Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:56

Тожикистонлик расмий: "Исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистон ҳудудида эмас"


Маҳмуд Худойбердиев. Озодлик архивидан
Маҳмуд Худойбердиев. Озодлик архивидан

Жанубий Тожикистондаги Хатлон вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи “шу кунда исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистон ҳудудида эмас,” деб баёнот берди.

Полковник Маҳмуд Худойбердиев 1998 йилда Тожикистон шимолида давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган, бироқ ҳукумат кучлари томонидан тор-мор қилинганди.

25 июль куни Бохтар шаҳрида матбуот анжумани ўтказган Хатлон вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Искандар Солеҳзода бугунги кунда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳал бўлмаган бирон муаммо қолмагани ва полковник Маҳмуд Худойбердиев масаласи ҳам мавжуд эмаслигини билдирди.

- Полковник Худойбердиев Ўзбекистон ҳудудини тарк этган. Ҳозир унинг қаерда экани маълум эмас. Баъзи норасмий манбаларга кўра, полковник Худойбердиев Туркияда яшамоқда. Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг жиддий уринишлари ортидан Тожикистонга мавжуд таҳдидлар бартараф бўлди, - деди Искандар Солеҳзода.

Унинг қўшимча қилишича, оператив маълумотларга қараганда исёнчи полковник Худойбердиев Ислом Каримов вафот этгач, Ўзбекистондан чиқиб кетган.

Охирги йилларда Тожикистон расмийлари Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистон ҳудудидан бошпана топганини иддао қилиб келишаётганди.

Бироқ расмий Тошкент исёнчи полковникнинг Ўзбекистонда эканини ҳали бирор марта ҳам тасдиқламаган ва ё инкор ҳам қилмаган.

2011 йили июлида Тожикистон собиқ ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг Тожикистонга ҳужум қилиш эҳтимоли борасида огоҳлантирганди.

- Маҳмуднинг Тожикистонга ҳужуми эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки у бир марта бу ишни қилди. 2011 йил бошида Сўғд вилоятида айнан Маҳмуднинг тарафдорлари учта портлаш уюштирмоқчи бўлганди. Аммо биз бу портлашларнинг олдини ололдик. Шу ҳолатларни назарга олган ҳолда, куч тизимлари, жумладан, милициямиз шай ҳолатга келтирилган, хусусан, Ўзбекистон билан чегарадош Сўғд вилоятида, - деган эди Абдураҳим Қаҳҳоров.

Искандар Солеҳзода полковник Худойбердиев масаласида гапирган Тожикистоннинг илк юқори мартабали мулозимидир.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура Озодликнинг бу борадаги саволига фақат “полковник Худойбердиевга нисбатан қидирув эълон қилинган, аммо унинг қаердалиги маълум эмас” деган жавобни олганди.

Айни дамда, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши раиси Абдураҳим Қаҳҳоров 25 июль куни Озодлик билан суҳбатда полковник Маҳмуд Худойбердиев оғир жиноятларга қўл ургани ва унга нисбатан тергов ишлари давом этаётганини билдирди.

“Бундай оғир жиноятлар учун даъво муддати чекланмаган. Ҳокимиятни ағдаришга уриниш, терроризм ва одам ўлдириш каби оғир жиноятларга нисбатан афв қўлланмайди. Полковник Худойбердиев содир этган жиноятлар ҳам вақт ўтиши билан афв бўлмайди,”- деди Абдураҳим Қаҳҳоров.

Ўтган давр ичида Тожикистонда Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланган юздан ортиқ тожикистонлик турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Уларнинг бирортаси ҳозирга қадар эълон қилинган ўндан ортиқ амнистияга тушмади.

Полковник Маҳмуд Худойбердиев 1992-1997 йилларда Тожикистонда юз берган қонли фуқаролар уруши пайтида дала қўмондони сифатида ном чиқарган эди.

У 1997 йилда Тожикистонда ҳукумат ва мухолифат ўртасида имзоланган тинчлик битимини тан олмаганди.

Кўп ўтмай Имомали Раҳмон ҳукуматига қарши исён кўтарган полковник ўз тарафдорлари билан мамлакатдан сиқиб чиқарилди.

1998 йилнинг 3-4 ноябрь кунлари исёнчи полковник кучлари шимолий Тожикистондаги Хўжанд, Панжакент шаҳарлари ва Айний туманини ўз назорат остига олди.

Тожикистон ҳукумат кучлари томонидан тор-мор қилингандан сўнг, Худойбердиев гуруҳи Ўзбекистонда бошпана топилгани иддао қилинганди.

Тожикистон собиқ Бош прокурори Бобожон Бобохонов ўз идораси Маҳмуд Худойбердиевнинг экстрадициясини сўраб, бир неча марта Ўзбекистонга расмий мурожаат қилгани, аммо ҳеч қандай жавоб олинмаганини айтганди.

Тожикистондаги айрим мустақил таҳлилчилар фикрича, 2000 йиллар бошидан собиқ президент Ислом Каримов вафотигача Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг ўнгланмаганига қисман Маҳмуд Худойбердиевнинг Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юргани сабаб бӯлган.

XS
SM
MD
LG