старт берган.

АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йил охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. Қурилиши 11 миллиард долларга баҳоланган лойиҳа қурилиши 2020 йилда бошланиши айтилган бўлса-да, айни пайтда бу иш кечикмоқда. Томонлар битим шартлари борасида тил топиша олмаётгани айтилмоқда.

Жиззах: эрининг муттасил калтаклашидан безор бўлган аёл уни ўлдирди

Жиззах вилояти Бахмал тумани Оқтош маҳалласида рўй берган қотиллик орадан 11 йил ўтиб фош этилди (“Ҳуқуқ” газетаси, 2021 йил 36-сон). Бу ҳақда вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Шербек Исанов маълум қилган.

Рустам ва Раъно 1994 йилда оила қурган. Қўйбоқарлик ортидан рўзғор тебратган Рустам Зуҳуров кўп ароқ ичиб, арзимаган сабаблар билан аёлини аёвсиз калтаклаб келган, эр-хотинлик муносабатларида ҳам хоҳишига қарши зўрлик ишлатган. Уч фарзандли бўлганларидан кейин ҳам эрнинг зулми давом этган. Муттасил азоблардан безор бўлган аёл 2009 йил маст ҳолда ухлаб ётган эрини пичоқлаб ўлдириб, унинг жасадини ҳовлига кўмиб юборган. Қариндош-уруғ ва қўни-қўшнига эри қўй боққани Қозоғистонга кетганини айтган. Раъно Зуҳурова бу орада ҳовлини сотиб, бошқа жойга кўчиб кетган.

11 йил ўтиб, ҳовлининг янги эгаси ҳожатхона қуриш учун ер ковлаганида кутилмаганда жасад чиқади. Шу тариқа қотиллик юзага чиқади. Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бахмал тумани судининг очиқ мажлисида кўриб чиқилди. Суд ҳайъати Р. Зуҳуровага жазо тайинлашда унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлиги, унинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноятни жабрланувчининг ғайриқонуний ва ахлоққа зид ҳаракатлари оқибатида содир этгани, уч фарзанди ёлғиз ўзининг қарамоғида эканини инобатга олди ва судланувчини саккиз йилга озодликдан маҳрум этди.

“Бир аёл ўз уйида шунча кўргиликка чидаб, зиндонбанд яшаса-ю, наҳот унга ҳеч ким эътибор бермаса? Бу оила ва аёллар масалалари билан шуғулланадиган ваколатли орган ходимларининг бепарволигими ёки масъулиятсизлигими?” деб савол қўйган Жиззах вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Шербек Исанов.

XS
SM
MD
LG