Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Раматовнинг "Темир йўллари” экспортчиларни синдирди. Прокуратура томонларни муросага чақирди


2018 йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири ва Бош прокурори раислигида ўтказилган махсус йиғилишда мамлакат экспортерлари муаммолари¸ хусусан¸ Афғонистонга буғдой ва ун экспорт қилиш учун белгиланган тарифларнинг қарийб уч бараварга оширилиши муҳокама қилинган эди.

Озодликка aйтилишича¸”Ўзбекистон темир йўллари”нинг тарифларни ошириши 250 дан ошиқ хусусий тегирмон тўхтаб¸ минглаб одамнинг ишсиз қолиши ¸ Ўзбекистонга келаëтган экспорт тушумларининг қисқаришига олиб келган.

Ҳукумат йиғилишининг 2 июль куни расмийлаштирилган баëнида (расмий протокол нусхаси Озодликда мавжуд – таҳр.) Бош прокуратура ва “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига биргаликда тарифларни ошириш сабабларини ўрганиб чиқиш топширилган эди.

Бош прокуратуранинг 15 август куни Озодликка тақдим этилган баëнотида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига экспортерлар билан “ўзаро манфаатли ечим топиш” тавсия қилинган.

Аммо тарифларни бир томонлама оширишга қарор қилган “Ўзбекистон темир йўллари” раҳбарияти ўз ҳаракати сабабларини на ундан зарар кўраëтган хусусий бизнес эгаларига ва на жамоатчилик ва матбуотга изоҳлади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси позицияси

Давлатга қарашли “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти 28 май куни темир йўл орқали ташиладиган дон ва ун маҳсулотлари, хусусан, Афғонистонга экспорт ва реэкспорт қилинадиган айни маҳсулотлар учун тарифларни қарийб уч бараварга оширди.

Янги тарифлар жорий этилгани ҳақида бир неча кун ўтиб хабар топган экспорт ва реэкспортчилар “Ўзбекистон темир йўллари”нинг бу қарори устидан Вазирлар Маҳкамаси¸ президент портали ва Бош прокуратурага шикоят қилишга киришди (Озодликда давлат тизимларига юборилган шундай шикоятлардан ўндан ошиғининг нусхаси бор – таҳр.).

26 июнь кунги ҳукумат йиғилишида Бош вазир Абдулла Арипов¸ мажлисда бевосита қатнашган тадбиркорларнинг Озодликка билдиришича¸ Бош прокуратурадан икки ҳафта ичида ўз 1-ўринбосари Очилбой Раматов бу қарорининг қанчалик асосли эканини ўрганиб¸ ўз хулосасини беришни сўраган.

Бош прокуратуранинг Бош вазир ва бошқа ҳукумат идораларига бу сўров бўйича қандай расмий хулоса бергани Озодликка маълум эмас.

Айни пайтда¸ Бош прокуратура матбуот хизмати 15 август куни Озодликка бу масаладаги ўз хулосаси мазмунини баëн қилди.

Бош прокуратура мазкур масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Бизнинг фикримизча, бизнес давлат имтиёзларига эмас, бозор иқтисодиёти муносабатларига асосланиши керак. Албатта, Бош прокуратуранинг мазкур масала юзасидан позицияси “Ўзбекистон темир йўллари” учун мажбурий эмас. “Ўзбекистон темир йўллари” мустақил хўжалик субъекти. Мазкур масалани ҳал этишда буғдой ва ун экспортёрлари билан биргаликда ҳар томонлама ўзаро манфаатли ечимга келиш мақсадга мувофиқдир»¸ дейилади Бош прокуратуранинг Озодликка берган ëзма баëнотида.

Тадбиркорлар шикоятлари¸ қолаверса Бош прокуратуранинг бу тавсияси юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари»дан муносабат олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

15-17 август кунлари Озодлик “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг на бу қарорга алоқадор мутассадилари¸ на ширкат матбуот хизмати билан боғлана олди.

Озодликнинг бу қарорга шарҳ беришни сўраб¸ 29 июнь куни ширкат раиси қабулхонаси берган nn@uzrailway.uz электрон почтасига юборган саволларига ҳозирга қадар жавоб берилмади.

“Ўзбекистон темир йўллари” тарифларни оширгани ортидан 90 фоиздан кўпроқ хусусий тегирмон тўхтади”

Бу маълумотни Озодликка Ўзбекистон Тегирмончилар ассоциациясига алоқадор мулозим берди.

(Озодлик билан июнь ойидаги суҳбатда бошқа бир мулозим мамлакатда 371 та хусусий ун тегирмони борлигини айтган эди.)

Ўзбекистон буғдойи фақат давлат тегирмонларига берилади. Хусусий тегирмонлар¸ асосан¸ Қозоғистондан буғдой олиб келиб¸ уни ун қилиб¸ қадоқлаб¸ Афғонистонга сотаëтган эди. Ўтган йил октябрида Афғонистонга буғдой ва реэкспорт қилиш бошланиб¸ баҳорга келиб¸ ишламай ëтган эски тегирмонлар ҳам ишга тушиб¸ бу бизнес ривожлана бошлаган эди. 28 май кунги қарор уларнинг деярли ҳаммасини синдирди”¸ дейди Тегирмончилар ассоциациясига алоқадор мулозим.

Синган реэкспортëр ҳикояси

17 август куни Озодлик Афғонистонга буғдой реэкспорт билан шуғулланиб келган ва “Ўзбекистон темир йўллари” тарифларни оширгани ортидан синган буғдой реэкспортчиларидан бири билан суҳбатлашди.

Сариоғочдан вагонларда буғдой олиб келиб¸ уларни қопларга солиб¸ Ҳайратон орқали Афғонистонга сотар эдим. Қўлимда 50 одам ишларди¸ ҳар ой валюта ҳисобимга ўртача 100 минг доллардан кўп пул тушарди¸ солиқларни тўлардим. Бутун бизнес қонуний¸ очиқ¸ давлат ва одамларга фойдали эди. “Темир йўллари”нинг битта қарори билан банкрот бўлдим. 28 майгача бир вагон буғдой учун 5 миллион 700 сўм тўлаган бўлсам¸ 29 майдан буни 17 миллионга чиқаришди. Афғонлар билан шартномага кўра¸буғдойни Қозоғистондан Ўзбекистонга олиб келиш ва Афғонистон ҳудудига киргунга қадар ҳамма тўловларни мен тўлашим керак эди. 28 майгача бир тонна буғдойни ташиш 24 доллар бўлган бўлса¸ энди бу 50 доллардан ошди. Афғон шеригим¸ бу кўтармайди деб¸ келишувни бекор қилди. Ҳозир ишсиз ўтирибман”¸ дейди президент портали ва Бош прокуратурага шикоят қилган тадбиркор.

Ўзбекистонда ҳамма ютқизди – “Темир йўллари”нинг ўзи ҳам...

Озодлик суҳбатлашган Қозоғистон буғдойини Афғонистонга реэкспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар “Ўзбекистон темир йўллари”нинг тарифларни оширганини президент Мирзиëев тарғиб қилаëтган иқтисодий сиëсатга зид деб баҳолади.

Президент экспорт қил¸ доллар олиб кел¸ дейди. Давлатга қарашли ширкат эса давлат раҳбари сиëсатига қарши иш қилиб¸ экспортчини касод қилаяпти¸ минглаб одамни ишсиз қолдираяпти¸ давлат тушумини камайтираяпти. Бу фақат бизни эмас¸ “Темир йўллари”нинг ўзига ҳам зиëн келтираяпти. Тариф ошганча¸ кунига 10 та вагон сўрасам¸ зўрға иккита тегарди. Ҳозир хоҳласанг 10 ол дейди¸ вагонлари бўш ëтипти¸ ундан фойдаланадиган йўқ. Станциялари планини бажаролмай¸ бизга ялинаяпти бир нарса қилинглар деб. Биз порталга чиқдик¸ аммо шикоятимиз яна “Ўзбекистон темир йўллари”нинг ўзига тушаяпти”¸ дейди тадбиркор.

Ютган Туркманистон бўлди

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича¸ тарифлар қимматлаб¸ Ўзбекистон орқали келаëтган Қозоғистон буғдойи ва ундан қилинган ун таннархи қимматлаб кетиши ортидан Афғонистон ширкатлари бу маҳсулотларни Туркманистон орқали арзонга олиб ўтиш йўлини топган.

Бу вазият Афганистонга юк ташишни камида 50 фоизга камайтирди. Ўзбекистон орқали транзит кескин камайса¸ Турманистон орқали кўпайди. Туркманистондан Афғонистонга транзит йўли битта бўлган бўлса¸ бу гапдан кейин яна биттаси очилди. “Ўзбекистон темир йўллари”ни бизнес ва бозорни тушунадиган одамлар бошқарганда эди¸ кейинги ойлар ичида 1 миллион тоннадан ошиқ юк Ўзбекистонни қўйиб¸ Туркманистон орқали ўтмас эди. “Темир йўллари” хизмат кўрсатувчи ширкат – хизматини қанча арзонлатса¸ шунча клиенти кўпаяди. Ҳам ўзига¸ ҳам бошқаларга яхши бўлади. Булар тескари ишни қилаяпти ва арава-вагонлари бўш ëтипти. Ҳам ўзига¸ ҳам бошқаларга зиëн”¸ дейди Ўзбекистондаги логистика соҳаси мулозимларидан бири.

XS
SM
MD
LG