Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Кореяда қизларга соатига $50ли иш таклиф этилган ўзбекча эълонлар пайдо бўлди


“Қизларга иш, Сеул, караокеда, соатига 50 минг вон” деган эълон ва остига телефон номер ёзилган зажигалкалар Сеул, Инчеон, Ансан шаҳарларида ўзбек мухожирлари орасида қўлма-қўл бўлган.
“Қизларга иш, Сеул, караокеда, соатига 50 минг вон” деган эълон ва остига телефон номер ёзилган зажигалкалар Сеул, Инчеон, Ансан шаҳарларида ўзбек мухожирлари орасида қўлма-қўл бўлган.

Жанубий Кореяда пластик зажигалкаларда караоке ва тунги барларда қизларга соатига 50 долларлик иш таклиф этилган ўзбекча эълонлар пайдо бўлди.

Озодликнинг аниқлашича, “Қизларга иш, Сеул, караокеда, соатига 50 минг вон” деган эълон ва остига телефон номери ёзилган зажигалкалар Сеул, Инчеон, Ансан шаҳарларида ўзбек мухожирлари орасида тарқатилган.

Кореяда яшовчи ўзбекистонликлар зажигалкаларни фирибгарлар қизларни фоҳишаликка илинтириш учун бепул тарқатаётганини тахмин қилмоқда.

Сеул шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик аёл Озодлик билан суҳбатда зажигалкадаги эълонга учиб, фирибгарлар тузоғига илинишига сал қолганини айтди.

- Ўзбек қизларини караоке деб лаққа тушириб, фоҳишаликка илинитиршяпти. Мен ҳам зажигалкадаги номерга телефон қилдим. "Келинг" дейишди, "эркаклар билан караокеда қўшиқ айтасиз, соатига 50 доллар" дейишди. Бордим, ҳеч қанақа караоке эмас, притон. Ўзимизникилар экан, ўзбекистонлик шаллақи "мама роза"лар экан. Булар ўзбек қизларини алдов билан фоҳишаликка илинтиришяпти, - деди исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик аёл.

Озодлик мухбири Жанубий Кореяда тарқалган зажигалкалардаги эълонда ёзилган номерга телефон қилди.

Телефон гўшагини кўтарган аёл русча аралаш ўзбек тилида “Бизда эркакларга иш йўқ, фақат аёлларга, соатига 50 минг вон олади", - деб жавоб қилди.

Суҳбатдош, шунингдек, эълон қизларни фоҳишаликка ёллаш мақсадида тарқатилмаганини айтди.

"Ишга олинган қизлар корейс эркаклари билан караокеда қўшиқ айтади, холос. Бу проституция эмас. Биз қизларни эркаклар билан жинсий алоқага киришишлари учун ёллаётганимиз йўқ”, деди исмини айтмаган ўзбекистонлик аёл.

Лекин, аёл Озодлик билан суҳбатда уларнинг тунги клуби ёки караокеси Сеул шаҳрининг қайси манзилида эканини айтмади.

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик Баҳром Ўзбекистондан иш излаб келган қизлар фирибгарларнинг алдов ваъдаларига учиб фоҳишага айланиб қолаётганидан ташвиш билдиради.

- Тунги клубларда юришибди. Бизда Итион деган жой бор. Ўша ерга борсангиз¸ Ўзбекистонда юрганлар мана шу ерда юрибди. Қатортол (Тошкентдаги фоҳишалар кўп бўлиши айтиладиган мавзе - таҳр.) мана шу Итионда. Сеулнинг Қатортоли деймиз. Мана шунақа олди-қочди эълонларга учиб фоҳишаликка кириб қолганини ўзлари билмай қолади. "Олдин корейс эркаклар билан караокеда қўшиқ айтасан", дейди. Кейин, секин-секин танфурушлик бошланади. Қаëққа қараманг, ўзбек қизлари. Мен уларга айтмоқчиман, ёлғон эълонларга учманг. Кореяда дурустроқ меҳнат қилиб ҳам пул топса бўлади, - дейди Баҳром.

Жанубий Корея Миграция хизмати маълумотига кўра, 50 миллиондан ортиқ аҳолисига эга мамлакатда 2 миллиондан ортиқ хорижлик яшайди.

Шулардан 50 мингдан ортиғи ўзбекистонликлардир.

Умумий сони буйича ўзбекистонликлар Кореяда Хитой, Вьетнам, АҚШ, Таиланд ва Филлипиндан кейин 6-ўринда туради.

Лекин, Кореяда ноқонуний яшаб келаётганлар ҳам ҳисобланса, ўзбекистонликлар сони расмий ҳисоботда келтирилган рақамлардан икки баравар кўп бўлиши эҳтимоли мавжуд.

Озодлик суҳбатлашган Кореядаги бошқа ўзбеклар ҳам ўз ихтиëри билан ватанга қайтмаслиги¸ Ўзбекистонда ишсиз қолиб¸ оиласининг иқтисодий келажагини савол остида қолдиргандан кўра¸ ноқонуний миграцияга қарши кураш ва жазо чоралари кучайганига қарамай¸ Кореяда нолегал мақомда бўлса ҳам ишлаб¸ пул йиғишда давом этажакларини билдирдилар.

XS
SM
MD
LG