Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Талабалар пахтадан шошилинч равишда қайтарилмоқда


Ўзбекистондаги барча билим юртларининг пахтага жалб қилинган талабалари ва ўқитувчилари 22 сентябр куни шошилинч равишда ортга қайтарилди. Бир кун аввал Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини 22 сентябрь, соат 17:00 га қадар ортга қайтариш бўйича топшириқ бергани тўғрисида kun.uz сайти ўзининг “ишончли манбасига” таяниб хабар қилган эди.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Олий ва махсус таълим вазирлигининг мулозими ҳамда бир қатор олий ўқув юртларининг ректор ёрдамчилари 22 сентябр куни бош вазирнинг буйруғи асосида талабалар пахтадан қайтариб бўлинганини тасдиқлади.

– Кутилмаганда бизга бу ҳақда буйруқ бўлди. Бугун ҳамма талаба ва ўқитувчимиз пахтадан қайтиб келди. Душанба кунидан ўқиш, - деди Жиззах Политехника институти ректорининг ёрдамчиси.

Бу хабарни бир қатор университетларнинг талабалари ҳам тасидиқлашди.

- Бизни институт ҳаммаси шаҳарга қайтяпти, душанбадан ўқиш, - деди Тошкент Аграр университетининг иккинчи курс талабаси Толиб.

Ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчилар ҳам ушбу хабар тўғрилиги ҳақида ёзишди.

- Мени ўғлим қайтиб келяпти. Гулистон Давлат университетида ўқийди. Душанба кунидан ўқишга деб айтишибди, - деб ёзди Facebook тармоғининг Аббос Рўзиев исмли фойдаланувчиси.

21 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ярим тунда видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ва унда 22 сентябрь соат 17:00га қадар пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилганлиги ҳақида хабар ҳукумат нашрлари хабар қилганди.

Бундай буйруқ кўпчилик олий ўқув юртлари учун кутилмаган хол бўлган.

- Қўққисдан бизга пахта тамом, ҳамма уйига, душанба кунидан ўқиш деб эълон қилишганида ҳеч ким ишонмади. Чунки ўзи ўтган ҳафтадан пахтага чиқаришганди. Қайтаяпмиз, лекин кўпчилик ҳозир бу ҳам кўзбўямачилик бўлса керак, деб ўйлаяпти. Чунки, энди пахтани кўнгилли фидоий ёшлар отрядлари теради деяпти. Фидоий ёшлар ҳам талабаларку, - дейди Жиззах Политехника институтининг исми сир қолиши шарти билан гапирган талабаси.

Фермер хўжаликларида етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олиш учун аниқ белгиланган чора-дастурлар ва концепция асосида аҳоли ва "Фидойи ёшлар отрядлари" жалб қилиниши айтилган.

Озодлик радиоси 17 сентябрь куни Ўзбекистон бўйлаб Ёшлар Иттифоқи ташаббуси билан 575 та "Фидоий ёшлар" отряди тузилгани ҳақида хабар берган эди.

​Расмий маълумотларда "Фидойи ёшлар" отрядларига жами 51 минг 138 та "уюшмаган ёшлар" қамраб олингани, уларнинг сони кун сайин ортиб бораётгани хабар қилинган.

kun.uz сайти хабарида талабаларни пахтадан қайтариш сабаблари тўғрисида айтилмаган.

Айни пайтда Озодликка жойлардан келаётган баъзи хабарлардан талабаларнинг пахтадан қайтарилиши сабабларини тахмин қилиш мумкин.

Навоий вилоятидан келган хабарни айнан келтирамиз:

“Салом, мен Навоий шахридан ёзаяпман. Биз талабаларни душанба куни (Навоий пединститути) пахтага олиб кетганди. Бугун бизни уйга олиб келишди кайтариб. Сабаби Европаданми - қаердандир текшириш келибди. Шунга Горний институтни кеча олиб кетганди бугун уларни хам кайтаришди. Шунақа қўрқишиб яшириб пахта тердирар экан, кимга зарур пахтага талабаларни яширинча чикариб?!” деб ёзди талаба.

Ўзбекистонлик яна бир талаба эса кутилмаганда пахтадан қайтаётганини мамлакат президентининг АҚШга ташрифи билан боғлайди.

-Бу буйруқ президент Мирзиёев АҚШдан қайтиб келиши билан бериляпти. Афтидан АҚШда унга босим бўлган, мажбурий меҳнатни йўқ қилиш кўндаланг қўйилган ва тўсатдан мана шунақа бўляпти, - дейди Андижон давлат университетининг 3 -курс талабаси.

Пахтага жалб этилган талабалар ва бюджет ходимларининг сони ҳақида расмий маълумот йўқ.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳар йили 1 миллион аҳолининг мажбуран пахтага чиқарилишини айтадилар.

XS
SM
MD
LG